Линклар

logo-print

Олимлар Ўзбекистоннинг сланец нефти қазишига ишонмаяпти


Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи. Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда нефть қазиш ҳажми кескин қисқариб кетган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи. Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда нефть қазиш ҳажми кескин қисқариб кетган.


Нефть ва газга оид янгиликларни ёритишга ихтисослашган Neftegaz.ru сайти Ўзбекистон сланец нефти қазиб олиш учун бурғулаш ишларини бошлаганини куни кеча хабар қилди.Бироқ маҳаллий ва қозоғистонлик икки геолог олим бу хабарга шубҳа билан қаради.

Neftegaz.ru нима деб ёзди?


Нефть ва газга оид янгиликларни ёритишга ихтисослашган ва таҳририяти Москвада жойлашган сайтга кўра, сланец нефтини қазиш учун бурғулаш ишлари Навоий вилоятининг шимолидаги Сангрунтов конида бошланган ва бу ишлар Марказий Осиё ҳудудида илк бор сланец нефти қазиб олишга уринишдир.

Қазиб олинажак сланецни қайта ишловчи завод “йилига 1 млн тонна маҳсулот, шу жумладан 300 минг тонна атрофида нефть маҳсулоти ва 500 минг тонна углеводород ишлаб чиқаради“.

Завод 3 йилда қуриб битказилади. Лойиҳа баҳоси 600 млн АҚШ долларига тенг.
neftegaz.ru сайти, шунингдек, Ўзбекистонда ёнувчи сланецнинг заҳираси 47 млрд тонна, деб баҳоланиши, бу маъдан 600 метр чуқурликда жойлашгани тўғрисида ёзди.

Сайтга кўра, Ўзбекистон 2001 йили 7,2 млн тонна нефт қазиб олган бўлса, 2011 йилга келиб бу рақам 3,2 млн тоннага тушиб кетган, нефт истеъмоли эса, 6,7 млн тоннадан 4,4 млн тоннага тушиб кетган.

Ёнувчи сланецдан олинадиган нефт бу соҳада йилдан йилга қисқариб бораётган ҳажмни қайта тиклашга хизмат қилиши мумкин.

Сланец нима?

Гап нима ҳақда бораётганини яхшироқ тушуниш учун бу саволни ўзбекистонлик мутахассис, геология фанлари номзоди Мўътабар Аҳмедовага бердик.

-Сланец ер остида жуда кучли босим ва иссиқлик таъсирида ҳосил бўладиган жинсдир. Ўзбекистоннинг нефть ва газ қазиладиган ҳудудларида сланец, гўёки уйнинг поли ва шифти ролини ўйнайди. Ўртадаги нарсанинг бир ёққа жилиб кетишининг олдини оладиган бир муқовадир, деб тушунтирди геолог Мўътабар Аҳмедова.

Neftegaz.ruга кўра, 1 тонна ёнувчи сланецни қайта ишлаш жараёнида 110 килодан 250 килограммгача суюқ углеводрод ёнилғиси (нефтнинг аналоги) ва 40 кг газ олинади.

Геолог Мўътабар Аҳмедовага кўра, Ўзбекистон ҳудудида ёнувчи сланец йўқ ва бинобарин у сайтнинг хабарига ишонмайди.

“Ўзбекнефтегаз” матбуот хизматининг масаладан хабари йўқ

Биз “Ўзбекнефтегаз”нинг матбуот хизмати билан ҳам боғландик. Хизматнинг ўзини таништирмаган ва биз билан рус тилида гаплашган ходими сўзларидан унинг ўрганаётганимиз масаладан мутлақо хабари йўқлиги маълум бўлди. Ходим бизга компаниянинг бурғулаш ишлари билан шуғулланувчи мутахассисларига мурожаат қилишни масалаҳат бериш билан чекланди.

Қозоғистонлик олим ишонмади

Neftegaz.ruнинг хабарида мавзунинг Қозоғистонга тегишли бир жиҳати ҳам борки, шунинг учун шу мамлакатлик эксперт, Иқтисодиёт институти директори Оразали Сабден билан боғландик.

У гапни сланецни қазиб олиш ва қайта ишлаш ўта қимматга тушадиган иш эканлигидан бошлади.

-Чунки, сланецни қайта ишлаш учун энг янги технологиялар зарур, бу биринчидан, иккинчидан, Ўзбекистонда ёнувчи сланец заҳиралари мавжудлиги тўғрисида маълумотга эга эмасман, ҳар ҳолда заҳиралар дунё реестрида бу ҳақда маълумот йўқ, деди Оразали Сабден

Қозоғистонлик олимнинг сўзлари neftegaz.ru хабаридаги мана бу сўзларни эслатди:

-Масаланинг битта ЛЕКИНИ бор. Гап шундаки, сланец қатламини гидравлик ёриш жараёнида жуда катта миқдорда сув керак бўлади”

Нашр Ўзбекистон шароитида сув катта муаммо эканлигига урғу берган.

Neftegaz.ru ўз хабарида “сланец нефти Ўзбекистоннинг Қозоғистондан нефть импортига қарамлигига барҳам беради”, деб ёзган.

Қозоғистонлик олим Оразали Сабденнинг айтишича,

-Қозоғистон Ўзбекистонга нефт экспорт қилмайди.

Хабар муаллифининг айтганлари

Хуллас, Neftegaz.ruнинг бир қарашда хуш бўлган хабари саволларни кўпайтириб юборди.

Шунинг учун хабар муаллифи – Анатолий Вяземский билан боғландик.

Унинг айтишича, хабарни тайёрлар экан, асосан, Ўзбекистон ҳукумати тарқатган информацияларга таянган.

-Ва мен бу информациянинг ишончли эканига ишонаман, чунки, ёнувчи сланец масаласи билан дангасаларгина шуғулланмаяпти, деди журналист.

-Лекин, давом этди, у, сланец билан боғлиқ муаммо шундаки, Ўзбекистонда уни қазиб олиш учун етарли сув йўқ. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати бу соҳадаги ишларни тўхтатиб қўйган бўлиши мумкин. Бу жўн лойиҳа эмас ва Ўзбекистоннинг техник ва технологик имкониятлари уни амалга ошириш учун етарли эканлиги факт эмас, деди москвалик журналист, neftegaz.ru сайтида эълон қилинган хабар муаллифи Анатолий Вяземский.

Маълумотларга қараганда, АҚШ сланец нефти ва гази ишлаб чиқаришда етакчи ўринни эгаллайди. Сланец заҳиралари Европанинг бир қатор мамлакатларида мавжудлиги аниқланган.

Шунингдек, Австралия, Ҳиндистон, Хитой ва Канадада ҳам газ ишлаб чиқариш мумкин бўлган сланец заҳиралари борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG