Линклар

Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари чоршанба куни уч мамлакатни ўзаро боғловчи темир йўл қуриш нияти тўғрисида меморандумни имзолади. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов қурилиш ёзда бошланишини билдирди.

400 километр узунликда қурилиши режаланган темир йўл Афғонистоннинг Акина –Андхой шаҳрини Туркманистоннинг Атамурат Яманназар ва Тожикистоннинг Панж шаҳарларини ўзаро боғлайди.

Меморандумда темир йўл қурилиши июл ойида Туркманистондан бошланиши белгиланган. Туркманистон, шунингдек, темир йўлнинг Афғонистондаги қисмини ҳам қуради.

Мазкур лойиҳа Афғонистонни минтақа давлатлари билан боғловчи иккинчи йўналишдаги темир йўл бўлади. 2011 йилда Афғонистонни Ўзбекистон билан боғловчи 75 километрлик темир йўл ишга туширилган эди.

Афғонистон ва Тожикистон президентлари Ашхабодда Наврўз байрамини ҳам нишонладилар.

Ҳар йили ўтказиладиган “Наврўз-тинчлик ва инсонпарварлик байрами” анжумани бу йил Ашхабодда ўтказилди. Мазкур тадбирда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмондан ташқари минтақа давлатларидан борган делегациялар иштирок этади.

2012 йилда мазкур анжуман Душанбеда ўтказилган эди. Унда Эрон, Афғонистон, Покистон президентлари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон давлат делегацияси иштирок этган.

2014 йилда мазкур анжуманнинг Кобулда ўтказилиши режаланган.
Тошкентда бу йил наврўз 19 март куни нишонланди. Тадбир ташкилотчиларига кўра, 21 март куни ёмғир ёғиши кутилаётгани муносабати билан байрамни икки кун эртароқ, яъни об-ҳаво очиқ бўлган куни нишонлашга қарор қилинган.
XS
SM
MD
LG