Линклар

Озодлик таҳририятига келиб тушган шикоят мактубида Фарғона вилоятининг Тошлоқ, Ёзёвон, Қўштепа туманлари ва Марғилон шаҳридаги Электр тармоқлари корхоналарида ишчиларнинг дам олишсиз ишлатилаётганидан арз қилинди. Озодлик мухбири шикоят изидан бориб, муаммонинг қисман тасдиғини топди.


Дам олишсиз ишдан шикоят

Озодликнинг электрон манзилига йўлланган мактубда айтилишича, Фарғона вилоятида номлари тилга олинган туманлар Электр тармоқлари корхоналари ходимлари дам олишсиз ишлашга мажбур қилинмоқда.

Мактубда айниқса, аҳоли уйларидаги электр ҳисоблагичларни назорат қилувчи ва аҳолидан электр токи учун қарзни унидиришга масъул назоратчиларга дам берилмаётгани айтилди.

Қуйида мактубдан иқтибосни ўқинг:

"Ассалом- алайкум Алишер ака, Биз Фаргона вилояти Тошлоқ тумани Электросет ташкилоти ишчилари номидан сизларга хат жунатяппиз. Би знинг ташкилотда мехнат код екси купол рав ишда бузилади. Ахоли билан ишледиган назоратчиларга умуман дам олиш куни йук.(амалда дам олиш куни йук, когозда оф ициалний шанба, якшанба куни дам) Хатто якшанба куни хам. Бу хол ат нафакат биз нинг, колаверс а бошка туманл арда хам мисол учун Куш тепа туман, Ёзё вон туман, Марг илон шахар кис каси Фаргона вилоятидаги барча элетросет ташкилотларида ахвол шуна ка. Дам олиш кундан бошликларга огиз очсанг, ёк маса аризангни ёзишинг мумкин дейди", дейилади мактубда.

Мактубда яна ёзилишича, дам олишсиз ишлаётган назоратчиларга яна кундалик нагрузка ҳам қўйилган.


Кунига юзта ҳисоблагични текшириш мажбурияти

Яъни, электр тармоқлари идораси назоратчиларига кунига 100 тадан хонадондаги электр ҳисоблагич кўрсаткичини қайдга олиш мажбурияти юкланган.

"Бошликларнинг топиб олган тушум, отти калласидек тушум режа куйилади ва 100 тадан ахолининг счётчик курсаткичларини бир кунда тўплаш керак. Шу хатимизни радиоларинда укиб эшиттирилар, зора биз назора тчиларнинг нолалари юкоридаги казо-казол арга етиб бори б, бизга хам дам о лиш куни бериш ар", деб ёзилади Фарғона вилоятининг бир неча туманидаги электр тармоқлари идораси ходимлари номидан ёзилгани айтилган мактубда.

Фарғона вилоятининг мактубда номлари тилга олинган ва яна бошқа бир неча туманларидаги электр тармоқлари идораларига боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик.

Натижада, якшанба – дам олиш кунида ҳам қатор туманлар, жумладан Ёзёвон, Қўштепа туманлари, шунингдек, Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги Электр тармоқлари идораларининг аксар ходимлари якшанба куни ишга чиққани аён бўлди.


Қишки мавсумда электрчига иш кўп

Дам олиш кунида ишга чиқарилгани сабабини номи тилга олинган идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаган ходими ишнинг кўплиги билан изоҳлади.

- Йўқ, ҳозир дам олиш йўқ. Ҳали қишки сезонку бизда, қишки сезонда иш кўп бўлади бизда. Энди бригадаларимиз ўзлари келишиб, кейин дам беришади бир-бирига, деди Электр тармоқлари идораларидан бирининг ходими.

Аммо бу ходимнинг сўзларига кўра, ишга чиқилган дам олиш кунлари бошқа иш кунлари ҳисобидан — қишки мавсум кризиси ўтиши билан ходимга дам олиш куни берилади.

Озодликка келиб тушган шикоят мактубида номи тилга олинган Ёзвон тумани Электр тармоқлари идорасига яқин манбанинг Озодликка исми сир қолиши шарти билан айтишича, 24 март куни бу туманда ҳам ходимлар ишга чиққан.

Бу манбанинг айтишича ҳам, дам олиш куни тушки соат 12 гача ишлаб, кейин уйларига рухсат берилган ходимларга бошқа кун дам олиш берилиши ваъда қилинган.


Дам олиш куни берилиши ваъда қилинмоқда

Ушбу манбанинг сўзларини Ёзёвон тумани Электр тармоқлари идорасининг раҳбари, деб тақдим қилинган Шуҳрат Мерожалиев исмли шахс қисман тасдиқлади.

Суҳбат аввалида якшанба куни ўзининг ҳам ишга чиққани, чунки аҳоли қарздорлиги боис иш ҳаддан кўпайиб кетганини айтган электросет раҳбари ходимлари орасидан фақат қарздорларининг светини узишга масъул бўлган ва авария хизмати ходимлари ишга чақирилганини айтди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган бу мутасадди якшанба куни ишлашга мажбур бўлган ходимларига бошқа иш кунлари ҳисобидан дам беришини айтар экан, шикоят мактубидаги муаммо унинг ташкилотига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотларни тўлиқ инкор қилди.

"Ҳозир ҳаммаси ҳуқуқини биладику, биз дам олиш куни ҳаммани ишга чиқарганимиз йўқ. Фақат шу аварийниклар чиқади, ундаям авария бўлган бўлса. Уларам кейин дам олиш куни олади", деди мутасадди.


Қиш ичи йиғилган қарз баҳорда муаммо бўлади

Аммо, Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган яна бир назоратчининг айтишича, баҳор ойларига келиб Электр тармоқлари идораси ходимларининг иши кўпайиши кейинги йилларда одатий ҳолатга айланмоқда.

Чунки, қиш ойлари ичида газ бўлмагани боис аҳоли чекланган тартибда берилган электр токидан имкон қадар кўпроқ фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

- Свет келиши билан ҳамма электр плиткасини ёқадими, ҳам уйини иситади, ҳам овқатини қилади, чойини қайнатадими?! Ток шиғиллаб айланишни бошлайдими?! Кейин қарздорлик ҳам ошиб кетадида. Тўлашга келганда, пул йўқ. Россиядан келган пул тугаган уже, хуллас аҳвол шуда, деди фарғоналик назоратчилардан бири.

Унга кўра, шу боис ҳам ҳозир аҳолидан электр токи учун пул ундиришга масъул электр тармоқлари идоралари ходимлари деярли ҳар куни ишга чиқмоқда.


Қарздорликни тугатишга қаратилган кескин чоралар

2012 йил давомида туманлар ва шаҳарлардаги Электр тармоқлари идоралари ходимларининг дам олишсиз ишлашга ва аҳолидан қарздорликни ундиришга мажбур қилинаётгани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келиб тушган.

Зеро, ўтган йилидан бошлаб Ўзбекистонда миллионлаб сўмларга айланиб кетган аҳоли қарздорлигини тугатиш бўйича кескин чоралар қўллана бошлади.

Бу чоралардан бири ҳозир муомалада бўлган электр ҳисоблагичларни юқори аниқликда ишловчи янги моделга алмаштириш бўлди ва бу ҳол аҳоли қарздорлиги нисбатан юқори бўлган Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кузатилди.

Кескин чоралардан яна бири эса жойлардаги Электр тармоқлари корхоналари назоратчиларини ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашуви остида қисувга олиш бўлди.

Жумладан, Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги идорада масъул лавозимда ишлашини айтган ва исмини сир тутишимизни сўраган ходим туман ҳокимлиги қарздорликни ходимларнинг ўзидан ундиришга уринганини иддао қилган эди.

"Қарздорлик ошиб кетган туманимизда. "Нима қилсанг қил, ундир", деди ҳоким. Қандай ундирасиз, одамлар тўламаса! Кейин бизнинг отделни бўйнига илиб ташлашди, ҳозир менгаям иш очишган", деган эди ўзини Қашқадарё вилоятидаги туманлардан бирининг Электр тармоқлари идораси мутасаддиси, деб таништирган суҳбатдош.

Ўтган йилнинг декабр ойида Озодликнинг "Эркин микрофон"ига боғланган бу мутасадди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг мартида Қарши шаҳридаги Электр тармоқлари корхонасининг 60 га яқин назоратчиси аҳолига лимитдан ортиқча ток бергани учун ёзма равишда огоҳлантирилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, бу вақтга келиб Қарши аҳолисининг электрдан қарзи 33 миллиард сўмдан ошиб кетгани маҳаллий ҳокимиятни шунақа кескин чора кўришга мажбур қилган.

Зеро, “Ўзбекэнерго” давлат ширкати тизимидаги Электр тармоқлари корхоналари аҳолининг электр энергиясидан қарзи кўплигини айтиб келади. Электр узилишлари ҳам айнан қарздорлик билан хаспўшланади.

Аҳоли эса сурункали чироқ ўчишидан қарзи йўқ хонадонлар ҳам азият чекаётгани, аксар ҳолларда ҳали берилмаган электр токи учун ҳам пул ундириш ҳолларидан шикоят қилиб келади.

2011-2012 йиллар давомида қарздорлиги баланд хонадонларни судга бериш ва шу орқали электр токи ҳаққини ундириш ҳоллари кўп кузатилди.

Мисол учун, маҳаллий матбуот биргина Самарқанд вилояти судларида 2011 йилнинг иккинчи ярмида 8 миллиард 530 миллион сўмлик қарзни ундириш бўйича 227 та даъво аризаси кўриб чиқилганини хабар қилган эди.

Электрдан қарздорликни камайтиришнинг яна бир чораси ўлароқ эса кейинги бир неча йил ичида аҳолига узатилаётган электр токини янада чеклашга қаратилган сиёсат қўллана бошлади.

Яъни, жойлардаги Электр тармоқлари корхоналари махсус жадвал асосида аҳоли пунктлари ва давлат ташкилотларига берилаётган электр токини чеклай бошладилар.

2011 йилдан бошлаб эса катта шаҳарлар, ҳатто, Тошкент шаҳрида ҳам аҳолга бериладиган электр токини чеклашга қаратилган махсус жадваллар ишлаб чиқилгани кузатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG