Линклар

Полиция Березовский уйида радиактив модда изларини топмади


Беркшир графлигидаги Березовскийга тегишли бўлган уй ўраб олинган.

Беркшир графлигидаги Березовскийга тегишли бўлган уй ўраб олинган.

Россиялик таниқли миллиардер Борис Березовский вафот этган уйда ўтган тун давомида полиция экспертлари, радиолог, биолог ва атом соҳаси мутахассислари текширув ишларини олиб боришди.

-Ходимларимиз ҳеч қанақа шубҳали модда изларини топишмади, тергов давом этмоқда, - деди Беркшир графлиги полицияси вакили Саррей Саймон Боуден.

Владимир Путин режимининг ашаддий танқидчиси ўлароқ 2000 йилдан бери Британияда қувғинда яшаган Березовскийнинг жасади ўз уйида, ваннахонада топилгани ҳақида унинг куёви Егор Шуппе кеча Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилганди.

Беркшир графлиги полицияси биологик ва радиологик текширувлар эҳтиёт чораси сифатида ўтказилаётганини маълум қилди. Беркшир графлигидаги Березовскийга тегишли бўлган уй ўраб олинган.

67 ёшли Березовскийнинг жасади мазкур уйда шанба куни Лондон вақти билан 11 лар атрофида топилган.

Британия полициясига кўра, россиялик олигарх ўлими сабаблари аниқ эмас.

Айрим манбааларга кўра, сўнгги пайтларда россиялик корчалон анча тушкун кайфиятда юрган, молиявий қийинчиликларни бошдан кечириб келган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин Березовскийнинг ўлими ҳақида хабардор қилингани, лекин бунга ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирмаганини маълум қилди.

Бироқ Песковнинг айтишича, бир муддат олдин Лондонда яшаб келган Борис Березовский Россия президентидан кечирим сўраб, хат йўллаган ва ҳаётида қилган кўплаб хатолардан пушаймонда эканини билдирган.

Британияда сиёсий бошпана олган Березовский Россия ҳукумати томонидан қидирувда бўлган ва Москва Лондондан унинг экстрадиция қилинишини талаб қилиб келган. Россия Президенти Владимир Путиннинг танқидчиси бўлган россиялик собиқ жосус, Березовскийнинг сафдоши Александр Литвиненко 2006 йилнинг ноябрида Лондондаги шифохонада вафот этганди. Литвиненконинг ўлимига полоний-210 радиоактив моддасидан заҳарлангани сабаб бўлгани хабар қилинганди.


Хабарларга кўра, Березовскийнинг танасида зўравонлик излари топилмаган.

Россия агентликлари Березовский юрак хуружидан вафот этганини хабар қилмоқда. “Биринчи канал”нинг хабар қилишича, жорий ҳафтада Березовский бир нечта инфарктни бошдан кечирган.

Лекин Березовскийнинг ўз жонига қасд қилганига оид тахминлар ҳам йўқ эмас.

Ўтган йили Березовский россиялик бошқа олигарх, Лондоннинг Челси футбол командаси хўжайини Роман Абрамовични 5 миллиард долларлик даъво билан судга тортган эди. Лекин Березовский даъвоси қондирилмаган судлашув унга қимматга тушгани ва шу сабабдан у молиявий қийинчиликларга юз тутгани айтилаётган эди.

Борис Березовский ўтган асрнинг 90-йилларида Россиянинг энг нуфузли сиёсатчиларидан бири бўлган. Борис Елцин президентлиги даврида у ҳокимиятнинг энг юқори доираларига мансуб бўлган. 1996 йилда у Елциннинг қайта сайланишига ҳисса қўшган шахс ҳисобланади.


Миллиардер Березовский Владимир Путиннинг ҳам ҳокимият тепасига келишида муҳим рол ўйнаган. Лекин кўп ўтмай, у Путин режимнинг ашаддий танқидчисига айланган ва таъқиблардан қочиб, 2000 йилдан бери Британияда қувғинда яшаб келган.

Собиқ иттифоқ сиёсатчилари орасида нуфузи катта бўлган 1990 йилларнинг ўрталаридан у МДҲ ижрочи раиси бўлиб ишлаган. Ўшанда Березовскийнинг МДҲ ташкилотини ислоҳ қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қаршилигига учраган.

Лекин одамларни кўндириш қобилияти билан танилган Березовский 1999 йил январида Беларусда ўтказилган МДҲ саммити арафасида Тошкентга келади ва бир неча соатлик музокаралардан кейин Ислом Каримовнинг ташкилот ижроия котибияти ва ҳукуматлараро иқтисодий қўмитасини бирлаштириш бўйича розилигини олади.

Бу воқеадан кўп ўтмай, Россия Давлат думаси Березовскийни МДҲ ижрочи котиби лавозимидан четлатиш ташаббуси билан чиқади. Ислом Каримов Россия парламентининг бу ташаббусини кескин танқид қилади.

Березовский ўз бизнесини 1990-йиллар бошларида автомобил савдосидан бошлаган. Кейинчалик у нефт бизнесига ўтган ва Сибнефт ширкатини сотиб олган ҳамда Россиядаги энг йирик медиа-империяни яратган. 1990 йилларда унга нисбатан бир неча марта суиқасд уюштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG