Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Ҳомиладор муҳожир аёлга тиббий хизмат пуллими?


Муҳожир аёллар Россия туғруқхоналарига фарзанд туғиш учун пул тўлашлари керакми? Бу савол билан Озодликка мурожаат қилган муҳожир аёллардан бири туғруқхонада бир кунлик муолажалар учун 3-4 минг рубл сўралаётганини хабар қилди. Озодлик хориж фуқароси фарзандни дунёга келтириши учун қанча тўлаши керак саволига жавоб излаб кўрди.

Озодликка мурожаат қилган ўзбек аёлларидан бири ҳозирда Россиянинг Орёл шаҳрида яшаётгани ва фарзанд кўриши вақти келиб қолгани, бироқ шаҳар туғруқхоналарининг барчаси ўз хизматлари учун 20 минг рублгача ҳақ сўраётганини маълум қилди.

“Айниқса шу йилнинг январ ойидан муҳожир аёлларнинг туғруқхоналарда қабул қилиши қийинлашиб кетди”, деб ёзади у.

- Мен шу поликлиникада қайдда тураман. Биз суғурта полисини сотиб олган эдик қайдга тургани. Биз туғишга яна алоҳида сотиб олишимиз керак эди, лекин страховой компаниялар ихтиёрий суғурта полисини (ДМС) беришмаяпти экан. Касалхоналарга телефон қилиб “Туғиш қанақа бўлади? Қанча пул кетади?”, деб сўраган эдик. Бу ерда, Орёлда, учта туруқхона бор. Биз иккитасига телефон қилдик. Боткинака туғруқхонасида 5 кунига 20 минг бўлади, дейишди. “Весёлая слобода”даги туғруқхонага қилсам, у аниқ айтмади, “Кунига 2 минг рублдан кўп эмас, агарда ҳамма жойи яхши бўлса ва духтур диагнозига қараб”, деди. Осложнение бўлса яна пул қўшилар экан. “Тез ёрдамда келсам нима бўлади?”, десам фарқи йўқлиги ва ҳар қандай вазиятда хориж фуқароси эканим учун пул тўланишини айтишди,- дейди туғиш арафасида муаммоларга дуч келган муҳожир аёл.

Бу аёл эри Россия фуқароси экани боис Москвада икки йил олдин фарзанд қўраётганида худди шу хизматлари учун туғруқхонада ҳеч қандай ҳақ олинмагани билдирди.

У туғилаётган фарзанд Россия фуқароси бўлишига қарамасдан шунча пул тулаши қонун асосидами йўқми эканини билиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маҳаллий бўлимига мурожаат қилганини айтди.

- Вазирлик акушер-гинекологи ҳисоблаб 14500 рубл бўлади, деди. У қайси болнисага боришимдан қатъий назар 14500 рубл бўлишини айтди. Биз учтаси билан гаплашсак, уч хил нарх айтишди. Булар айтаётган нархлар жуда қиммат-да. Мана Москвада ҳеч қанақа пул кетмаган. Икки йил олдин ҳаммаси яхши хизмат қилишган. Учётга туриш учун мен 4600 тўладим – у нормални. Мен 5 ойга учётга турдим, 4 ой қарашди, яхши. Туғишим бўлса Москвада – скорийда борганман, ҳеч қанақа пул олишмаган. Эрим Россия фуқароси, мен Қирғизистон фуқароси. Қизим ҳам, ўғлим ҳам Россия фуқароси. Ҳужжатларим жойида, патент қилиб регистрациямни узайтириб тураман, - дейди Озодликка мурожаат қилган аёл.

Озодлик Россия қонунчилигида эр россиялик, аёл хорижлик бўлган оилалардан туғруқхоналарда фарзанд туғиш учун ҳақ олиниши керакми, саволи билан Орёл вилояти Перинатал маркази юристи Кира Квятовичга мурожаат қилди.

Юрист Квятович қонунчиликда Беларус фуқароларидан ташқари бошқа барча хориж фуқароларидан тиббий ёрдам ва муолажалар учун Россияда ҳақ олинишини тасдиқлаб, ҳар бир тиббий муассаса юқоридан тавсия қилинган нархлар асосида ўз хизматлари нархларини ўзи белгилашга ҳақли эканини маълум қилди.

- Агарда у Қирғизистон фуқароси бўлса, унга кўрсатиладиган тиббий ёрдам тўлов асосида амалга оширилади. Беларусдан ташқари қолган барча чет эл мамлакатлари фуқаролари ё шартнома асосида, ё контракт шартномаси, яъни пулли равишда амалга оширилади. У нормал хизмат олиши учун вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёки доимий яшаш рухсатномасига (вид на жительствога) эга бўлиши керак. Ана ўшанда унга автоматик тарзда тиббий суғурта ҳужжати топширилади. Бунинг учун эса, албатта, у ФМС идорасида қайдга туриши зарур. Бу жараён унинг эри Россия фуқаролигига эга бўлиши-бўлмаслигидан қатъий назар амалга оширилади,- деди тиббий юрист Кира Квяткович.

Квяткович хонимнинг сўзларига кўра, пулли тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга Россияда бепул тиббий хизмат ҳам бор. Тез тиббий ёрдам чақирилганида шахснинг кимлиги ва қаердан эканлигидан қатъий назар бепул ёрдам кўрсатилиши шарт.

Юристнинг бу кўрсатмаларини Озодликнинг мурожаатига Орёл шаҳрининг ҳам Боткина шаҳар шифохонасидаги акушерлик бўлимида, ҳам Орёл вилоят шифохонаси врачлари тасдиқлашди.

- Бизнинг Боткина шифохонасида муҳожир аёллар биринчи уч сутка бепул, кейин эса пулли туради. Бу қонун асосида. Бизга пули йўқ мигрант аёллар тез-тез келиб туради. Пули йўқ бўлса уларнинг болаларини ҳеч ким олиб қўймайди, биз нима қиламиз у болани?! Кўп ҳолларда шундоқ жавоб бериб юборилади. Одатда бизда 5 кун ётиши керак она бола билан. Агарда 3 кундан ортиқ туриш нияти бўлмаса, тегишли ариза ёзади ва унга жавоб берилади,- деди ўзини таништирмаган Орёл шаҳар Боткина шифохонаси акушерлик бўлими врачи.

Орёлнинг вилоят шифохонасида ҳам тез ёрдам машинасида олиб келинаётган ҳар қандай тиббий ёрдамга муҳтож шахсга қонунга биноан ёрдам кўрсатилиши шартлигини маълум қилишди.

- Тўлғоқ бошланиши билан тез ёрдам машинасини чақиртириб олиб келаверинг – ҳеч қайси туғруқҳонанинг олдиндан пул талаб қилишга ҳаққи йўқ. Ҳар бир касалхонада бир нечтадан “ижтимоий койкалар“ бўлади, унга давлат томонидан пул ажратилади. ТЎғри, олдиндан келсангиз албатта пул тўлатишга ҳаракат қилишади, шунинг учун менинг маслаҳатим – вазият келганда “тез ёрдам”ни чақиртириб бемалол келавиришсин,- дея маслаҳат берди ўзини Людмила Алексеевна деб таништирган вилоят шифохонаси навбатчи врачи.

Россия қонунчилигига биноан, ота ёки онадан бири Россия фуқаролигига эга бўлса тўғилган фарзанд ҳам уларнинг ихтиёрига биноан фуқароликни олишга ҳақли. Бунинг учун Россия фуқаролигига эга бўлган ота ёки она маҳаллий ФҲДЁ бўлимида туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиб, ота-она яшаётган ҳар қандай жойга қайдга туриши мумкин.

Мутаҳассислар кейинчалик боланинг фуқароликни олишида ортиқча муаммолар юзага келмаслиги учун ички паспортидаги тегишли саҳифасига Миграция бўлими муҳри урилган штамп қўйиб олишни тавсия қилмоқда.

Жорий йилнинг бошида Россиянинг парламентидаги ЛДПР партияси қатор вакиллари Россия фуқароси билан турмуш қурган ва орада бир ёки ундан зиёд фарзанд орттирган шахсларга осонлаштирилган ҳолда фуқаролик бериш, туғилган фарзанд эса Россия фуқаролигини автоматик тарзда олишига рухсат берувчи тегишли қонунга ўзгартишларни Дума муҳокамасига киритди.
XS
SM
MD
LG