Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:15

"Аэрофлот" Ўзбекистон учоқларига чеклов киритишни сўрамоқда



Россиянинг “Аэрофлот” ширкати Ўзбекистонда ҳамон миллий валюта – сўмда сотилган билетлардан йиғилган пулни конвертация қилиш ва Россияга ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаëтгани ҳақида расмий баëнот тарқатди.

“Аэрофлот” ширкати раҳбари муовини Шамил Курмашев бу юзадан Россия Ҳаво транспорти уюшмасига мурожаат қилиб, ширкатнинг молиявий фаолиятига тўсқинлик қилувчи Ўзбекистон ҳукуматининг “камситувчи” чораларидан ҳимоя қилишни сўради.

Бу ерда гап россиялик авиаташувчи ширкатнинг Ўзбекистонда миллий валюта конвертацияси ва Россияга пул ўтказиш бўйича бошидан кечираётган қийинчиликлари ҳақида кетмоқда.

Россия Ҳаво транспорти уюшмаси расмийлари ўтган йили, агар Ўзбекистонда Россия авиаширкатлари пул тушумларининг миллий валютадан рублга конвертацияси масаласи ҳал бўлмаса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг учқичлари парвозларига чекловлар киритиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Россия томонининг Ўзбекистон ҳукуматига расман мурожаат қилганига қарамай, ушбу масала ҳанузгача ҳал этилмай қолаяпти¸ деб таъкидлаган “Аэрофлот” бош директори муовини Курмашев ўз очиқ хатида “Ўзбекистонга нисбатан чекловчи чоралар киритиш лозим”, дея жавоб ҳаракати таклиф этади.

Курмашевга кўра, шу йил феврал ойидан кучга кирган жисмоний ва юридик шахсларга авичипталарни нақд хорижий валютада сотишни тақиқловчи ҳукумат қарори ширкатни мушкулот қаршисида қолдирган.

"Ўзбекистон қонунчилигидаги бу ўзгариш халқаро авиаташувчиларга нисбатан дискриминацион характерга эгадир ва Ўзбекистон томони халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланган ўзаро аҳдлашув принципларини бузаяпти", деб ёзади Курмашев ўз очиқ хатида.

2011 йил кузидан буён "Аэрофлот"нинг Ўзбекистондаги идорасида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йиғилиб қолган. Курмашевга кўра, уларни конвертация қилиш катта муаммо.

Ўзбекистонга Россиядан “Аэрофлот” ширкатидан ташқари “Трансаэро” ва “Ютэйр” авиаширкатлари учқичлари ҳам парвоз қилади. Аввалроқ, бу ширкатлар ҳам ўзбек сўмини валютага конвертация қилиш муаммолари билан тўқнашаётганликлари ҳақида маълум қилишган эди.

Бу ширкатлар Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига жами 14 рейсни амалга оширади.
XS
SM
MD
LG