Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:27

Обама Исроилга илк расмий ташрифини бошлади


Тел Авив аэропортида АҚШ Президенти Барак Обамани Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу кутиб олди.
Тел Авив аэропортида АҚШ Президенти Барак Обамани Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу кутиб олди.

Уч кунлик ташрифи давомида АҚШ Президенти Барак Обама Исроил раҳбарияти билан Эроннинг ядровий таҳдиди, Исроил-Фаластин музокараларини қайта бошлаш каби масалаларни мухокама этади.



АҚШ президенти Барак Обама ўзининг Яқин Шарқ сафари доирасида чоршанба куни Исроилга ташриф буюрди.

Бу Обаманинг яҳудий давлатига АҚШ президенти сифатидаги илк ташрифидир.

Барак Обама сенатор бўлган даврида Исроилга кўп бора сафар қилган, лекин президент сифатида ташриф буюрмаган эди.

АҚШ президентининг Исроилга ташрифига "Unbreakable Alliance" - "Саботли Иттифоқ" код-номи берилган.

Бош вазир Бенямин Нетаньяҳу ҳамда президент Шимон Перес билан бўлажак музокараларда Обама Эроннинг ядровий таҳдиди, Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини қайта бошлаш, Суриядаги қуролли можаро ҳамда Мисрдаги вазиятни мухокама этишни режалаштирган.

Шунипнгдек, Обаманинг ўз ташрифи чоғида исроилликлар олдида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

АҚШнинг аввалги президентларидан фарқли ўлароқ, Барак Обама Исроил парламенти - Кнессетда эмас, балки Қуддуснинг асосий анжуманлар маркази бўлган "Биняней ха-Ума" саройида нутқ сўзлашни маъқул кўрган.

Таҳлилчилар фикрича, Обама Исроилга ташрифи чоғида исроилликлар ишончини қозонишга ҳаракат қилади.

Яқинда Исроилда ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови исроилликлар орасида Обаманинг обрўйи пасайгани, бу мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 10 фоизи АҚШ президенти ҳақида яхши фикрда эканини кўрсатди.

Яқин Шарққа сафари давомида АҚШ президенти Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашади. Шунингдек, Иорданияга сафар қилиб, Аммонда қирол Абдулло билан музокаралар ўтказади.

Айни пайтда фаластинликлар Обамани намойишлар билан қарши олди. Сешанба куни Рамаллоҳ ва Байтуллаҳмда тўпланган фаластинлик намойишчилар АҚШ президентининг суратларига пойафзал отишди.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг ташрифи Исроилда янги коалиция ҳукумати тузилиши ортидан амалга ошмоқда.

Ўтган ой Бенямин Нетаньяҳу коалицион ҳукуматини тузишга муваффақ бўлган ва у сўнгги 50 йил давомида учинчи марта Исроил бош вазири лавозимига сайланган илк сиёсатчи бўлади.
XS
SM
MD
LG