Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:53

Ўзбекистон чегарадаги “Бирлашган” пунктини очишга тайёр...


Central Asia - Map of the Uzbek exclave of Sokh in Kyrgyzstan
Central Asia - Map of the Uzbek exclave of Sokh in Kyrgyzstan
...фақат бунинг эвазига Қирғизистон ҳам “Кайтпас” пунктини очиши лозим.

Бу ҳақда 12news.uz сайти Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати баёнотига таяниб ўтган ҳафта охирида хабар қилди.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон томонининг бу масала бўйича расман мурожаат қилгани тўғрисида маълумот йўқ.


Гап Ўзбекистоннинг атрофи Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх эксклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси билан қирғизистонлик чегарачилар ўртасида жорий йилнинг 5 – 7 январ кунлари содир бўлган инцидентдан кейин юзага келган вазиятга боғлиқ.

Ўзбекистон Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакилининг 12news.uzга билдиришича, инцидентдан сўнг Қирғизистон Чегара хизмати ташаббуси билан икки давлат чегара хизматлари чегарадаги айрим ўтказиш пунктлари фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга келишган.

Натижада Ўзбекистоннинг “Риштон”, “Чашма”, “Ленбург”, “Қизилқиёқ”, “Ғазнов”, “Тул”, “Водил” пунктлари ҳамда Қирғизистоннинг “Кайтпас”, “Чечме”, “Апкан”, “Бўз-адир”, “Ак-оток”, “Отукчи-а/д”, “Кадамжай” ўтказиш пунктлари фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакили бундай деган:

“Лекин қирғиз томони пайдо бўлган вазиятдан фойдаланиб, Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси ўтадиган “Кайтпас” ва “Апкан” ўтказиш пунктлари фаолиятини мутлақо тўхтатиб қўйди. Сўх тумани аҳолисининг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш чоғида юзага келаётган муаммолари тўғрисида ўзбек томони бир неча бор мурожаат қилишига қарамай, қирғиз томони бу масалани кўриб чиқмаяпти ва буни “Кайтпас” ва “Апкан” ўтказиш пунктларининг ҳукуматлараро Келишувга киритилмагани билан изоҳламоқда”, деган Ўзбекистон Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакили.

У сўхликлар “Кайтпас” пункти ёпиқлиги сабабли Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига “Водил” пункти орқали 50 км ортиқча йўл юриб қатнаётгани ва бу ҳолат тўғрисида қирғиз томони аҳолига информация бермаётгани тўғрисида гапирган.

Маълумки, Сўх инцидентидан кейин Ўзбек-Қирғиз чегарасининг бу эксклавга алоқаси йўқ бошқа участкасидаги – Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги чегарага яқин жойлашган Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолиси учун ҳам муаммолар пайдо бўлган,

Сўхнинг чегараларини қирғизлар ёпиб қўйганига жавоб тариқасида ўзбеклар Барак қишлоғи чегараларини ёпиб қўйган эди.

Баракдаги вазиятга тўхталар экан, Ўзбекистон Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакили бундай деган:

“Қўшни давлатлар ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини таъминлаш ва ўзбек-қирғиз чегарасини кесиб ўтиш учун яхши шароитлар яратиш мақсадида ўзбек томони Барак қишлоғи аҳолисининг “Ўзбекистон” ўтказиш пункти орқали ҳеч қандай тўловлар ва монеликсиз ўтиши учун шароитлар яратилган”, деган матбуот хизмати вакили.

Боз устига, давом этади у, “Бирлашган” ва “Барак” ўтказиш пунктлари ҳукуматлараро Келишувга киритилмаганига қарамай, бу пунктлардан Барак қишлоғининг тиббий ёрдамга муҳтож аҳолиси ва кексалари Қирғизистоннинг асосий ҳудудига ўтказилмоқда.

Ўзбекистон вакилига кўра, шунингдек, қирғизистонликларга Боткен вилоятини Ўш шаҳри билан боғлайдиган “Япағи-Водил” автомобил йўлидан фойдаланишга ҳам изн берилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакили агар Қирғизистон томони сўхликлар ўтувчи “Кайтпас” ўтказиш пунктини очса, баракликлар ўтувчи “Бирлашган” ўтказиш пунктини очишга тайёр эканлигини билдирган.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати вакили Гулмира Бўрубаеванинг Озодликка билдиришича, ўзбек томонининг “Кайтпас” эвазига “Бирлашган”, деган масала бўйича қирғиз томонига расман мурожаат қилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Унинг айтишича, ёпиқ турган чегара пунктлари фаолиятини қайта тиклаш бўйича қарор чегара хизматлари даражасида эмас, ҳукуматлар даражасида қабул қилинади.
XS
SM
MD
LG