Линклар


Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик муҳожирнинг иддао қилишича¸ шаҳардаги "Триумф" супермаркети қоровуллари харид учун борган ўзбеклар¸ қолаверса¸ бошқа марказий осиëликларни дўкон эшигидан ҳайдаб юбормоқда.

Россиянинг Омск шаҳрида меҳнат қилаётган aндижонлик Дилшоднинг шикоят қилишича, Омскдаги “Триумф” супермаркетига марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг киришига рухсат берилмаяпти.

Дилшоднинг иддаосича, супермаркет қоровуллари меҳнат муҳожирларини дўконнинг эшигиданоқ орқага қайтармоқда:

- Мен турган шаҳар ҳозир Омск шаҳри бўлиб, бу ерда Триумф деган жуда катта магазин бор. Айнан шу магазинга ўзбекларни қўймайди.

Озодлик: Ўзбекларни магазин ичкарисига киришга қўймайдими?

- Ҳа. Харид қилиш учун, масалан, нонми, гуручми сотиб оламан, деб кираман десангиз қўймайди. “Сабабини тушунтиринглар бизга. Агар сабабини тушунтирсангизлар, кирмай қўяверамиз” десак ҳам “Йўқ, сабаби йўқ. Кирмайсизлар” деяверади охранниклари.

Озодлик: Супермаркетга ўхшаш катта магазинми бу?

- Жуда катта. Озиқ-овқатнинг ҳамма тури билан таъминланган жуда катта магазин. Шу ерга киргизмайди. Сабабини сўрасам, айтишмайди, лекин киритишмайди.

Озодлик: Ўзбеклигингиз сизнинг пешонангизга ëзиб қўйилмаган. Қаердан билади улар сизнинг ўзбеклигингизни?

- Энди мана қараб туринг. Ўзбеклигим шундоққина кўриниб турадику. Ўта оқ эмасман. Ўзбеклар русларга қараганда сал қорароқ бўлади. Қош-қовоғимиз қора.

Озодлик: Россияда Қирғизистондан, Тожикистондан меҳнат муҳожирлари кўпку. Қорамағиз битта ўзбекмаску.

- Ўрта осиëлик қорамағизларни қўйишмайди.

Озодлик: Демак фақат ўзбеклар эмас, ўрта осиëликларни қўйишмаяпти.

- Ҳа. Қолган миллатлар ўтиб кетаверади. Мисол учун, Тошкентдан келган бўлса, кўриниши европoид ирқига мансуб бўлиб оқ-сариқ бўлса, ўтиб кетаверади. Шуниси алам қилади.

Озодлик: Одатда магазинларнинг қоровуллари меҳнат муҳожирлари бўларди. Уларда қанақа?

- Уларда асос руслар туради. Ўзбек, қозоқлар бўлиши мумкин. Барибир қўймайди.

Озодлик: Сиз дўконга киришга бордингиз. “Орқангга қайт. Сен кирмайсан” дейдими?

- Ҳа, шунақа дейди. Нагло айтишади. Кейин мен одамга ўхшаб сўрайманда. “Келинглар, шуни тушунтиринглар” десам, “Билмайман, раҳбариятдан шунақа гап бор” дейди. “Бўлмаса, ташқарига “Ўрта осиëлик миллатлар учун кириш тақиқланади” деб ëзиб қўйинглар. Биз овора бўлиб келмайлик шу магазинга” десам, уни ҳам ëзишмайди. Жуда кўп сўрадим. Охраналардан сўрадим.

Озодлик: Дўконнинг аниқ манзили қаерда?

- Омск шаҳрининг Березовский кўчасида жойлашган. Супермаркет номи "Триумф", дейди Дилшод.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG