Линклар

Ўзбекистонда биометрик паспортлар учун маълумот йиғиш бўйича мобил станциялар иш бошлайди. Мазкур станциялар жисмоний имконияти чекланган кишиларга хизмат кўрсатади.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор оммавий ахборот воситалари Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Айтилишича, ногиронларга хизмат кўрсатадиган мобил станциялар биометрик паспорт учун зарур бўлган рақамли фотосурат ва бармоқ изларидан намуна олиш имконини берувчи мосламалар билан жиҳозланган.

Ўзбекистонда биометрик паспортларни жорий қилиш амалиёти мамлакат президентининг 2009 йил 23 июнида имзолаган фармони асосида амалга оширилмоқда. Фармонда биометрик паспортга ўтиш муддати 2015 йил охиригача якунланиши лозимлиги қайд этилган.

2011 йил бошидан Ўзбекистонда вазирлик, муассаса ходимлари, хорижга чиқадиган ва хорижда бўлган фуқаролар, шунингдек, 16 ёшга етган шахсларга биометрик паспорт берила бошлаган.

2012-2016 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда эса республика фуқароларининг ҳаммаси биопаспортларга эга бўлиши кўзда тутилган.

Эски нусхадаги паспорт эса 2015 йилнинг 31 декабригача яроқли бўлиб, ана шу муддатгача ўзбекистонликлар уни янги нусхадаги паспортга алмаштиришлари керак бўлади.

Ўзбек расмийларига кўра, биометрик паспортларнинг жорий этилиши Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти талабига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда бу каби ҳужжатлар, маълумотларга кўра, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида амал қилади. Биометрик паспортга ичида ҳужжат эгасига оид рақамли фотосурат, бармоқ излари нусхаси ва бошқа биометрик маълумотлар бўлган электрон чип жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (31 минг 460 сўм) миқдорида давлат солиғи тўлаши лозим.

Расмийлар иддаосича, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳар ички ишлар бўлинмаларида биометрик маълумотларни жамлаш бўйича тегишли жиҳозларга эга пунктлар очилган.

Айни пайтда Озодлик билан боғланган ўзбекистонликлар биометрик паспорт олиш билан муаммолардан шикоят қилмоқдалар. Уларга кўра, янги нусхадаги паспорт бериш бўйича пойтахт Тошкентда аҳвол бироз дуруст, бироқ вилоятлардаги фуқаролар биопаспортларини айтилган муддатда ололмаяптилар. Мавжуд тартибга кўра, фуқаронинг биометрик маълумотлари олинганидан сўнг у 10 кун ичида янги паспортни қўлига олиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG