Линклар

logo-print

Сайлов арафасида Боку фуқаровий жамиятга босимни кучайтирмоқда


Озарбайжон ҳукумати мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотларига қарши янги ҳужум бошлади¸ шунингдек Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан Бокудаги идорасини қисқартиришни сўради. Фаолларга кўра¸ бу ишлар Илҳом Алиевни учинчи муддат президентликка қолдиришга ҳозирлик жараëнининг таркибий қисмидир.

Шу кунларда Озарбайжонда мухолифат намойишлари қаттиққўллик билан бостирилмоқда. Хориж молиявий кўмаги билан ишлаб келган ноҳукумат гуруҳларига тазйиқ қилинмоқда. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан Баку идорасини қисқартириш талаб этилмоқда.

Кейинги ҳафаталар давомида Озарбайжон ҳукумати сиëсий иқлимни тўлиқ назоратга олиш мақсадида шу каби кенг кўламли ҳаракатларга ўтди ва кузатувчилар бу таъқиб-тазйиқларни октябр ойига белгиланган президент сайловлари билан боғламоқдалар.

ЕХҲТ бош котиби Ламберто Занниер яқинда Бакуга қилган сафари чоғида ҳукуматнинг ушбу сўровини президент Илҳом Алиев билан муҳокама қилди.
Озарий расмийлари ЕХҲТга йўллаган расмий номада ташкилотнинг Бакудаги идораси мақомини “миссия”дан “лойиҳаларни мувофиқлаштириш идораси”га ўзгартириш сўралган. Озарий ҳукумати таъкидича¸ ЕХҲТ Бакудаги ўз идорасини очган 2000 йилдан бери мамлакатда амалга оширилган прогресс ана шундай мақом ўзгариши ва идора ходимлари сонининг қисқартирилишини тақозо қилади.

Собиқ ҳукумат мулозими Вафо Гулизода¸ ҳукумат аслида бу ишни яқинлашаëтган сайловларга нисбатан ЕХҲТ билдиражак танқидий фикрлардан қутулиш учун қилаëтганини айтади:

- Бу ерда жорий муносабатлар ҳақида гап бормаяпти. Гап бўлажак сайловларда. Ҳозирча ЕХҲТнинг бу сайлов натижаларини тан олиш-олмаслиги маълум эмас. Ҳукуматдагилар ана шундан безовта бўлиб¸ ЕХҲТни ҳозирданоқ итоаткор тизимга айлантирмоқчи¸ дейди Гулизода.

Бу фикрларга қўшила туриб Бакудаги Қонун ва тараққиëт ижтимоий иттифоқи раҳбари Ҳафиз Ҳасанов октябр ойидаги сайловларга ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш идораси вакилларининг таклиф қилинмаслигини тахмин қилади. ЕХҲТ ҳозирга қадар Озарбайжонда ўтказилган сайловларни демократик сайлов талабига мос эмас дея танқид қилган.

2003 йилдан бери президентликда қолаëтган Илҳом Алиев¸ 2009 йилда мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиб¸ ўзининг исталган муддатга президентликка даъвогарлик қилишига асос яратган эди. Шу боис Алиевнинг октябр ойида яна президентликда қолиши кутилмоқда.

ЕХҲТ нинг Бакудаги идораси мақомини пасайтириш уриниши арафасида озарий расмийлари уч фуқаровий жамият фаолини ҳибсга олди. Улар орасида АҚШ томонидан молияланадиган Миллий Демократик институти ходими ҳам бор.

Бу воқеа арафасида давлат нашрлари АҚШ институтини Озарбайжонда “Facebook инқилоби”ни молиялаштираëтганликда айблаган эди. Бокудаги АҚШ элчихонаси бундай айбловни қатъиян инкор қилмоқда.

Озарбайжонни Ғарбга авторитар Россия ва исломий Эрон ўртасида қолган ўта муҳим ҳамкор сифатида тақдим этишга уриниб келаëтган Баку расмийлари¸ бундай кескин ҳаракатлар мамлакатдаги барқарорликни сақлаб қолиш учун зарурлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG