Линклар

Ироқ уруши тимсоллари: Фотограф Намир Нур-Элдин ва жанг майдони сирлари


Ироқ - видео тасвирдан кўчириб олинган бу расмда 2007 йилнинг 12 июл куни АҚШнинг Apache вертолёти Бағдод маҳаллаларидан бирида ироқликларни ўққа тутаётгани акс этган.

Ироқ - видео тасвирдан кўчириб олинган бу расмда 2007 йилнинг 12 июл куни АҚШнинг Apache вертолёти Бағдод маҳаллаларидан бирида ироқликларни ўққа тутаётгани акс этган.

2003 йилнинг 19 мартида АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Ироқ истилосини бошлаган эди. Бу сана 10 йиллиги муносабати билан Ироқ уруши тимсолларига айланган баъзи воқеалар тарихига назар ташлаймиз.


Рейтерс агентлиги суратчиси Намир Нур-Элдин 2007 йилнинг 12 июл куни Бағдоддаги жанг майдонларидан бирини расмга тушураётган пайтда, бу воқеалар махфий ахборотларнинг ошкор қилиниши билан боғлиқ жанжалга айланиб кетишини хаёлга ҳам келтирмаган.

Пентагон яширишга қаттиқ ҳаракат қилган бу ахборот унинг ўлимига оид бўлишини ҳам фототасвирчи тасаввур қилмаган.

Нур-Элдин ва унинг ҳайдовчиси Саид Шмағ АҚШнинг Apache жанговар вертолёти ҳужумида ҳалок бўлган 10 нафар ироқлик орасида бўлган. Ўшанда Америка ҳарбийлари жанггариларга тегишли, деб ўққа тутган микроавтобус ичида бўлган икки бола ҳам жароҳатланган эди.

АҚШ ҳарбийларининг мазкур ҳодисани хаспўшлаш уринишлари WikiLeaks ташкилотининг назарга тушишига туртки бўлган эди.

Рейтерс агентлиги фотографи Намир Нур-Элдин.

Рейтерс агентлиги фотографи Намир Нур-Элдин.

Рейтерс агентлиги ва бошқа матбуот воситалари икки йил давомида Пентагондан Нур-Элдиннинг ўлдирилиши билан боғлиқ маълумотларни очиқлашни талаб қилиши натижа бермади. АҚШ Мудофаа вазирлиги бунга оид маълумотлар махфийлаштирилганини айтиб, бу талабларни қондирмади.

Махфийлаштирилган маълумотлар Нур-Элдин ва бошқа ироқликларнинг Apache вертолётидан ўққа тутилиши тасвирланган видео ва америкалик ҳарбийларнинг рация орқали суҳбатларидан иборат эди.

WikiLeaks ташкилоти кейинчалик эълон қилган бу видео тасвирларни АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манбадан олганини айтган эди.

“Шерикликдаги қотиллик”

WikiLeaks ташкилоти 2010 йилнинг 5 апрел куни эълон қилган бу видео тасвирларни “Шерикликдаги қотиллик”, дея атади.

Жамоатчилик диққатини тортган бу воқеа WikiLeaks гуруҳининг халқаро майдонда сенсацион материал билан илк бор пайдо бўлиши эди.

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж ўшанда Озодликка берган интервьюсида махфий маълумотларни тақдим қилаётганлар шахси сир тутлишини айтган эди.

“Биз ўз манбаларимизга, биринчидан, уларни ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёримиздаги барча техник ва ҳуқуқий имкониятларни ишга солишни ваъда қиламиз. Иккинчидан, улар бизга тақдим қилаётган маълумотларнинг таъсири иложи борича катта бўлишини ваъда қиламиз”, деган эди Ассанж 2010 йилдаги суҳбат чоғида.

Бироқ шунга қарамасдан, охир-оқибат Пентагон махфий ҳужжатларни WikiLeaks гуруҳига тақдим қилаётган шахсни аниқлади. Ҳарбий разведка таҳлилчиси сержант Брэдли Мэннинг дарҳол ҳибсга олиниб, “душманга кўмаклашганлик”да айбланди.

“Хунга ташналик”

Маълумотлар олиш эркинлигини ҳимоя қилувчи фаоллар бу айбловларни келгусида махфий ҳужжатларни ошкор қилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан қўрқитув воситаси деб кўради.

Матбуот эркинлиги жамғармаси жорий ойда Мэннинг ҳарбий трибуналда берган кўрсатмаларига оид аудио ёзувни эълон қилди. Мэннинг махфийлаштирилган видеони ошкор қилишига вертолёт экипажи ўртасидаги суҳбат ҳамда иккинчи ҳужум пайтида қуролсиз кишилар ўққа тутилганидан даҳшатга тушгани сабаб бўлганини айтади.

Брэдли Мэннинг вертолётдаги ҳужумчи гуруҳнинг "хунга ташналигидан" даҳшатга тушганини айтади.

Брэдли Мэннинг вертолётдаги ҳужумчи гуруҳнинг "хунга ташналигидан" даҳшатга тушганини айтади.

“Мен учун бу воқеалар сабаби аниқ эди. Вертолётдаги ҳарбийлар гуруҳи Рейтерс мухбирларини потенциал таҳдид, деб хато қилгани ва микроавтобусдаги одамлар шунчаки ярадорларга ёрдам беришга урингани бунга сабаб бўлган. Микроавтобусдаги одамлар таҳдид бўлмаган, улар ярадорларга биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган холос”, дея ўз ҳаракатларини тушунтирди Мэннинг.

Лекин дея давом этади сержант Брэдли Мэннинг “видео тасвирнинг энг даҳшатли жиҳати вертолётдаги ҳужумчи гуруҳнинг хунга ташналигидир. Улар ҳужум қилаётган одамларга инсон сифатида қарамайди, уларни “харомилар”, деб атайди ва кўпчиликни ўлдира олганларидан бир-бирини табриклайди”.

Мэннинг вертолётдаги аскаралар ўртасидаги суҳбатни “чумолиларни қийнаётган болалар”га қиёслайди.

Ҳарбий трибунал Брэдли Мэннинг ишини шу йилнинг июн ойида кўра бошлайди.

Виртуал тутқун

WikiLeaks гуруҳи АҚШ ҳукуматига доир махфий ҳужжатлар ва дипломатик ёзишмаларни ошкор қилишда давом этди. 2010 йилнинг июлида “Афғон уруши кундалиги” сарлавҳаси остида Афғонистондаги урушга доир 77 мингга яқин ҳужжат эълон қилинди.

Жулиан Ассанж икки йилдан бери Лондондаги Эквадор элчихонасида яшамоқда, элчихона эшигида эса уни Британия полицияси кутмоқда.

Жулиан Ассанж икки йилдан бери Лондондаги Эквадор элчихонасида яшамоқда, элчихона эшигида эса уни Британия полицияси кутмоқда.

2010 йилнинг октябрида эса “Ироқ уруши солномаси” сарлавҳаси билан 400 мингдан ортиқ ҳужжат хусусий матбуот агентликлари билан ҳамкорликда очиқланди.

2010 йилнинг ноябрида халқаро матубот ширкатлари билан биргаликда WikiLeaks гуруҳи АҚШ Давлат департаментига қарашли дипломатик каблограммаларни ошкор қила бошлади.

Бу пайтга келиб WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Швеция ҳукумати сўровига кўра, жинсий жиноятлар айби билан Англияда ҳибсга олинди. Унинг адвокатлари бу айбловлар Ассанжнинг WikiLeaks гуруҳидаги фаолияти билан боғлиқлиги ва уни Қўшма Штатларга экстрадиция қилиш ниятида илгари сурилганини таъкидлади.

Гаров пули эвазига озод қилинган Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонасига қочди ва бу мамлакат унга сиёсий қочқин мақомини берди. У икки йилдан бери Эквадор элчихонасида яшамоқда, элчихона эшигида эса уни Британия полицияси кутмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG