Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:41

Қирғиз мухолифати Жалолободда қурултой ўтказди


Жалолободдаги мухолифат митинги иштирокчилари.
Жалолободдаги мухолифат митинги иштирокчилари.

Лола инқилобининг 8 йиллиги куни Қирғизистон жанубида ўтказилган қурултойда мухолифат мамлакат расмийлари олдига саккиз қисмдан иборат талаб қўйди.


24 март куни Жалолобод шаҳридаги “Телтўру” отчопарида ўтказилган қурултойда сўзга чиққанлар 2005 йилнинг март ва 2010 йилнинг апрел ойлари воқеаларини, Қумтор олтин кони масаласи ва иқтидордаги шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида сўзладилар.

Хусусан, “Халқ овози” ҳаракати раҳбари Азимбек Бекназаров апрел инқилоби талаблари ярим-ёрти бажарилиб, оилавий бошқарув йўқ бўлгани билан бунга оид суд охирига етмагани, конституциявий ва суд ислоҳотлари амалга ошмай қолганини қайд этди. Бекназаровга кўра, эндиликда учинчи инқилобнинг лузуми йўқ, чунки бундан фақат бечораҳол кишиларгина жабр кўрмоқда, шунинг учун одамларнинг тафаккури ва қалбида инқилоб бўлиши керак.
Парламент депутати Равшан Жээнбеков эса расмийларни давлат идораларини ислоҳ қилишга чақирди.

- Президентнинг ҳокимият ваколатлари кундан кунга, ойдан ойга, йилдан йилга камайиб бориши керак. Ҳукумат бошқарувига, Жўғўрқу Кенешга (парламентга), губернаторликка, туман ҳокимияти, қишлоқ ҳукуматларига рақобат асосида чинакамига билимли одамлар келиши керак – қариндошларимиз эмас, ҳамюртларимиз эмас, жалолободликлар эмас, таласликлар эмас... Ким муносиб, ким давлатга чинакамига хизмат қила олса, ўшалар келиши керак. Шундай одамлар иқтидорга келмайдиган бўлса, давлатимиз аҳволини ўнглай олмаймиз, - деди Равшан Жээнбеков.

“Бутун Қирғизстан” партияси раҳбари Адахан Мадумаров эса сайловлардан баҳс этиб, одамларни ўз феъл-атворини тузатишга даъват қилди.

- Биров сайланмаётган бўлса, ўша сайлов натижаларини чиқарган комиссиянинг қарорларини кўтариб борган ким? Ўзимизнинг опаларимиз, ўзимизнинг дўстларимиз. Бунга фотиҳа берган ким? Ўзимизнинг оқсоқоллар. Чунки шўрва ичамиз. Чунки ўша пайтда 200 сўмдан (5 доллардан кўпроқ – таҳр.) пул олганмиз, юз граммдан ароғини ичганмиз. Биз доим ҳокимиятдагиларни ёмон, деб келамиз. Ўша ҳокимиятдагиларни иқтидорга олиб келган биз қанақамиз унда? Бу айниган замонда одамнинг ақлига эмас, чўнтагига қараб қолганмиз биз, - деди Адахан Мадумаров.

Айни пайтда сиёсатчиларнинг иқтидордагиларни танқид қилишига қўшилмайдиганлар ҳам бор. Хусусан, Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбири билан сўзлашган жалолободлик Ақибай Сўўрўнбаев амалдаги расмийларнинг нуқсонлари билан бир қаторда яхши ишлари ҳам бор. Унинг фикрича, давлат митинг, қурултойлар билан ривожланиб қолмайди.

- Мухолифатимиз - ўша эски мухолифат. Иқтидорга келолмай қолса, мансаб тегмай қолса, “мухолифатман, халқ номидан гапираяпман”, деб чиқаверишади. Иқтидорга келса ҳам, вазифасини уддалай олмай, яна қайтиб келади. Одамлар ҳам очиқ айтаяпти ҳокимият атрофида бир гуруҳ одамгина айланаётганини. Булардан тозаланишимиз керак. Булар билан аҳвол ўнгланмайди Қирғизистонда, - дейди Ақибай Сўўрўнбаев.

Жалолободда кеча бўлиб ўтган митингга, ташкилотчилар ҳисоб-китобларига кўра, ўн беш мингдан зиёд киши йиғилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари эса акция иштирокчилари сони олти ярим мингдан ошмаганини айтмоқда. Мазкур митингда марказий ҳокимият вакилларидан ҳеч ким иштирок этгани йўқ.

Қурултой якунида йиғилганлар расмийларга мурожаатан 8 қисмли талаблардан иборат қарор қабул қилишди ва бу талаблар бажарилмаган тақдирда, жой-жойларда халқ ҳокимиятини ўрнатилишини қайд этишди.
XS
SM
MD
LG