Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:42

25 миллион дона кўчатнинг қанчаси кўкаради?


Умумхалқ ҳашарида ўтқазилган минглаб арчалар Ўзбекистон иссиқ иқлимига дош беролмай ва қаровсизликдан қуриб қолмоқда
Умумхалқ ҳашарида ўтқазилган минглаб арчалар Ўзбекистон иссиқ иқлимига дош беролмай ва қаровсизликдан қуриб қолмоқда

Ўзбекистонда "Мустақилликнинг 22 йиллигига ҳар кишидан 22 тадан кўчат ўтқазиш” тадбири давом этмоқда. Бироқ, ўзбекистонликлар ҳар йили ўтқазилаётган миллионлаб кўчатнинг асосий қисми қаровсизликдан қуриб кетаётганини айтмоқда.



Ўзбекистон ҳукумати расмий хабарига кўра, шаҳар ва вилоятларда ўтказилган умумхалқ ҳашари натижасида 25 миллион донадан ортиқ дарахт кўчатлари ўтқазилган.

Бу тадбир “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида ўтказилаётгани айтилади.

Озодлик тингловчиларига кўра, бу йил асосан манзарали дарахтлар кўчатини ўтқазишга кўпроқ эътибор бериляпти.



Наманган вилоятининг Поп туманида истиқомат қилувчи маҳалла фаолларидан бири Бахтиёр аканинг айтишича, ободонлаштириш тадбири натижасида туман марказига кўрк бағишлаб турган катта чинорлар таг туби билан кесилиб, уларнинг ўрнига арча кўчатлари ўтқазилган:

- Юз йиллик чинорлар инсон саломатлигига зарар дейилиб, қирқиб ташланди. Бугун ҳамма ёқ дашту биёбон бўлиб қолди. Уларнинг ўрнига арча кўчатлари ўтқазилди. Арча энди бу тоғ дарахти. Ёзда жазирама иссиқ бўладиган бизнинг шароитимизга арча нима қилиб бера оларди. Энди бу фақат меҳмонларни кўзига чиройли кўрсатиш учун қилиняпти шекилли, халқни ўйлайдиган раҳбар қолмади ўзи,- дейди Поп туманидаги маҳалла фаолларидан бири Бахтиёр ака.

Поп туманида манзарали дарахтлар экилаётган бўлса, мамлакат жанубидаги туманларда ташкилот раҳбарларидан “ҳар бир ишчи 22тадан дарахт кўчати ўтқазиши” талаб қилинмоқда.

Бу ҳақда гапирган Сурхандарё вилояти Жарқўрғон туманидаги корхоналардан бирининг раҳбарига кўра, ишчилар зиммасига кўчатларни ўзлари топиб, ўтқазиш мажбурияти юклатилган:

- Мустақилликнинг 22 йиллигига 22тадан кўчат ўтқазиш ташаббусини давом эттиряпмиз. Бу кўчатларни ҳеч ким бизга бергани йўқ. Бозорга бориб, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини сотиб оляпмиз, уларни ўтқазяпмиз. Кўчаларни тозалаяпмиз, ободонлаштириш ишларини олиб боряпмизда,- дейди исми сир қолишини сўраган жарқўрғонлик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда ҳар йили умумхалқ ҳашари билан ўн миллионлаб кўчат ўтқазилади. Бироқ кейинчалик бу кўчатларга қаров бўлмагани учун ҳам уларнинг асосий қисми қуриб қолади.

Навоийлик тадбиркор Наримон Абуллаев бу тадбирлар кампаниябозликдан бошқа нарса эмас дейди.

- Ҳар йили шундай ҳашарлар бўлади. Ўтган йили корхонамиз 200та кўчатга пул ўтқазиб берган эди. Бироқ бу кўчатлар узоқ яшамайди. Ура-ура қилиб экишадида, кейин ҳеч ким унга қайрилиб қарамайди. Мен ишонч билан айтаман, бу кўчатларнинг 95 фоизи қуриб кетади. Энг қизиғи шундаки, ҳар йили шунча кўчат экиш керак, деб буйруқ берган ҳокимлик ўтган йилги экилган кўчатлар тақдири билан қизиқмайди. Агар шу пайтгача экилган кўчатларга қаров бўлиб, кўкариб кетганда эди, Ўзбекистон кўчалари Россия ўрмонларидай бўлиб қолиши керак эди. Бироқ, афсуски, бу ҳайбаракаллачиликдан бошқа нарса эмас,- дейди тадбиркор Наримон Абдуллаев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:11 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG