Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:56

Россияда муҳожирга шахсий рақам жорий қилиниши мумкин


Россия Давлат думаси меҳнат муҳожирлари солиқ тўлаши устидан назоратни кучайтирмоқчи.
Россия Давлат думаси меҳнат муҳожирлари солиқ тўлаши устидан назоратни кучайтирмоқчи.

Россия Давлат Думасида меҳнат муҳожирларини солиққа тортиш масаласи муҳокама этилади. Россия ҳукумати томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳасида мигрантларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) берилиши кўзда тутилган.



Россия ҳукумати “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”, деб номланган ва мунтазам ўзгариб бораётган Қонунга Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган хориж фуқароларини маҳаллий солиқ органларида қайдга олишнинг янги тартибини жорий қилувчи ўзгартишларни киритиш ниятида.

Қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига Россия Федерал миграция хизмати раҳбари ўринбосари Анатолий Кузнецов томонидан киритилди ва депутатлар муҳокамаси жараёнида уни шахсан тақдим этади, дейди Озодлик Радиосига Россия Давлат Думасининг Қўмиталар ва фракциялар ўртасидаги мувофиқлаштириш ишлари бўлими раҳбари Николай Алексеев.

- Бу лойиҳани Россия Федерацияси ҳукумати яқиндагина – 18 март куни киритди. Бугун у қўмита муҳокамасига юборилди. Қонун лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитасида депутат Плигин бошчилигида бўлиб ўтади. Ҳужжат рақамига кўра, бу қонун лойиҳаси на муҳим масалалар, на навбатдан ташқарилар қаторига киритилган. Билишимча, бу ойда у аниқ кўриб чиқилмайди Дума кенгашида, чунки аввал минтақавий қонунчилик кенгашларига муҳокамага юборилади ва жавоб кутилади. Демак, муҳожирларни солиқ қайдига олишнинг янги тартиби бўйича ўзгартишлар камида бир ойдан кейин қабул қилиниши мумкин,- дейди Озодликка Дума расмийси Николай Алексеев.

Николай Алексеев бу ҳужжат парламентнинг биринчи муҳокамасига шу йилнинг апрел ойи охирларига чиқарилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Давлат думаси аппарати Озодликка тақдим этган қонун лойиҳаси матнида ҳар бир хорижлик ишчига солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ёки русчасига ИНН (индвидуальный номер налогоплательщика) берилиши кўзда тутилган.

СТИР рақами ёрдамида ҳукумат Россия қонунчилигига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалган ошириши учун берилган патент асосида ишга ёлланган муҳожирларини солиққа тортиш тизими устидан назоратни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси ташаббусчиларига кўра, СТИР рақами нафақат патентнинг ўз вақтида узайтирилишини назорат қилиш, балки мамлакатда қонунан меҳнат қилаётган хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларни идентификациялаш имконини беради.

Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев имзоси билан муҳокамага киритилган қонун лойиҳасида россиялик иш берувчи 30 кун давомида қўл остида ишлаётган хорижлик мигрантлар тўғрисида Россия Федерал солиқ хизматига хабар бериши белгиланган.

Солиқчилар 3 кунлик муддат ичида ҳар бир меҳнат муҳожирига индивидуал солиқ рақамини тақдим этади ва бу ҳужжат унга Федерал миграция хизматининг маҳаллий бўлимларида ишга рухсатнома билан бирга топширилади.

Кейинчалик, солиқ тўловларига эга бўлмаган меҳнат муҳожирига ишчи визалар узайтирмаслиги тартиби ҳам киритилиши кўзда тутилган.

Кейинги пайтларда Россия ҳукумати ноқонуний муҳожирликнинг олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар ташаббуси билан чиқди. Меҳнат муҳожирлари учун рус тилидан мажбурий имтиҳонлар, дактилоскопия, қайдга олишнинг янги тартиблари, йирик шаҳарларда кўнгилли дружиначилар рейдлари, полиция ходимларига ҳужжат текширишдаги имтиёзлар каби айрим тадбирлар шулар жумласидандир.

Россия Федерал миграция хизмати келтирган маълумотларга биноан, бугунги кунда Россияда 3,3 миллион ноқонуний муҳожир яшаб келмоқда. Миграция статистикасида 900 мингдан зиёд қонунбузар муҳожир Ўзбекистон фуқароси экани қайд этилган.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллиондан ортиқни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG