Линклар

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев америкалик боксчи Майк Шеппардни биринчи раундаёқ нокаут қилди. Жанг Германия пойтахти Берлиндаги Universal Hall аренасида 22 март куни уюштирилаётган бокс кечаси доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистонлик Руслан Чагаева америкалик боксчи Майк Шеппард ўртасида 10 раунд давом этиши керак бўлган жанг 1 раунднинг иккинчи дақиқасидаёқ нокаут билан якун топди.

Бу Руслан Чагаевнинг 2011 йил август ойида жаҳон чемпионлиги камарини россиялик рақиби Александр Поветкинга ютқазиб қўйиши ортидан қозонган тўртинчи ғалабасидир.

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги америкалик мураббийси Шугар Ҳилл қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келади.

Руслан сўнгги жангини ўтган йил 1 сентябр куни Германиянинг Оберхаузен шаҳрида ўтказган ва немис боксчиси Вернер Крайскоттни ҳам техник нокаут билан мағлубиятга учратганди.

Ўзбекистонлик боксчи бу йил кўпроқ жанг ўтказиб, шу йил охирида ўз вазнида жаҳон чемпионлиги камарига биринчи даъвогар мақоми учун рингга тушиш ниятида эканини билдирганди.

Руслан ўтган йил август ойида 10 йилдан буён шуғулланиб келган Германиянинг Хамбург шаҳридаги Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва охирги жангини эркин агент мақомида ўтказганди.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жами 34 та жанг ўтказган, шундан 31 тасида ғолиб чиққан.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.
XS
SM
MD
LG