Линклар

Қибрис бўҳрони оффшор мижозларини асабийлаштирмоқда


Шу кунларда Афинадаги Қибрис банкига тегишли банкоматдан пул чиқармоқчи бўлганлар¸ ана шундай раддия билан тўқнашмоқда.

Шу кунларда Афинадаги Қибрис банкига тегишли банкоматдан пул чиқармоқчи бўлганлар¸ ана шундай раддия билан тўқнашмоқда.

Евроҳудуднинг Қибрис иқтисодини банкротликдан қутқариш учун қўяëтган кескин талаблари ҳозирга қадар ўз пулини оффшор ҳудудларга бекитиб келган дунë пулдорларини жиддий хавотирга солиб қўйди. Евроҳудуддан қутқарув пакети олиш мақсадида Қибрис ҳукумати яқинда орол банкларига қўйилган пулларга 10 фоизга қадар солиқ солиши мумкин.

Қибрис ҳукуматининг евроҳудуддан молиявий ëрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан Европа Марказий банки оффшор ҳудуд саналмиш орол раҳбариятидан ўз банкларига қўйилган депозитларга солиқ солишни талаб қилмоқда.

Бу эса Қибрис¸ қолаверса¸ бошқа оффшор ҳудудларнинг ўз пулини солиқдан сақлашга ишқибоз дунë¸ хусусан¸ постсовет бойлари учун ортиқ хафвсиз жой бўлмай қолганидан берилган жиддий сигналдир.

Таклиф қилинаëтган келишувга кўра¸ агар Қибрис ҳукумати банк депозитларига қўйиладиган солиқ ҳисобидан 6 миллиард еврога яқин маблағ тўпласа¸ евроҳудуд давлатлари унга 10 миллард евролик ëрдам бериши мумкин.

Ана шу қутқарув пакетини олиш учун Қибрис ҳукумати мамлакат банкларига қўйилган пулларнинг 100 минг еврогача бўлганига қарийб 7 фоизлик¸ 100 минг евродан ошиғига эса¸ 10 фоизлик солиқ жорий қилиш режасини ишлаб чиқди ва яқин кунларда бу янги қонун тасдиқлаш учун парламент ихтиëрига тақдим этилади.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилчиси Ричард Веллинг¸ бундай ҳаракатдан нафақат Қибрис банкларига пул қўйган омонатчилар¸ балки ўзи каби иқтисодчилар ҳам ҳайратга тушганини яширмайди:

- Мен бу янгиликдан дастлаб анча ҳайрон қолдим. Чунки Қибрисда банк омонатлари суғуртаси мавжуд ва банкка қўйилган пуллар ҳукумат ҳимоясига олинган. Аммо кўринадики¸ бундай суғурта пуллар дахлсизлигидан кафолат эмас экан. Ҳозирги вазиятда Қибрис банкларига пул қўйган омонатчилар ҳам энди қутқарув пакети учун товон тўлашга мажбур қолишлари мумкин¸ дейди ғарблик таҳлилчи.

Айрим кузатувчиларга кўра¸ евроҳудуд Молия вазирларининг Қибрис ҳукуматига айнан шундай талаб қўйиши бежиз эмас. Зотан орол давлатчанинг бўҳронга тушиши учун асосий айбдорлик банклар зиммасида ва бундай талаб билан евроҳудуд асосий айбдорни ўз хатоси учун ҳақ тўлашга мажбур қилмоқчи.

Бундай шарт ортидаги сабаблардан бири Қибрис банкларининг кўпдан пул ювиш амалиëтлари учун макон бўлиб келаëтгани ҳамдир¸ деб қўшимча қилади Ричард Веллинг:

- Россиялик омонатчилар Қибрис банкларига ўнлаб миллиард евролик маблағ қўйган ва тахминларга кўра бу маблағларнинг аксари ўз жиноий пулларини Қибрисда ювиш билан шуғулланиб келаëтган рус мафиозларига тегишли. Шу боис евроҳудуддагилар¸ айниқса¸ германияликлар қутқарув жамғармасидан рус мафиясини қутқариш учун фойдаланишни истамаëтирлар¸ дейди лондонлик таҳлилчи.

Ўтган йил охирига бориб Қибрис банкларига қўйилган россияликлар пуллари 30 миллиард евродан ошган ва омонатчилар маблағига солинадиган янги солиқ¸ биринчи навбатда¸ улар манфаатига зарба бермай қолмайди.

Қибрисдаги Россия пулларининг аксари¸ хусусий шахсларга тегишлидир¸ дейди Москвадаги Алфа банк ходими Наталя Орлова Озодлик билан суҳбатда:

- Бу пуллар ҳукуматники эмас. Улар кичик ширкат эгалари бўлмиш хусусий шахсларга тааллуқли. Бу пулларнинг аксари Қибрис банкларига 90 ва 2000-йиллар оралиғида келиб ўрнашди. Ўшанда бошқа давлатларда очиқ ҳолдинглар ëки банк ҳисоблари очишни ўзига қиммат деб билган россиялик бизнес эгалари Қибрисни танлашган эди¸ дейди Орлова.

Ҳозирча евроҳудуд ва Қибрис ҳукумати ўртасидаги музокараларнинг қандай тугаши ва ҳукумат ишлаб чиққан омонатларга солиқ солиш режасининг парламент тасдиғидан ўтиш-ўтмаслиги маҳвум қолмоқда.

Аммо нафақат Қибрис банклари¸ балки бошқа оффшор ҳудудларда солиқдан бекитилган миллион ва миллиардлаб евролик пулларини бекитган постсовет¸ хусусан¸ ўзбек бойларининг бу жараëндан беҳаловат бўлиб¸ уйқуси ўчганини тасаввур қилиш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG