Линклар

Буюк Британияда оламдан кўз юмган россиялик тадбиркор Борис Березовскийнинг ўлими сабаблари номаълумлигича қолмоқда.

Хабарларга кўра, Березовский Лондон яқинида жойлашган Суррей графлигидаги ўз уйида жон таслим қилган. Мазкур ҳодиса юзасидан текширув бошлаган Британия полицияси бу ўлимни “изоҳлаб бўлмайдиган”, дея тавсифлаган.

Айрим манбалар Березовскийнинг ўлими сабаблари орасида юрак хуружи ва ўз жонига қасд қилиш кабиларни ҳам айтмоқдалар.

Березовскийнинг ўлими ҳақидаги дастлабки маълумот шанба оқшомида унинг куёви Егор Шоппенинг Фейсбукдаги саҳифасида пайдо бўлди. Березовскийнинг вафот этганини Озодликка унинг сафдоши ва дўсти Юлий Дубов ҳам тасдиқлади.

Путин режимининг ашаддий танқидчиси ўлароқ танилган Борис Березовский 2000 йилдан буён Британияда қувғинда яшаб келган.

Россияда бу тадбиркорга нисбатан жиноят иши очилиб, Москва йилларча уни Лондондан экстрадиция қилинишини талаб қилиб келган.

Россия Тергов қўмитаси вакиллари, агар Березовский вафот этгани Британия томонидан расман тасдиқланса, тадбиркорга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ёпилиши ҳақида билдирганлар.
XS
SM
MD
LG