Линклар

Россия супермаркети ўзбекларнинг дўконга киритилмаслигини тан олди


Омск шаҳридаги "Триумф" савдо маркази.

Омск шаҳридаги "Триумф" савдо маркази.

Омск шаҳридаги энг йирик “Триумф” савдо марказига марказий осиёликлар киритилмаяпти. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири етказган бу хабарни “Триумф” савдо маркази маъмурларидан бири тасдиқлади. Унинг айтишича, марказий осиёликлар тарафидан ўғриликлар содир этилиши ҳоллари кўпайгани боис савдо маркази маъмурияти хавфсизлик ходимларига уларни ичкарига киритмаслик тўғрисида кўрсатма берган.



Омск шаҳридаги энг йирик савдо маркази ҳисобланган “Триумф” эшиклари тагида турадиган қоровуллар ўзбеклар ва бошқа марказий осиёликларни афти-ангорига қараб, ичкарига киритмаётгани ҳақида Озодликка пайшанба куни асли андижонлик Дилшод исмли меҳнат муҳожири хабар қилди:

- Мен турган шаҳар ҳозир Омск шаҳри бўлиб, бу ерда "Триумф" деган жуда катта магазин бор. Айнан шу магазинга ўзбекларни қўймайди. Харид қилиш учун, масалан, нонми, гуручми сотиб оламан, деб кираман десангиз қўймайди. “Сабабини тушунтиринглар бизга. Агар сабабини тушунтирсангизлар, кирмай қўяверамиз” десак ҳам “Йўқ, сабаби йўқ. Кирмайсизлар” деяверади охранниклари. Қолган миллатлар ўтиб кетаверади. Мисол учун, Тошкентдан келган бўлса, кўриниши европoид ирқига мансуб бўлиб оқ-сариқ бўлса, ўтиб кетаверади. Шуниси алам қилади, дея хафа бўлди Дилшод.

Озодлик мухбири ирқчилик ҳиди келган бу ҳодисани изоҳлашни сўраб Омскдаги “Триумф” савдо маркази маъмуриятига мурожаат қилди.

Дастлаб, “Триумф” супермаркети вазиятни изоҳлашдан бош тортди. Лекин Озодлик мухбири қистовларидан кейин супермаркетнинг ўзини Жанна Александровна деб таништирган маъмури, ҳақиқатан, марказий осиёликларни савдо маркази ичкарисига киритмаслик тўғрисида буйруқ борлигини тасдиқлади.

Лекин “бунинг иқрчиликка алоқаси йўқ”, дея таъкидлади Жанна Александровна:

- Нима десамикин, ҳа, ҳақиқатан бундай ички буйруқ бор, марказий осиёликларни киритмаслик тўғрисида. Энди бу улар тарафидан ўғрилик ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқ. Кейинги пайтларда ҳатто аёлларни ҳам ушладик, улар орасида ўзбеклар ҳам бор, деди “Триумф” супермаркети ходими Жанна Александровна.

Лекин кимдир ўғрилик қилган бўлса, у мансуб миллат вакилларини дўконга умуман киритмаслик қонунчиликка тўғри келадими, деган саволни суҳбатдошимиз жавобсиз қолдирди.

Омск шаҳрида меҳнат қилаётган фарғоналик Икромжон “Триумф” савдо маркази маъмурияти кўраётган чораларга эътирози йўқлигини айтади. Чунки, дейди у, ўғриликлардан ташқари марказий осиёликлар, хусусан ўзбеклар юриш-туриши билан бундай жойларга киритилишга лойиқ эмас:

- Бизнинг халқ, бизнинг бир хил одамлар ëмғир ëғиб ëтибдими оëғининг тагида 9 сантиметр лой, ботқоқдан шундай келади-да, эшикнинг тагига латта қўйиб қўйган “оëғингни артиб ичкарига кир”, бизникилар артмайди ака. Нимагаки ака, у ерда приличний одамлар юради. Масалан, хотиним билан кириши мумкинда. Ë бир қариндошим келиб қолиши мумкин. У жой шунақа приличний инсонлар юрадиган жойда. У ерда биттаси келиб қулоғининг орқаси кир бўлиб ëтса ëки икки ойдан бери баня қилмайдиган биттаси продукта олиб турса. Энди у инсонларга ëқмайдида бу туриши ҳам, дейди фарғоналик Икромжон.

Омск вилояти бўйича Омбудсмен идораси вакили Татьяна Николаевна одамларга нисбатан юриш-туришига кўра муносабат қилиш фундаментал инсон ҳуқуқларининг бузилишидир, дейди. Бундан ташқари, супермаркетга айнан марказий осиёликлар киритiлмаётгани рост бўлса, буни ирқчилик, деб тасниф қилиш мумкин, деди суҳбатдошимиз.

Татьяна Николаевна, ўзбекистонлик Дилшод ва “Триумф” супермаркетига киритилмаган бошқа меҳнат муҳожирларини Омбудсмен идорасига мурожаат қилишга таклиф қилди.

Россияда 5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги тахмин қилинади.

Ўзбекистонлик ва марказий осиёликлар шу пайтгача миллатчи гуруҳлар ҳужумига учраган, қулликка тушган, лекин уларнинг бирор муассаса ёки идорага очиқчасига киритилмаслиги ҳолати илк бор учрамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG