Линклар

Шимолий Корея стратегик ракеталари АҚШнинг Гуам ва Ҳавайи ороллари ҳамда мамлакатнинг асосий қисмидаги ҳарбий базаларига қаратилганини эълон қилди.

Давлатга қарашли Корея марказий хабар агентлигига кўра, бу қарор АҚШдан келаётган ҳарбий таҳдидга жавобан қабул қилинган. Расмий Пхеньян ўз ракета кучларини тўла жанговар тайёргарликка келтирганини билдирди.

Душанба куни АҚШ ва Жанубий Корея Пхеньян томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳужумга қарши биргаликда жавоб қайтариш тўғрисида келишув имзолаган эди.

Расмий Пхеньяннинг таҳдидомуз баёнотидан аввал Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Ви Йонг-Суб Сеулда ўтказилган матбуот анжуманида шимолни огоҳлантириб, бундай деди.

- Шимолий Корея ўтмишда бўлгани каби яна провокация қиладиган бўлса, ҳарбийларимиз бунга жавоб қайтаради,- деди Сеул расмийси.

Шимолий Корея ўтган йилнинг декабрида орбитага сунъий йўлдош учирган, лекин Қўшма Штатларнинг материк қисмигача етиб бора оладиган узоқ масофали ракетага эга эмаслиги айтилади.

Ўтган ойда Пхеньян учинчи марта ядровий синов ўтказгани БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни кучайтиришига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG