Линклар

1 апрелдан Ўзбекистонда газ ва электр қуввати қимматлайди


Ўзбекистонда апрель яна янги нархлар билан бошланади

Ўзбекистонда апрель яна янги нархлар билан бошланади

Ахборот агентликларининг табиий газ нархи ошажаги тўғрисидаги хабарини Тошкент шаҳри туманларидан бирининг газ таъминоти идораси вакили тасдиқлади.

-Ҳа, 1 апрелдан газ нархи ошади, деди вакил.

Хабар қилинишича, 1 апрелдан бошлаб газ ўлчагичи бор истеъмолчилар (гап аҳоли устида кетаяпти) табиий газнинг 1 куб метри учун 139 сўм 80 тийин тўлайди.

Ахборот агентликларининг “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, 1 апрелдан бошлаб жорий этиладиган янги нархлар 2013 йилнинг 15 мартида Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Намангандаги “Водийгазтаъминот” идораси вакилининг айтишича, шу кундаги нархлар бундайдир:

-Ҳисоблагичи борларга ҳозир 122 сўм 85 тийин.

-Ҳисоблагичи йўқларгачи?

-Ҳисоблагичи йўқлар тўлайдиган газ ҳақи истеъмолчининг хонадони ҳажми, оиласида неча киши борлигига қараб чиқарилади, деди “Водийгазтаъминот” идораси вакили.

Хабарларда айтилишича, хонадонида газ ҳисоблагичи йўқ истеъмолчи табиий газнинг ҳар куб метри учун шу кундаги 212 сўм ўрнига 1 апрелдан бошлаб 242 сўмдан тўлайди.

Иситиш учун сарфланган газнинг 10 куб метри учун аҳоли 1 апрелдан бошлаб 1121,6 сўм тўлайди. Шу кундаги нарх эса, 985,6 сўмдир.

Табиий газнинг йирик экспортчиларидан бири бўлган Ўзбекистонда аҳолига сотиладиган газ нархи ўтган йили 2 марта – 2012 йил 1 апрелидан ҳамда 1 октябридан 14 фоизданга оширилган эди.

2013 йил 1 апрелидан бошлаб жорий этиладиган янги нархлар ҳам ҳозиргиларидан тақрибан 14 фоизга ортиқ.

Ўзбекистон табиий газни Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитойга экспорт қилади.

2013 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда электр қуввати нархлари ҳам ортади.

Бу маълумотни “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлар ташқи савдо компанияси матбуот хизмати тасдиқлади.

-Нархлар ошиши тўғрисидаги хабарлар рост, сайтимизда барча маълумотлар мавжуд, деди “Ўзбекэнерго” расмий вакили.

Компания сайтига кўра, 1 апрелдан бошлаб аҳоли 1 кВт соат электр энергия учун шу кундаги 104 сўм 40 тийин ўрнига 1 апрелдан бошлаб 112 сўм 20 тийин тўлайди.

Электр плиталар билан жиҳозланган турар-жой аҳолиси эса, 1 кВт соат учун шу кундаги 52 сўм 20 тийин ўрнига 56 сўм 10 тийин тўлайди.

Айтилишича, аҳоли электр қуввати учун қарзини 10 апрелгача эски (шу кундаги) нархларда тўлаши мумкин.

Электр қуввати Ўзбекистонда нархи сўнгги бор 2012 йилнинг 1 октябрида оширилган эди.

2013 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда газ ва электр қувватидан ташқари совуқ ва иссиқ сув нархлари ҳамда канализация хизмати учун тўловлар ҳажми тақрибан 14 фоизга ошади.

Ўзбекистонда коммунал хизматлар нархи кейинги йилларда йилда икки бор - баҳор ва кузда оширилиши одат тусига кириб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG