Линклар

logo-print

Ўзбекистонга смартфон олиб кириш чекланди


Ўзбекистонга олиб кирилиши чекланажак импорт моллари илк рўйхатидан смартфонлар ҳам ўрин олди.

Ўзбекистонга олиб кирилиши чекланажак импорт моллари илк рўйхатидан смартфонлар ҳам ўрин олди.

Ўзбекистонга олиб киришда кескин чекловга учраши кутилаётган импорт маҳсулотларнинг дастлабки рўйхатидан халқ истеъмоли молларининг 10 дан ортиқ тури ўрин олди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар март ойи охирига қадар яна бир рўйхат эълон қилиши ва ундан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаётган истеъмол молларининг асосий қисми ўрин олишини кутмоқда.

Ўзбекистонга олиб кириш чекланадиган импорт товарларига оид илк рўйхатдан қуйидаги буюмлар ўрин олди:

- уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа ‎тармоқлари учун телефон аппаратлари,
- овқатни тайёрлаш ва иситиш учун қурилма,
- кондиционерлар,
- электр ёки бошқа турдаги музлатгичлар, ‎
- совутгичлар,
- уй-рўзғор идишларини ювиш машиналари,
- маиший ёки кирхоналар учун кир ювиш ‎машиналари,
- чангютгичлар,
- микротўлқинли печлар,
- маиший турғун электр плиталари,
- телевизион ва видео билан ишловчи ускуналар,
- Қисилган ёки суюлтирилган газ учун идишлар ва ҳоказо.

Lex.uz сайтида берилган ҳужжатга кўра, булар "махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган четдан келтириладиган истеъмол товарлари”дир.

Бу эса мазкур товарлар Ўзбекистонга олиб кирилар экан, божхоначиларнинг қўшимча текширувидан ўтказилиши шарт эканини англатади.

Бундай қўшимча текширувлар Ўзбекистон президентининг энг зарур озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларининг Ўзбекистонга импортини кескин чеклаш тўғрисидаги 29 январ кунги қарори ортидан жорий этилгани айтилди.

Ҳозирча Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасидан бу чекловга оид аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, бироз муқаддам Озодликка сўзлаган Фарғона водийсидаги божхона масканларидан бирининг ходими янги қарор билан апрел ойидан бошлаб импорт қилинадиган товарлар учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони кўпайганини айтган эди.

Унга кўра, шу пайтгача ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 75-қарорга биноан “Ўзбекистон Республикасига импорт бўладиган ҳар битта товар божхона кўригидан ўтказилиб келаётган" эди.

Эндиликда эса тужжорлар импорт товарларнинг “номи, миқдори, оғирлиги ва юкларнинг қиймати, шунингдек, Товарлар тарифи ва кодини мувофиқлаштириш системаси асосида қўйилган кодига оид тўлиқ маълумотни" божхоначиларга тақдим этишга мажбур.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш нияти билан изоҳланган бир неча ҳужжат эълон қилинган, аммо товарларнинг рўйхати берилмаётган эди.

Исми айтилишини истамаган тошкентлик иқтисодчи илк рўйхатга қўшимча равишда яна бир рўйхатнинг пайдо бўлиши кутилаётганини айтди.

“Мен бугун эрталаб божхоначилар билан гаплашдим. 1-2 апрел кунларига бориб асосий рўйхат чиқади, дейишди. Ўша рўйхат ҳал қилувчи рўйхат бўлади ва ундан истеъмол молларининг аксарияти ўрни олади”, деди иқтисодчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Импорт қилинаётган товарларга махсус назоратдан ўтганини билдирувчи белги ёпиштириш янги тартиб-қоидада кўрсатилган талабнинг фақат биридир.

Бундан ташқари, бу истеъмол молларининг Ўзбекистонга қандай транспорт воситасида олиб келинаётгани ҳақида божхона органларига тақдим этиладиган янги ҳужжатлар рўйхати ҳам ишлаб чиқилган.

Товарни ҳаво транспортида олиб келувчилар 4 та, темир йўлда ташувчилар 3 та, автомашина ва сув транспортида ташувчилар 8 тадан қўшимча ҳужжат тақдим этиши лозим.

Шунингдек, янги тартибга мувофиқ божхоначилар товар эгаларидан товар ҳақида чет тилларда ёзилган характеристикани ўзбек ёки рус тилларига таржима қилиб келишларини талаб қилишга ҳам ҳақли бўлдилар.

Халқаро миқёсда танилган Bosch брэнди остидаги уй-рўзғор буюмларини Ўзбекистонга келтираётган тошкентлик тадбиркор қўшимча текширувлар учун камида икки ҳафта, кўпи билан эса 1 ой вақт кетиши мумкинлиги айтди.

"Бунинг устига қанча ҳаражат кетади. Яна қанча асаб. Хуллас, товар қимматлайдида. Бизнинг харидор учун Bosch и так қиммат. Савдо секинлайдида, қисқаси. Биз энди олиб кираверамиз, лекин сал мелкийроқ тадбиркорлар синадида", деди тошкентлик тадбиркор.

У ҳозирча чегарадан олиб кираётган импорт маҳсулотлари устидан қўшимча назорат ўрнатилганига гувоҳ бўлмаганини айтди.

Айни пайтда турли расмий манбаларда чекловнинг қонуний кучга кириш муддати турли хил кўрсатилмоқда.

Президенти қарор матнидан бу муддатнинг 1 апрел экани англашилган эди. Аммо, Lex.uz сайтидаги ҳужжатда илк рўйхат бўйича қўшимча назоратни бошлаш муддати 25 феврал қилиб кўрсатилган.

Тошкентлик иқтисодчи эса божхоначиларга таяниб, бу муддатнинг 10 апрел экани ҳақидаги яна бир маълумотни берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни 2013 йилнинг 29 январида имзолаган эди.

Президентнинг 29 январ кунги қарори тўғрисида фикр билдирган кузатувчилар чеклов кучга киргач, мамлакат бозорида товар тақчиллиги юзага келишини тахмин қилмоқдалар.

Бундай тахмин қарор муаллифининг ўзида ҳам йўқ эмасга ўхшайди.

Чунки ҳужжатда хориждан келтирилаётган кенг истеъмол моллари импорти чеклангач, уларнинг ўрнини маҳаллий маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш учун жойларда ярмаркалар ташкил қилиш режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG