Линклар

Қибрис парламенти мамлакатни молиявий инқироздан қутқариш учун Қибрис банкларидаги депозитларга солиқ солиш ғоясини қўлламади.

Қибрисликлар орасида катта баҳсларга сабаб бўлган қонун лойиҳасига 56 депутатдан 36 таси қарши овоз берган,19 депутат бетараф қолган.

Банклардаги омонлатларга солиқ солмаслик қарорини парламент биноси олдига тўпланган юзлаб намойишчилар олқишлар билан кутиб олишди.

Аввалроқ Қибрис ҳукумати мамлакат банкларидаги омонатларга 7 фоиздан 10 фоизгача солиқ солиб, қарийб 6 миллиард евро миқдорида маблаҳ йиғиш ғоясини эълон қилган эди.

Янги солиқлар Қибрисни молиявий инқироздан қутқариш учун 10 миллиард евро қарз ваъда қилган Европа Иттифоқи тарафидан қўйилган талаблардан бири эди.

Омонатларга солиқ қўйиш ғояси нафақат қибрисликлар, балки мамлакатдаги оффшор ҳудуддан фойдаланиб келган бой чет элликлар, жумладан, россияликлар норозилигига ҳам сабаб бўлганди.

Қибрис ҳукумати энди молиявий жар ёқасида турган мамлакатни қутқаришнинг бошқа йўлларини излашга мажбур.
XS
SM
MD
LG