Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

Жиззахлик йигит тўйи арафаси тунаб кетилди


Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори бажарилмаяпти. Хоразмда ноқонуний қуроллар олиб қўйилди. Уяли телефонларда хонанда Мунисанинг “ажабтовур” видеоси тарқалди. Матбуот жорий ҳафта шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Вилоят ҳокими қарори қоғозда қолмоқда”

Cамарқанд вилоятининг Иштихон ва Каттақўрғон туманларида бепул юриш ҳуқуқига эга ўқувчи ёшлар автобуслардан тушириб юборилмоқда. Бу ҳақда “Адолат” газетаси хабар беради.

Ҳолбуки, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2012 йил 30 апрелдаги 85-қарорига кўра, “Cамарқандтранс маркази” таркибидаги автокорхоналар академик лицей ва коллеж талабаларини байрамлар ва дам олиш кунларидан ташқари бепул ташиши белгиланган. “Каттақўрғон туманида бир-биридан ўн километр олисдаги қишлоқлар ва коллежлар ўртасида автобуслар қатнамай қўйган. Йўловчилар, шу жумладан, ўқувчилар расман на норасман фаолият юритаётган такси ҳайдовчиларининг хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишяпти. Баъзида вақт йўқотишяпти, баъзида манзилга соатлаб кечикиб етиб боришяпти. Шу тариқа вилоят ҳокимининг ўқувчиларга бепул транспорт хизмати кўрсатиш ҳақидаги қарори ўз-ўзидан бажарилмай қоляпти”¸ деб ёзади газета.

“Кўп қаватли уйлар беш кун иссиқ сувсиз қолади”

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда иссиқ сув ўчирилади (“Тошкент оқшоми”, 18 март). 25-29 март кунлари қувурларнинг энг юқори ҳароратга чидамлилигини синаш учун иссиқ сув чекланади. Қайд этилишича, иссиқлик қувурларида носозликлар рўй бериши ва иссиқ сув отилиб чиқиши мумкин.

Носозликлар борасида 215-72-73 рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериш сўралган. 1-26 апрель давомида эса иссиқ сув узатиш чекланмаган ҳолда, тармоқнинг механик чидамлилиги синовдан ўтказилади. 8 апрель-17 май кунлари Тошкент бўйлаб режа бўйича иситиш тармоғи ўчирилади. Маълум қилинишича,синов тадбири ҳар бир ҳудудда беш кун давом этади. Бу вақт ичида аҳолига иссиқ сув узатиш тўхтатилади.

“Ҳайдовчи йўловчини овлоқда тунади”

Тошкентдан Жиззахга қайтаётган Ҳамза Нурматов йўлда ака-ука Абдиевлар томонидан тунаб кетилган (“Истеъмолчи”, 21 март). Тошкентда ҳисобчи бўлиб ишлаган Нурматов уйланиш мақсадида Жиззахга отланган. Йўл-йўлакай Нуриддин ва Умид Абдиевларнинг “Дамас” машинасига ўтирган. Йўловчининг ёнида 10 миллион сўм пул, қимматбаҳо тақинчоқлар ва компьютер борлиги ака-укаларнинг хаёлини ўғирлаган. Шу тариқа, ака¬-ука Абдиев кимсасиз жойга келганда, йўловчини калтаклаб, бор-будини тортиб олишган ва ўзини ташлаб кетишган. Айтилишича, Тошкентга қочиб кетган ака-укалар беш кунда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Арнасой тумани суди уларни беш йилга озодликдан маҳрум қилган. Жиноят қуроли деб топилган “Дамас” машинаси давлат фойдасига мусодара қилинган.

“Хоразмда ов қуроллари олиб қўйилди”

Хоразм вилоятида ов қуролларидан фойдаланиш тартибини бузгани учун 13 нафар фуқародан қуроллар олиб қўйилган. Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди раиси Сардор Тоганов “Куч адолатда” нашрига маълум қилишича, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини авайлаш борасидаги қонунларни бузганлик учун ҳам қатор шахслар жазога тортилмоқда.

Айтилишича, 2012 йилда вилоят бўйича 280 дан ошиқ текшириш ва рейд ўтказилган, ҳайвонот оламига зарар етказиш бўйича 72 та, ўсимлик оламига зарар етказиш бўйича 212 та жиноий иш очилган. Мамлакат Жиноят кодексига кўра, овчилик қоидаларини бузиш, муҳофаза этиладиган ўсимлик ва ҳайвонларга зарар етказганлик учун катта миқдорда жарима, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 6 ой қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

“Уяли телефонларда Муниса Ризаеванинг “ажабтовур” видеоси тарқалди”
Ўзбекистондаги уяли алоқа телефонларида ва Интернет сайтларида хонанда Муниса Ризаеванинг белидан пастини ўйнатган видеоси тарқалмоқда. Шоу бизнесга ихтисослашган “Даракчи” нашри бу ҳолатни “қора пиар” деб атайди. “Аввалига хонанда ва ёнидаги шериги белидан пастини ўйнатишди, кейин энгашганча, бармоқларини турли шаклларга солиб кўрсата бошлади (!). Бу ҳаракатларни кўриб, хонанданинг ўзига ўхшаб “Во, ажаб!” деб юбордим” дея мазкур видеони танқид қилади Н.Алиева. Нашрга кўра, аввалроқ хонанда Ризаеванинг ётоғида олган фотосуратлари ҳам қўлма-қўл бўлган.

“Кредитни пайсалга солган банкир ишдан бўшатилди”

“Савдогарбанк”нинг Пайшанба филиали кредит бўлими бошлиғи М.Биноқулов кредит беришни асоссиз чўзгани учун ишдан олинди. “XXI аср” газетаси хабарига қараганда, “Оқтош савдо маркази” фирмаси кредитни мақсадли ишлатган бўлса-да, банк ходимлари бизнес-режада кўзда тутилган кредитнинг қолган қисмини беришни пайсалга солган. Мазкур ҳолат бўйича филиал бош ҳисобчиси У.Раҳимовга ҳайфсан берилган. Самарқанд вилояти адлия бошқармаси расмийси Сафар Тоғаевга кўра, назорат қилувчи органлар ходимлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

“Юнусобод йўли таъмирга муҳтож”

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги йўллар таъмирга муҳтож. “Новый век” газетаси ёзишича, хусусан, “Универсам”дан “Зенит” заводига қадар бўлган катта йўл жуда ҳам абгор аҳволда, серқатнов ҳисобланган трассада чуқур ўралар ҳосил бўлган. “Йўл носозлигидан, бир қарашда, 500 метр масофада трамвай йўли ётқизишга ҳозирлик кўрилаётгандек туюлади. Катта йўлнинг тақдири нима бўлади: таъмирланадими ё шундай абгор ҳолда қолаверадими?” дея савол қўяди “Новый век” нашри.

“Тилшунос профессор жой номларини ўзгартиришни нозик масала деб атади”
Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори Низомиддин Маҳмудов географик объектларга ном бериш ёки уларни ўзгартиришни “нозик ва масъулиятли вазифа” деб атади. “Жой номларини ўзгартириш шунчаки бир ном ўрнига бошқасини қўйишдан иборат осон юмуш эмас.

Масалан, биргина кўча номи ўзгартирилар экан, бу ном ёзилган металл лавҳларни ясаш, шу кўчадаги идора-ташкилотларнинг ҳужжатларидаги, муҳр ва тамғаларидаги манзилни янгилаш каби ташвишлар муайян вақт ва харажатни талаб қилади” деб ёзади профессор Маҳмудов “Ўзбекистон овози” газетасининг 30-сонида. Олимнинг таъкидлашича, географик объектларга ном беришда янглишишга олиб келувчи ўхшашликдан, миллий анъаналар ва менталитетга ёт атамалардан сақланиш керак.
XS
SM
MD
LG