Линклар

Грузияда президентнинг ваколатлари чекланди


Грузия президенти Михаил Саакашвили.

Грузия президенти Михаил Саакашвили.

Грузия парламенти кеча ўтказилган навбатдан ташқариги сессияда Конституцияга киритилган президент ваколатларини чекловчи тузатишларни маъқуллади.


Мазкур тузатишларга мувофиқ, бундан буён мамлакат президенти парламент розилигисиз бош вазир ёки вазирлар маҳкамасини истеъфога кетказиш ва тайинлаш ҳуқуқига эга эмас.

Шунингдек, агар депутатлар давлат раҳбари томонидан ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқламайдиган бўлсалар, президент парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Айни пайтда президент ўз муддати якунидаги олти ой ичида парламентни тарқатиб юборолмайди.

Мазкур тузатишларни Грузия парламентидаги 150 депутатдан 114 нафари ёқлаган.

Бу қадам Грузия президент Михаил Саакашвили ва бош вазир Бидзина Иванишвили ўртасидаги алоқалар таранглигининг юмшашига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракат ўлароқ кўрилмоқда.


Иванишвили эндиликда Саакашвилининг иккинчи ва сўнгги президентлик муддати тугайдиган октябр ойигача у билан ҳокимиятни бўлишишига тўғри келади.

Грузияда ҳокимият учун кураш ўтган йилги парламент сайловларидан бери давом этиб келмоқда. Ўшанда Саакашвилининг Бирлашган миллий ҳаракати Бидзина Иванишвили бошчилигидаги “Грузия орзуси” мухолифат коалициясига ютқазиб қўйганди.

Сўнгги уч ой ичида Саакашвили режимининг бир неча собиқ амалдори ҳибсга олинган, унинг партияси фаоллари эса турли қонунбузарликларда айбланиб, сўроққа тортилган.
XS
SM
MD
LG