Линклар

Ўжалон турк ҳукумати билан 30 йиллик можарода сулҳ эълон қилди


Абдуллоҳ Ўжалон қамоқдан туриб қиладиган баёноти 30 йиллик қуролли можарога якун ясаши мумкин.

Абдуллоҳ Ўжалон қамоқдан туриб қиладиган баёноти 30 йиллик қуролли можарога якун ясаши мумкин.

Курдистон ишчилар партияси (ПКК) етакчиси, 14 йилдан бери қамоқда ўтирган Абдуллоҳ Ўжалон Наврўз байрами муносабати билан, 21 март куни Туркия давлати билан сулҳ тузилишини эълон қилди.


Туркиядаги курдлар етакчиси Абдуллоҳ Ўжалон ўз издошларини Туркия билан 30 йиллик қуролли можарони тўхтатишга чақирди.

Тақиқланган Курд ишчилар партиясининг 14 йилдан бери қамоқда қолаётган етакчиси баёнотини, Диёрбакир шаҳридаги намойиш пайтида Туркия парламентининг курд вакили Сирри Сурайё Ўндер ўқиб эшиттирди.

- Қуролли кучларимиз Туркия сарҳадларини тарк этиши лозим бўлган фурсат келди. Бу интиҳо эмас, бу янги даврнинг бошланиши, дея ўқиб эшиттирди Ўжалон баёнотини Ўндер.

Курд жанггариларини зўравонликларни тўхтатиб, Туркия ҳудудини тарк этишга чақирган Ўжалон баёнотида Туркияда демократик жараёнлар бошланиши учун “эшик очилмоқда”, дейилади жумладан.

Баёнот 200 мингга яқин одам қатнашган намойишда, курдлар билан турк расмийлари ўртасида бир неча ой давом этган музокаралардан кейин ўқиб эшиттирилди.

Курдлар етакчиси Абдуллоҳ Ўжалон қамоқдан туриб қилган "тарихий баёноти"да Туркия давлатини можарони ҳал қилишда “фурсатни бой бермасдан”, тезроқ ҳал қилишга кўмаклашишга ҳам чақирди.

Ўтган ҳафта, ПКК сулҳ эълон қилиниши нияти рамзи ўлароқ, икки йилдан бери шимолий Ироқда асирликда бўлган саккиз нафар туркни озод қилган эди.

Курд можаросини тадқиқ қилувчи тарихчи олим Маҳсут Яган Британиянинг Guardian газетасига берган интервьюсида “сулҳнинг эълон қилиниши можаро тарихидаги энг муҳим қадам”дир, дея таъкидлади. Унинг айтишича, бу ўтган ҳафта Ўжалон можарони ҳал қилиш бўйича илгари сурган “йўл харитаси” доирасида қўйилган илк қадамдир.

Ўжалон 1999 йилда Кенияда Туркия махсус кучлари томонидан қўлга олиниб, мамлакатга қайтарилган ва умрбод қамоққа ҳукм қилинган. 1984 йилда бошланган қуролли можарода шу пайтгача 40 мингдан ошиқ одам қурбон бўлган.

Ғарб матбуотига кўра, режанинг амалга кўчиши ўтган йилнинг октябрида бошланган тинчлик музокаралари учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Сулҳ келишувига кўра, ПКК жанггарилари Туркия ҳудудини тарк этиб, шимолий Ироққа ўтиши керак бўлади.

Туркия адлия вазири Саъдуллоҳ Эргин душанба куни турк матбуотига берган баёнотида сулҳ шартлари 2013 йил якунига қадар амалга ошишишга умид қилаётганини билдирди. ПКК вакиллари ўз етакчилари чақириғига кўнса, ташкилотнинг Туркияда жойлашган 3500 жанггариси август ойига қадар Ироққа ўтиши керак бўлади.

Ўжалон илгари сурган “йўл харитаси”да курдлар мустақил давлат ташкил этиш талабларидан воз кечишини билдириш баробарида Туркия ҳукуматидан курд халқининг барча маданий ҳуқуқларини кафолатловчи ва маҳаллий ҳокимият органларида кўпроқ ваколат берувчи конституциявий ўзгартишлар амалга оширилишини сўраган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG