Линклар

Ўзбекистон сланец нефтини қазиб олишни бошламоқда


Ўзбекистон расмийлари Навоий вилоятидаги Сагрунтоғ конидан сланец нефтини қазиб олиш ишлари бошланишини айтмоқда. Расмий хабарларга кўра, 600 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида сланец нефтини ишлаб чиқариш орқали Ўзбекистонда нефт қазиб олиш кўрсаткичлари пасайгани билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш ва мамлакатнинг Қозоғистондан нефт импортига бўлган эҳтиёжини камайтиришга умид қилинмоқда.

Лойиҳанинг амалга тадбиқ қилиниши йилига 8 миллион тонна сланец нефти қазиб олиш ва 1 миллион тоннагача нефт маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишига имкон яратади.

Сланец нефти ёки кероген асосан қаттиқ кўринишдаги фойдали қазилма бўлиб, ундан термал ишлов бериш, суюлтириш ёки эритиш орқали нефт олинади. Ўзбекистон ҳудудидининг катта қисмида сланец конлари борлиги тахмин қилинади.

Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда нефт қазиб олиш камайган. Масалан, 2001 йилда 7,2 миллион тонна нефт қазиб олинган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 3,2 миллион тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистонда кейинги йилларда ёнилғи билан боғлиқ муаммолар, айниқса, кескинлашган.

Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метрдан ошиқ табиий газ қазиб олинишига қарамасдан ўзбекистонликларнинг аксари ўтган қиш мавсумини кўмир ва ўтин билан чиқарди.

Мамлакат бўйлаб, бензин ва дизел ёнилғиси тақчиллиги давом этаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG