Линклар

Ўзбекистон билан Қирғизистонни Ўш ва Андижон вилояти ўртасидаги “Дўстлик” чегара бекати боғлаб туради. Бир суткада 10 соатгина ишловчи бу бекатда кунига икки давлатнинг юзлаб фуқароси навбат кутади. Бошқа чегара бекатларидан ўтиш учун эса махсус чақирув телеграммаси бўлиши шарт. “Дўстлик”дан қатнаб юрганлар бу ердаги кутиш азоби жонга текканини айтиб, нолишади.

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Санжар Эралиев “Дўстлик” пунктидан бир неча бор икки давлатга қатнаб, у ердаги қийинчиликларга шахсан гувоҳ бўлиб қайтган.
Санжарнинг кўрган-кечирганларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.


2010 йилда Қирғизистонда бўлган апрел ва июн воқеалари даврида Ўзбекистон барча чегара бекатларини ёпиб, бир муддаттан сўнг Ўш ва Андижон ўртасидаги “Дўстлик” халқаро ўтказиш постини очди. Ўшандан бери икки давлат фуқаролари шу ердан бир-бириникига бориб келишади. Бошқа чегара бекатлари фақат чақирув телеграммаси бор кишиларни ўтказади холос.

Ҳаққингизни талаб қила кўрманг

“Дўстлик”дан ҳар куни 400-500 одам Ўзбекистонга, яна шунча киши Қирғизистонга ўтади. Ўтказиш пункти соат 8 дан кечки соат 6 га қадар ишлайди.

Тонг отиб-отмасданоқ бу ерда узундан-узун навбат пайдо бўлади. Бирининг қўлида эмизикли боласи, яна бирида катта сават...

Эртароқ ўтиб оламиз, деган умидда боласини ширин уйқудан уйғотиб, етаклаб келганлари ҳам анчагина. Кўпчилиги у давлатдан бу давлатга келин бўлиб тушган аёллар ва қариндошлардан хабар олишга ёки иссиқ-совуқ маъракага кетаётган кексалар. Улар навбати келгунга қадар ўтириб турай деса, юмшоқ ўриндиқ у ёқда турсин, қаттиқ ёғоч ҳам йўқ.

Ҳаммасининг кафтида сиёҳ билан ёзилган рақамлар бор. Бу уларнинг нечанчи навбатда экани белгисидир. Рақамларни чегара бекатида пул алмаштириб ўтирганлар ёзиб беришади. Адашиб кетмаслик учун у икки нусхада ёзилади. Бири қоғозга, бири кафтингизга...

Чегарадан эртароқ ўтиб олишни истаганлар ўтказиш пости ёнига тонги соат 4-5лардаёқ келишади. Бироз кечикса, навбатнинг охирига зўрға илашиши мумкин. Тонг отгандан сўнг келганларнинг рақами 300дан ҳам юқори бўлади.

Ўтказиш пункти тонги соат саккизда очилади. Аммо бу вақт қоғоздагина кўрсатилгандек. Чегарачилар айтилган вақтдан 20-30 дақиқа кечикиб иш бошлашига шахсан гувоҳ бўлдим. Унгача дарвозада катта қулф осиғлиқ туради. Бу орада навбат кутганлар умид билан темир тўсмага тикилиб туришади.

Қулф очилиши биланоқ одамлар ёппасига олдинга интилади. Лекин бундан фойда йўқ. Чегарачилар аввалига ўша ердаги юк машиналарини ўтказади, ундан кейингина одамларга навбат келади. Бу вақт оралиғида ёмғир ёғадими, қорми ёки изғирин шамол эсадими, кутганлар тик оёқда туришга мажбур.

Одамлар навбат талашиб, ўзаро жанжаллашиб кетиш ҳоллари ҳам бўлади. Бундай пайтда одамлар бир-бирини туртиб, ерга йиқилиб тушади ҳам. Ёш болалар совуққа чидамай ёки оч қолганидан йиғлаб, эсингизни келтиради.

Кўпдан бери чегарадан ўтиб юрганлар нон-чойи билан келишаркан. Сабаби, кун кўтарилмагунча бу ердаги дўкончалар ишламайди. Бундан хабари йўқлар эса қорин очлигига чидаб, навбатини кутиб, тураверади.

Айтганча, ҳожатхона масаласи ҳам алоҳида гапиришга арзийди. Санитария талабларига умуман жавоб бермаган ҳожатхона одамларнинг хизматида. У ерга кириб-чиқиш учун қирғиз пулига 15 сом, ўзбек пулига 1000 сўм тўлаш керак.

Ниҳоят чегара очилиб, одамлар битта-биттадан ўта бошлайди. Навбат кутишни хоҳламаганлар бошқача йўл тутади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, у ерда аскарлар билан ўзаро тил топишиб ишлайдиган икки-уч даллол бор. Уларга қирғиз пулига 200 сом, ўзбек пулига 12 минг сўм берсангиз, бошқа дарвозадан ўтказиб қўяди.

Дарвозадан ўтган билан қийинчилик озайиб қолмайди. Паспортингизга “Қирғизистондан чиқди” деган белги қўйдиришнинг ўзи бўлмайди. Қўлига муҳр ушлаб олган чегара ходими очиқчасига қирғиз пулига 100 сом сўрайди. Бундай ҳолатга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Агар ҳуқуқингизни талашиб, қонундан гапирсангиз, паспортингизни тортмасига солиб қўядида, сиздан кейингилар билан гаплашаверади.

У ерда ҳуқуқингиз ҳақида ёзиб қўйилган билдирувлар шунчаки осиб қўйилгандек. Қўпол муомала қилган чегарачиларнинг устидан шикоят қилинадиган ишонч телефонлари ёзиб қўйилгани билан унга эътибор қиладиган киши йўқ. Қариндош-уруғини кўргани ёки туй-маъракага кетаётган кишиларнинг чўнтагидаги пулнинг бир қисми чегарачиларнинг киссасига тушади.

Овоз чиқариб гапирган учун жазо

Қирғизистон чегарачиларидан ўтиб олгач, Ўзбекистоннинг ўтказиш пунктига келасиз. Яна қайта навбатга туриб, кафтингизга рақам ёзасиз. Бу ердаги навбатга туриш сал бошқачароқ. Қирғизистондан ўтаётганда эркак-аёл аралаш бир қаторга турган бўлсангиз, бу ерда аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида, боласи борлар алоҳида навбатга туришади. Ҳарбий аскарнинг буйруғи билан аёллардан иккита, фарзанди борлардан учта, эркаклардан битта одам навбатма-навбат ўта бошлайди. Билмасдан эркаклар аёллар томонга, аёллар эркаклар томонга ўтиб қолгудек бўлса, аскар йигит жазо сифатида 15 дақиқага дарвозани бекитиб қўяди. Очиб қўйишини илтимос қилсангиз ёки қаттиқроқ гапириб қўйсангиз, балога қолдингиз, навбатингизни орқангиздаги 10 кишига бўшатишга мажбурсиз.

Бу ерда бир аёл вагонда овқат-ош пишириб сотади. Аммо сал қимматроқ. Бир пиёла чой қирғиз пулига 5 сом, ўзбек пулига 250 сўм. Айтганча, чегара бекатининг атрофи ахлатга тўлиб кетган. Чунки, навбати келгунча бўш турмайин деганлар вагондаги савдогар опадан семичка олиб чақишади-да... У жойни чегара ходимлари тозалаши керакми ёки ўша жойда савдо қилиб, ҳожатхона орқали пул топаётганлар супириши керакми, униси бизга қоронғу.

Навбат Ўзбекистоннинг божхона ходимларига келганда аҳвол янада оғирлашади. Божхона декларацияси икки нусхада тўлдирилиши керак. Кетаётганларнинг кўпи кекса ёки болали аёллар бўлганлиги боис, декларацияни хато тўлдириб қўйса, божхона ходимидан сўкиш эшитади. Уларнинг ёнида ошиқча гапирганлар ҳам жазоланади. Ниманидир тушунмай божхоначига қайта-қайта савол берсангиз ёки шеригингиз билан баланд овозда гаплашсангиз жазоланасиз. Яъни ўрнингизни ортингиздаги 5 кишига бўшатасиз.

Кўтариб кетаётган сумкангизни компьютерда текширгач, ичидаги буюмларни сиртга чиқариб, яна бир бор битта-битта кўздан кечиришади.

Ўтказиш пунктининг кираверишига "Видеокамера, фотоаппарат ва қўл телефонини олиб ўтиш таъқиқланади" деб ёзиб қўйилгани боис, тасодифан телефонингиз жиринглаб қолса, аскарларга жарима тўлашингизга тўғри келади. Лекин қанча тўлаш кераклиги аниқ эмас. Улар сўраган пулни берасиз. Лекин бунинг учун сизга ҳеч қандай квитанция берилмайди. Шу боис мен овоз ёздирувчи воситамдан фойдалана олмадим.

Шундай қилиб, чегара бекатларидан минг азоб билан ўтасиз. Агар навбатингиз келгунча кеч кириб қолса, эртаси куни келишга ёки ўша ерда уйини ижарага берадиганларга пул тўлаб, ётиб қолишга мажбурсиз.

Қирғизистон фуқароси Ўзбекистонга ўтгач, уч кундан кўп юрадиган бўлса, тегишли ҳуқуқ-тартибот идорасига бориб, 5 доллар тўлаши ва маълум бир вақтгача яшаш учун рухсатнома олиши керак. Агар ундай қилмаса, қонун бузди деган айб билан жавобгарликка тортилади.

У ёки бу давлатга борганлар қайтишда истаган чегара пунктидан ўтаверса бўлади. Агар ортга яна “Дўстлик” орқали қайтмоқчи бўлса, кетишда кўрган азобни яна бир бор бошдан кечиришга тўғри келади.

“Дўстлик”даги аҳвол эса ҳар куни деярли бир хилда такрорланаверади...


Санжар Эралиев. 2013 йил март.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG