Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:08

Жисмоний шахсларга чой хомашëсини олиб киришга изн берилди



Тошкентдаги чойфурушларнинг Озодликка хабар қилишича¸ март ойида Ўзбекистон ҳукумати 2005 йили ўзи қабул қилган тақиқни бекор қилган ва жисмоний шахсларнинг чой хомашëсини импорт қилишига рухсат этган. Ярим расмий ўзбек нашрлари ҳам бу қарор ҳақида ахборот тарқатди.


Ўзбекистон ҳукумати жисмоний шахсларга чой хомашëсини хориждан олиб келишга қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда чой бизнеси билан шуғулланадиган тошкентлик Равшан исмли тадбиркор Озодликка маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, март ойидан бошлаб жисмоний шахсларнинг чой барги олиб киришига нисбатан қўйилган тақиқ бекор бўлган.

Жисмоний шахсларнинг чой хомашëсини хориждан олиб кириши 2005 йил 1 январдан бошлаб тақиқлаб қўйилган эди.

Озодлик билан суҳбатда Равшанбек ўз тасарруфидаги ҳужжатга таяниб¸ Молия вазирлиги ва Божхона қўмитаси республика ҳудудига жисмоний шахслар тарафидан божсиз киритиладиган товарлар реестридан чой хомашëси деган жумла 1 мартдан бошлаб олиб ташланганини айтди.

Чой импорти билан шуғулланадиган ва исми айтилишини истамаган яна бир ўзбекистонлик тадбиркор ҳам жисмоний шахсларга чой хомашëсини олиб келишга жорий қилинган тақиқ бекор қилинганини тасдиқлади.

- Бугун байрам энди ҳужжатни ўзини эртага Божхона қўмитасидан олиб бераман. Аммо яхши бўлди шу тақиқ бекор бўлгани. Запрет ўзини оқламади. Бир-иккита тадбиркор олиб келган чойини переработка қила олмаганини сабаб қилиб тақиқлаб қўйишувди¸ дейди суҳбатдош.

Тошкентлик чой тадбиркори Равшанга кўра, жисмоний шахсларга чой хомашëсини олиб киришга изн берилиши кичик тадбиркорлар учун яхши имконият:

- Биз ноëб чойларни қадоқлаймиз. Масалан¸ каркаде (мадина гули) деган чой баргларини ўша мамлакатларга борадиган жисмоний шахслардан илтимос қилиб олдирамиз. Бир қоп¸ икки қоп. Чунки ноëб чой хомашëси улгуржи савдода ўзини оқламайди¸ дейди тошкентлик чойфуруш.

Чой хомашëси нима ? Ноаниқлик - коррупция учун имкон

Қуритилган чой барглари чой хомашëси ҳисобланади. Озодлик билан суҳбатлашган Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасининг собиқ ишчиси¸ нафақахўр Аслиддин ака Исаевга кўра¸ технологик жараëндан тўлиқ ўтмаган чой барглари ҳам ҳали хомашë ҳисобланади:

- Масалан, чой қадоқлангунга қадар 18 дан ошиқ технологик ишлов жараëнидан ўтади. Масалан¸ шулардан охирги иккитаси чой баргларини майдалаш ëки чойга гул ëки бошқа ўсимликлар кукунини қўшиш жараëни. 17 та жараëндан ўтган чой хомашëсини тайëр маҳсулот деса ҳам бўлади¸ дейди мутахассис.

Тошкентлик чойфуруш Равшанбек эса бу борадаги ноаниқлик боис божгирлар бойиганини айтади:

- Аслида тадбиркорлар тайëр қуруқ чойни хомашë деб қопларда олиб келиб Ўзбекистонда қадоқлашаяпти. Ҳозир юриб турган ҳолат бу. Энди қолгани божхоначига боғлиқ. У қопдаги нарсани маҳсулот дейдими¸ ëки хомашëми. Агар божхоначи сиз томон бўлса¸ тайëр чой ҳам хомашë деб расмийлаштирилади. Агар тўнини тескари кийса¸ чой баргини ҳам махсулот деб туриб олади. Ҳужжатда чой хомашëси нима эканлигига аниқлама йўқ¸ дейди Равшанбек.

Чойхўр миллат

Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра¸ бир кунда бутун Ўзбекистон бўйлаб 45 тонна қуруқ чой сотилади.

Бу чойнинг 10 тоннаси Ўзбекистонда етиштирилади¸ қолган 35 тоннаси эса ташқаридан келтирилади.

Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда бир йилда ўзбекистонлик бир одам 3 килога яқин қуруқ чойни дамлаб ичади.

Чой тадбиркорлиги билан шуғулланадиган Равшабекка кўра¸ Ўзбекистон дўконларида сотилаëтган қадоқланган чой 80 фоизининг устига "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" деган ëрлиқ ëпиштирилган:

- Бунга 2005 йилги тақиқ сабаб бўлди. Жисмоний шахсларнинг чой хомашëсини хориждан олиб кириши 2005 йил 1 январидан бошлаб тақиқлаб қўйилган эди. Бунинг устига ташқаридан пачкали чой олиб киришга 30 фоиз пошлина бор. Ўшани учун қуруқ чой ташқаридан олиб келинади ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чойга айлантирилади. Импортний чой местний қутига солинади. Шу билан муаммо ечилади. Тушундингизми¸ дейди Равшанбек.

Чой бозори харидоргир

Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра¸ мамлакатда 20 ширкат чой ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Расмий қайддан ўтган 70 ширкат эса бу чойни қадоқлаш ва савдогарларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Расмий маълумотга кўра¸ Ўзбекистон бозорларида 140 номдаги чой сотилмоқда¸ улардан фақат 15 фоизи хориж брэндидир.

Кўк чой бозори

Тошкентлик чой жаллоби Равшанбекнинг айтишича¸ ўзбек чойхўрлари асосан кўк чой илтимос қилишади:

- Масалан¸ бутун Ўзбекистон бўйлаб 100 қоп чой сотилса¸ ўшандан камида 60-70 қопи кўк чой бўлади¸ деб таъкидлаган суҳбатдошимиз¸ бу кўк чойнинг асосий қисми Хитойдан келтирилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларида ҳам Равшанбек айтган манзара акс этади.

Бу маълумотларга кўра¸ кўк чой Хитойдан¸ қадоқланган қора чой Ҳиндистон ва Араб Амирликларидан келтирилади.
XS
SM
MD
LG