Линклар

logo-print

Жиззах ва Сирдарëда вилоятларида махсус индустрал зона ташкил қилиш борасида фармонни Ўзбекистон президенти 18 март куни имзолади.


Фармонда 30 йиллик муддатга барпо этилаëтган бу махсус индустриал зона солиқ ва бож имтиëзларига молик бўлиши ваъда қилинган.

Жиззах ва Сирдарëдаги индустриал зона Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил қилинаëтгани қайд этилган.

Бундан олдин Тошкент вилоятида “Ангрен” ва Навоий вилоятида “Навоий” махсус индустриал зонаси барпо этиш борасида фармонлар қабул қилинган эди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, ушбу зоналар хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Имтиëзлар ҳудуди

Ўзбекистон президенти фармонига кўра, “Жиззах” махсус индустриал зонаси қатнашчилари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.

Шу билан бирга, “Жиззах” МИЗ ҳудудига чет элдан олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари тўлашдан озод қилинади.

Имтиëзлар абадий эмас

Фармонда махсус индустрал зонада ишлаëтган сармоядорларга имтиëзлар улар киритган инвестиция ҳажмига қараб, 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилиши таъкидланади.

Масалан, 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача пул ëтқизган сармоядор 3 йил муддатга солиқ ва бож имтиëзига молик бўлади.

10 миллион АҚШ доллари ëтқизишга журъат топган сармоядор эса 7 йил мобайнида имтиëзлар пакетидан фойдаланиши мумкин.

Ҳокимга бўйсунмайдиган маъмурий кенгаш

Президент фармонига кўра, “Жиззах” махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгаш тарафидан бошқарилади.

Махсус индустриал зонанинг бирданига икки вилоят таркибида бўлиши Ўзбекистонда илк мартаба кузатилмоқда. Бундан олдинги Ангрен ва Навоий зоналари бир вилоят таркибида жойлашган эди.

Тошкент ва Навоий вилоят ҳокимлари бу зоналарни амалда ўз бошқарувининг узвий қисми, деб ҳаракат қилиб келишмоқда.

Айни пайтда “Жиззах” махсус индустриал зонаси бошқарувида вилоят ҳокимлари иштироки минумумга туширилган.

Фармонга мувофиқ, “Жиззах” махсус индустриал зонаси лойиҳалари ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланган.

Кузда саналмаган жўжалар

Ўзбекистонда махсус индустриал зоналар ташкил қилиш амалиëти тарихи 2008 йилга тақалади.

2008 йили Навоий вилоятида махсус индустриал зонаси барпо этиш бошланган эди. Аммо бир йил ўтмасдан бу ҳудудга ишлашга келган чет эллик ишчиларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар чиқа бошлади.

Бу муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хорижий фуқароларнинг “Навоий” индустриал зонасига кириб чиқиши ва ишлашини соддалаштирувчи қонун қабул қилишга мажбур бўлган.

“Навоий” индустриал зонаси очилаëтган пайтда ишлаб чиқарилиши иддао қилинган халқ истеъмоли товарлари ҳанузгача Ўзбекистондаги савдо пештахталарида пайдо бўлмади.
XS
SM
MD
LG