Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

Урганчни қайта қуриш талабалар зиммасига юклатилди


Хоразм вилояти маъмурий маркази Урганч шаҳрида президент Каримов ташаббуси билан бошланган кенг кўламли қурилиш-ободончилик ишларига давлат ташкилотлари ишчи-ходимлари қаторида талабалар ҳам мажбуран жалб этилмоқда. Бу ҳақда Озодликка ургенчлик талабаларнинг ўзи хабар йўллади.


Меҳнатга яроқли аксар аҳолиси Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган Хоразм вилоятида шу кунларда давлат ташкилотлари ишчи ходимлари қаторида коллеж ва институт талабалари ҳам ўқиш пайти Урганчдаги ободончилик ишларига мажбурланмоқда.

Урганч Давлат университети талабаларидан бири Ихтиёр бу ҳақда Озодлик радиосига маълум қилди:

- Икки ойдан буён бизни ўқиш пайти ҳашарга деб ишлашга мажбур қилишaяпти. Бир пара ўқиймиз, кейин ишга. Соат 3 гача, баъзида 5 гача ишлатишади. Аxир биз ўқиш учун йилига 5 миллион сўм шартнома пули тўлаймизку, десак бу юқоридан келган буйруқ, деб мажбурлаяпти. Аҳир биз ўқишга билим олиш учун кирганмиз, ишлаш учун эмаску, дейди урганчлик талаба.

Хоразмлик бошқа бир талаба Роҳатой ҳам Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзи ва курсдошлари ўқиш пайти ишга мажбурланаётганини айтади:

- Домларни олдиларини тозалатади, йиқилиб ётган ғиштларни ташитишади, хуллас қора иш. Ҳаттоки уйимизга бориб кийимимизни алмаштириб келишимизга ҳам рухсат беришмайди. Ўқишимиз нима бўлади, имтиҳон нима бўлади¸ десак, талаба ҳамма нарсага улгуриши керак¸ деган гапни айтишади. Қачонки мана шу шаҳарни қайта қуриш проектлари тугагунича ишлар эканмиз, дейди хоразмлик Роҳатой.

Урганч Давлат университети ректоратининг ўз исмини айтмаган масъулларидан бири талабаларнинг шаҳардаги ободончилик ишларига чиқарилаётганини тасдиқлади. Лекин талабаларнинг ўқиш пайти ишлатилаётганини кескин рад этди:

- Талабалар ўқишдан қолдирилиб чиқарилаётгани йўқ. Уларга ўқишдан кейин, деб айтилган. Вилоятнинг аҳволини кўриб турибсиз, шаҳарни қайтадан қуришаяпти. Ҳозир ҳамма ишини университет қилиб ўтирибди. Қилганда ҳам шу юрт учун қиладику. Лекин ўқиш пайти эмас, ректор қаттиқ топширган, ўқишдан кейин, деб қаттиқ топширган, дейди УрДУ ректорати масъули.

Каримов Урганчни иккинчи пойтахт қилмоқчи

Жорий йил январида бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов: "Хоразм мутлақо ўз қиёфасини ўзгартиради, раҳбарлари шу ҳақда куйиниб яшайдиган бўлса агар, мен бу раҳбарлардан рози бўлар эдим", деган эди.

Расмий нашрларга кўра¸ ҳозирда Урганч шаҳрини қайта қуриш мақсадида умумий қиймати 112 миллиард сўмни ташкил этувчи дастур ҳам ишлаб чиқилган.

200 минг аҳоли яшайдиган Урганчни қайта қуриш учун ишчи кучи етишмаётгани боис шаҳарни президент Каримов режасига мос қилиб қайта тиклаш давлат ходимлари ва талабалар зиммасига тушган.

- Шу проектлар охиригача тугалланмагунича ишлатаверишар экан бизни, дейди урганчлик талаба Ихтиёр.

Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бошқармасига яқин манбанинг айтишича, ҳозир вилоятда қурувчилар етишмаётгани боис қўшни вилоятлардан қурилиш соҳаси мутахассислари ҳам Урганчга олиб келинмоқда. Айни манбага кўра¸ ҳатто қамоқхона маҳбуслари ҳам шаҳардаги қурилиш-тозалаш ишларига сафарбар этилган.

Айни пайтда Россияда меҳнат қилаётган хоразмлик мардикорлар орасида "Урганчни қайта қуриш учун бизни ҳам чақиртирармиш", деган гап-сўзлар тарқалган.

- Шунақа гапни эшитдик. Каримов ҳувиллаб қолган Урганчни иккинчи пойтахт қилар эмиш. Ҳозир Санкт-Петербургдаги ҳар икки ўзбек муҳожирининг бири хоразмлик. Хоразмликлар эгаллаган бу ерни. Ойликни бермаса шу ерга келиб ишлаймиз-да.Лекин шу ерда берадиган ойликни у ёқда берса жон, деб қайтган бўлар эдим, оиламнинг ёнига, дейди Санкт-Петербургдаги қурилишлардан бирида ишлайдиган хоразмлик Азамат.

Урганч шаҳри марказида ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган уйлар бузилиб, улар ўрнида кенг йўллар барпо этилмоқда.

Бузилаётган уйларда яшовчи аҳолининг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учрагани ҳақида Озодликка уйи бузилган оилалардан мунтазам шикоятлар келмоқда.
XS
SM
MD
LG