Линклар

Навоий кон-металлургия комбинати собиқ расмийси Россия ҳибсхонасида қолмоқда


Леонид Лошчаков

Леонид Лошчаков



Навоий кон-металлургия комбинати Кадрлар бўлимининг собиқ раҳбари 56 яшар Леонид Лошчаков Брянскдан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин. Россиядан сиёсий бошпана сўраган Лошчаков Ўзбекистон прокуратураси томонидан халқаро қидирувга берилган.

Адвокат Поляков: "Лошчаков иши прокуратура томонидан сохталаштирилган!"

Ўзбекистон томонининг экстрадиция сўрови асосида ҳибсга олинган Навоий кон-металлургия комбинати собиқ расмийларидан бири Николай Лошчаков қарийб уч ойдирки Брянск шаҳридаги тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда.

"Ўтган асрнинг 70-йилларида Москва Геология-разведка институтини аъло баҳолар билан битирган ёш геолог Николай Лошчаков Ўзбекистоннинг Учқудуқ қурилишига комсомол йўлланмаси билан жўнатилган, уран ва бошқа оғир кон ишларида ишлаб, соғлигини йўқотган", дейди Озодлик мухбирига ўзбекистонлик қочқинни ҳимоя қилаётган адвокат Николай Поляков.

“30 йил умрини Ўзбекистонга бағишлаган ва охирги йилларда пенсияга чиқиш олдидан ўзбек ёшларини Россия ўқув даргоҳларига ўқишга жўнатишни йўлга қўйган Лошчаков ўзига қарши бошланган сохта айбловлар босими остидаЎзбекистонда қочишга мажбур бўлди”, дейди адвокат:

- Ҳозирда 56 ёшли оғир аҳволда қолаётган, касал Леонид Сергеевич Лошчаков Брянск шаҳар 1-сонли тергов изоляторида қолмоқда. У ерда у қарийб уч ой ўтирибди. Олдинги бир қатор касалликларига қўшимча у қамоқхона шароитида яна бир нечта касалликлар орттирди. У сохта айбловлар асосида Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган ва 2012 йилнинг 27 декабрида Федерал миграция хизмати бўлимида ҳибс этилган. Навоий комбинатида мутлақо ҳеч қандай молиявий вазифаларга алоқаси йўқ вазифани эгаллаб келган – охирги ўн йил давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро келишув асосида ўзбек ёшларини Россия тоғ-кон ўқув юртларига жўнатиб келган. 2012 йилнинг августида комбинатда бошланган текшириш давомида у маҳаллий ҳарбий прокуратурага чақиртирилган, дейди Леонид Лошчаков ҳимоячиси Озодлик билан суҳбатда.


Адвокат Поляковнинг сўзларига кўра, бир йил олдин Навоий ҳарбий прокурори Шерзод Муҳамадов комбинат директори Қувондиқ Санақуловга нисбатан жиноий иш очган, бироз вақт ўтганидан кейин эса прокуратура гўё “кадрларни ноқонуний тайёрлаш” баҳонасида комбинатга нисбатан жиноий иш очган.

"Прокурор Муҳаммадов Лошчаковни суҳбатга чақириб, ишни ёпти-ёпти қилиш йўли борлигини тушунтирган" деб иддао қилади маҳбуснинг адвокати:

- У овозини пасайтириб Лошчаков бир ишни бажариши кераклиги айтган ва қоғозчага Муҳаммадов “20 минг доллар”, деб ёзган. Бу қоғозни шу жойда йиртиб у бу суҳбат ҳақида ҳеч кимга айтмасликни буюрган. Агарда айтилган сумма йиғилмаса, Мустақиллик байрамидан кейин прокурор комбинатга текшириш юбориши ва жиноий ишни Лошчаковнинг бўйнига осишини билдирган, дейди адвокат Николай Поляков.

Вазиятдан қандай чиқишни билмаган Леонид Лошчаков, адвокат даъвосича¸ пулни олишга Жумаев исмли прокурор томонидан юборилган шахс олдига келганидан кейин, Россияга билет олади ва акаси ҳамда онаси яшайдиган Брянскка жўнаб қолади.



6 сентябр куни прокурор Муҳаммадов Лошчаковни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон тарож қилиш) – 10 йилгача қамоқ жазоси, 165-моддаси (комбинат манфаатларига зид келишувлар имзолангани), 205-модда (ўз ваколатини суистемол қилиш – 5 йиллик қамоқ жазоси) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) асосида жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида буйруқ берди.

Адвокат кимгадир Лошчаковнинг лавозими зарур бўлиб қолгани ёки шунчаки рус миллатига мансуб бўлгани сабабли прокурор ундан нимадир ундиришни истаганини тахмин қилди.

Ҳимоячи Николай Поляков ўзбекистонлик геолог Лошчаков миграция қайдида тургани, Брянск шаҳрида туғилгани ва Навоий комбинатида ишлаётган рус мутахассисларига нисбатан бир неча маротаба жиноий ишлар қўзғатилганига гувоҳи бўлганини гапиради.

У муқаддам Навоий комбинатида ишлаган “Бурятзолото” компанияси бошқарувчиси Алексей Бурксернинг ҳам айни айбларда айблангани, бироқ юқори инстанциялар аралашуви натижасида Лошчаковнинг курсдоши бўлган Бурксер ҳозир ҳам Россиянинг энг йирик олтин қазиб олиш ширкатини бошқараётганини маъум қилди.

Леонид Лошчаков ҳимоясига унинг ҳамкасблари отланди

Лошчаковнинг Москвада яшаётган қизи Ирина Акимова Озодлик мухбири билан суҳбатда отасига Навоийда бошланган босимдан кейин ўзи ҳам оғир асаб касаллиги билан касалхонага тушиб қолгани ва ҳозирда уй-жойини ташлаб Россияга келганини айтади:

- Оила аъзоларимиз ўтган йил охирларидан бошлаб узлуксиз стресс ҳолатидамиз, чунки шунақа тушуниб бўлмас ҳолат юзага келганди. Бош прокуратура уни ҳар дақиқада экстрадиция қилиши мумкин эди. Онамиз Ўзбекистондан Россияга қайтиб келди, аллақачон вақтинчалик яшаш рухсатномасини олди. У ҳам қариндошларимизникида яшашга мажбур, чунки Навоийдаги 3 хонали квартирани бировнинг номига ўтказишга улгурмадик, квартирани ҳам тортиб олишса керак. Дадамнинг ҳалол меҳнати давомида топгани фақат шу квартира эди. Кеча дадам билан кичик синглим Ольга бориб кўришди. Аҳволи кескин оғирлашгани сабабли уни изолятор шифохонасига ётқизишибди, у ерда ҳар ҳолда шароитлар дурустроқ. Ҳозирда Брянскда ва Россияда дадам ҳимоясига кўтарилган шов-шув маҳаллий ФМС ходимларини унинг вазиятига эътибор қаратишга ва ҳужжатларини қайта кўриб чиқишга ундади, дейди Озодлик билан суҳбатлашган маҳбуснинг катта қизи Ирина Акимова.

Ирина ҳозирда прокуратура экстрадиция текшируви олиб бораётгани, отаси ҳимоясига Россиядаги тўртта олий ўқув юрти - МИСИС, РДГУ, Урал тоғ-кон ва Урал Федерал университетлари ректорлари ва ўқитувчи-талабалари ëзган хатлар Россия Президенти, Бош Прокурори, парламент ва бошқа қатор идораларга юборилганини қўшимча қилди. Шунингдек, айни кунларда Лошчаков иши Россия марказий телеканаллари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ëритиб борилмоқда.

Навоийлик геолог-мутахассис Леонид Лошчаков иши бундан икки йил олдин Россия жамоатчилиги орасида қизғин баҳсга сабаб бўлган ўзбекистонлик полковник Юрий Корепанов ишига ўхшаб кетади.

Ўзбекистонда жосусликда айбланиб 16 йилга қамалган 63 ёшли Юрий Корепанов, бир йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққач Ўзбекистонни тарк этди ва айни пайтда Россиянинг Екатеринбург вилоятида яшаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG