Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:04

Тошкентда вақтинча прописка муддатини узайтириш ойларга чўзилмоқда



Тошкент шаҳридаги манзилга вақтинча пропискага қўйилган фуқаролар прописка муддатини узайтириш учун ойлаб жавоб кутмоқдалар. Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари бу ҳолатни мазкур жараëн билан шуғулланувчи кадрлар етишмаслиги билан изоҳламоқда.

Озодлик радиосига Skype орқали мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири Тошкентдаги давлат идорасида ишлашига қарамай вақтинча прописка муддатини узайтиролмаётганидан шикоят қилди:

- Тошкентда халқ таълими соҳасидаги идоралардан бирида ишлайман. Ўзим вилоятдан келганман. Вақтинча пропискага биринчи марта ҳеч қандай муаммосиз қўйиб беришди. Унинг олти ойлик муддати тугагандан кейин узайтиришга участкавойга топширгандим. Мана бир ярим ой бўляптики, жавоб йўқ. Участкавойимиздан сўрасам "Ички ишлар вазирлигига топширганман, “қандайдир текшир-текшир қилишаяптими, ҳали рухсат келгани йўқ”, деди. Ишхонадан эса прописка сўрашаяпти. Нима қилишга ҳайрон бўлиб қолдим, деди исми сир қолишини сўраган бу суҳбатдош.

Тошкентда вақтинча пропискага қўйилган фуқароларнинг прописка муддатини узайтиришда бундай муаммога дуч келаётгани Ўзбекистондаги бир қанча Интернет форумларда ҳам муҳокама қилинмоқда.

Озодлик вақтинча пропискани узайтириш нима сабабдан кечикаётгани сабабини билиш мақсадида Тошкент шаҳар туманларидан бирининг Ички ишлар бўлими қошидаги ҳуқубузарликлар олдини олиш бўлинмасига қўнғироқ қилди. Ўзини таништирмаган милиция ходими шундай муаммо борлигини тасдиқлади:

- Тўғри, тўғри, вақтинча пропискани узайтиришга рухсат вазирликдан келади. 74-буйруқда шундай деб ёзилган. Биз ҳужжатларни тайёрлаб бош бошқармага берамиз, улар вазирликка узатади. Вазирлик кўриб чиқиб рухсат бергандан сўнг, бизга қайтиб келади. Агар шаҳар бошқармасида танишингиз бўлса айтинг, тезлаштириб беради, бизни боллар шундай қилишяпти, дейди Тошкент шаҳридаги Ички ишлар бўлимларидан бири ходими.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тегишли бўлимининг овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган мулозимига кўра¸ Ҳуқуқбузарликни олдини олиш бош бошқармасида вақтинчалик прописка билан шуғулланадиган ходимлар етишмаётгани боис, аризаларни кўриб чиқиш муддати узайиб кетмоқда:

- Бу иш билан ҳозир фақатгина битта ходим шуғулланаяпти. Ҳар келганда 500-1000та шундай аризалар келиб тушаяпти. Агар бу бўлимда 6-7 киши ишлаганда бемалол улгурса бўларди. Шўрлик битта ходим қоғозларга кўмилиб ётибди. Просто физически улгурмаяпти. Тешлаштириш керак бўлган пропискаларга телефон қилишади ва тезда қилиб берилади. Бу ерда вақтинчалик пропискага турувчиларни ортиқча текшир-текшир қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шунчаки у бола улгурмаяпти, деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳуқубузарликни олдини олиш бош бошқармасининг Озодлик мухбири қўнғироғига гўшакни кўтарган ходими телефон орқали прописка масаласида ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG