Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:53

Ўзбекистон АЁҚШларида дизел ёнилғиси нега йўқ?


Ўзбекистондаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида дизел ёнилғиси(солярка) тақчиллашганига бир йил бўлди. Сўнгги кунларда эса АЁҚШларга умуман солярка берилмай қўйди. Расмийлар бунинг сабабини баҳорги экин-тикин мавсумига дизел ёнилғисини захира қилиш билан изоҳламоқда.

Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида дизел ёнилғиси сотилмай қўйганига бир йил бўлди. Бу ҳақда Тошкентдаги АЁҚШлар операторлари Озодликка айтди.

Тошкент шаҳри биқинидаги Янгийўл туманининг АЁҚШларида ҳам солярка тўлдириладиган цистерналарнинг бўш турганига анча бўлди, дейди янгийўллик такси ҳайдовчиси Шавкат:

- Бир йилдан буён ҳеч қаерда солярка йўқ. Мана КамАЗи, “Истана” деган микроавтобуслари, хусусий трактори бор одамларга жуда қийин бўляпти. Мен доим йўлда юраман, бирорта заправкада солярка сотилаётганини кўрмадим. Лекин қўлда бор. Ҳар бир литри 2800-3000сўмдан сотиляпти. СССР пайтида соляркани ит емасди. Ҳозир эса бензиндан қиммат. Мана қўшни Қозоғистон чегараси биздан 10 километр нарида. Солярка бемалол, бир литри бизнинг пулда 1800сўм. Лекин ўтишга илож йўқ, такси ҳам ўтолмаяпти, дейди Шавкат.

Солярка тақчиллиги, биргина Тошкент шаҳри ва вилояти учун хос бўлмай, бошқа вилоятларда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи Ўрол аканинг туман нефт маҳсулотлари омборида ишлайдиагн ўғлининг гапига таяниб айтишича, солярка масаласи бугунги кундаги энг жиддий муаммога айланган:

- Нефтебазага солярка поступленияси жуда кам экан. Ҳафтасига бир ёки икки вагон келаркан. Бу бир туманга ҳеч нарса бўлмайди. Асосан қишлоқ хўжалиги учун солярка бериляпти экан. Заправкалар дамини оляпти,- дейди Ўрол ака.

Озодлик нега дизел ёнилғиси тақчиллашгани сабабларини билиш мақсадида "Ўзнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик компанияси билан боғланди. Ўзини таништирмаган мулозим АЁҚШларга дизел ёнилғиси жуда кам берилаётганини тан олар экан, бунинг сабабини баҳорги экин-тикин мавсумига тайёргарлик билан изоҳлади:

- Мана ҳозирги пайтда баҳорги экиш мавсумига солярка запас қилиняпти. Шунга бир оз камайган бўлиши мумкин. Запасларни қилиб олганимиздан кейин бу ёғига яхшиланади, худо хоҳласа,- деди "Ўзнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик компанияси мулозими.

Бироқ бу мулозим дизел ёнилғиси нима сабабдан тақчиллашиб қолгани сабабини изоҳламади ва компания раҳбарларига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

"Ўзнефтмаҳсулот" ҳиссадорлик компанияси раиси ўринбосари Умид Ражабов Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, Ўзбекистонда қанча ёнилғи ишлаб чиқарилаётгани ҳам статистик маълумотлар очиқланмагани учун дизел ёнилғисининг нега тақчиллашиб қолгани сабаби номаълум қолмоқда:

- Ўзбекистонда ёнилғи баланси бўйича сўнгги беш йилда ҳеч нарса эълон қилингани йўқ. Ишлаб чиқариш камайдими, ёки талаб ортдими, ҳеч ким билмайди буни. Агар бизда шундай статистик маълумотлар бўлса, шунга қараб бирор хил хулоса чиқариш мумкин эди. Аслида бу ҳақдаги маълумотларни эълон қилмаслик ҳукуматнинг ўзига ҳам зиён. Сабабики, тўғри ахборотга эга бўлмасдан туриб тўғри қарор ҳам қилиб бўлмайди,- деди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG