Линклар

Россияда нодавлат ташкилотлари офисларида тинтув давом этмоқда


2012 йилда қабул қилинган қонунга биноан хориждан молиявий кўмак оладиган нодавлат ташкилоти "хорижий агент" ҳисобланади

2012 йилда қабул қилинган қонунга биноан хориждан молиявий кўмак оладиган нодавлат ташкилоти "хорижий агент" ҳисобланади

Россияда ҳуқуқ-тартибот органлари нодавлат ташкилотлари идораларини тинтув қилишни давом эттирмоқда. Душанба куни прокуратура ходимлари Москвадаги Amnesty International – Халқаро Амнистия ташкилоти офисига тинтув ўтказгани келдилар.



Amnesty International ташкилотининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Сергей Никитин ташкилот офисида душанба куни “аввалдан режалаштирилмаган тинтув” ўтказилаётганини тасдиқлади.

- Душанба куни эрталаб, Москва прокуратурасининг уч ходими ва солиқ идорасидан бир киши келиб, биздан нусхалари талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини кўрсатишди,- деди Amnesty International вакили.

Никитиннинг айтишича, терговчилар пайдо бўлишидан кўп ўтмай тинтув ўтказилаётгани ҳақида лавҳа тайёрлагани расмий телевидение мухбирлари етиб келишган.

- Орадан 15 дақиқа ўтар-ўтмас, ўзларини НТВ телеканали журналистлари деб таништирган одамлар эшикни жиринглатишди. Албатта, улар офис ичкарисига киритлмади,- деди яна Никитин.

Россиядаги “Инсон ҳуқуқлари учун” ҳаракати ҳам душанба куни ўз офисида тинтув ўтказилаётганини маълум қилди.

Ҳаракат етакчиларидан бири Александр Букваревнинг айтишича, душанба куни эрталаб ташкилот офисига прокуратура, солиқ идораси ва адлия вазирлиги вакиллари келишган.

“Биз уларга ҳеч қандай ҳужжатларни бермаймиз. Улар яқинда бизни текширишган ва барча ҳужжатлар адлия вазирлигига тақдим қилинган”, деди Букварев.

“Инсон ҳуқуқлари учун” ҳаракати раҳбари Лев Понамарёв Москва шаҳар прокурори Сергей Кундеевга хат йўллаб, ташкилот офисида тинтув ўтказилиши қонунга зид эканидан шикоят қилди.

Понамарёв ўз мактубида “ташкилот томонидан амалдаги қонунчилик бузилганига оид маълумот бўлсагина” тинтув ўтказиш мумкинлигини таъкидлади. “Бизга бундай асос борлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот тақдим этилмади”, дея ёзди Понамарёв.

Ўтган ҳафта охиридан бери бутун Россия бўйича юзлаб нодавлат ташкилоти идораларида тинтув ўтказилди.

Amnesty International жума куни баёнот эълон қилиб, Россиядаги нодавлат ташкилотларининг тафтиш қилинаётгани “2012 йилда қатор чекловчи қонунлар қабул қилиниши ортидан фуқаролик жамиятига нисбатан босимнинг кучаяётгани белгисидир”, дея таъкидлади.

Amnesty International, Frontline Defenders ва Human Rights Watch халқаро ташкилотлари эълон қилган қўшма баёнотда айтилишича, кейинги икки ҳафта ичида биргина Москванинг ўзида камида 30та ташкилот идорасида тинтув ўтказилган. Россиянинг яна 13та минтақасида ҳам кўплаб ташкилотлар тафтиш қилинган.

Amnesty International ташкилотига кўра, асосан хориждан молиявий ёрдам оладиган ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулландиган ташкилотлар тафтиш нишонига айланмоқда. Бу 2012 йилда бошланган таъқиб кампаниясининг навбатдаги босқичидир, дея баён қилди ташкилот.

Amnesty International баёнотида “прокуратура биргина Санкт Петербург шаҳрида 100га яқин ташкилотни тафтиш қилишни режалаштираётгани” тўғрисида маҳаллий матбуот хабарлари ҳам келтирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG