Линклар

Ўзбек-қирғиз чегараси: “Қайтпас” очилса, “Бирлашган” ҳам очилади


Ўзбекистон Қирғизистоннинг икки давлат чегарасидаги “Қайтпас” назорат-ўтказиш пункти очилган тақдирда, ўз томонидаги “Бирлашган” пунктини тўла ишга туширишга ҳозир.

Бу ҳақда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мамлакат Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилади.

Мазкур чегара пунктлари бошқа пунктлар қатори шу йил январ ойида Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида маҳаллий аҳоли ва қирғиз чегарачилари ўртасида юзага келган можародан сўнг ёпиб қўйилганди.

Феврал ойи бошида ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қанча пунктлар очилган, бироқ Қирғизистоннинг Барак анклави аҳолиси учун қулай бўлган “Оқтош” пункти ва Ўзбекистоннинг Сўх эксклави аҳолиси учун қулай бўлган “Қайтпас” пункти ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

Аввалроқ баракликлар Қирғизистоннинг бошқа ҳудудларига ўтиш учун тақрибан 25 километрлик масофани босиб ўтишга тўғри келаётганидан шикоят қилгандилар. Айни пайтда, маълум бўлишича, Қайтпас пункти ёпиқ қолаётгани туфайли сўхликлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ўтиш учун бугунги кунда қарийб 80 километрлик айланма йўлдан юришга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистонлик чегарачилар ўзбек-қирғиз чегарасида юзага келаётган бу каби муаммоларни ўзаро тенглик асосида ҳал қилишга доим тайёр эканларини билдирганлар.
XS
SM
MD
LG