Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

AI Шамсиддиновнинг бедарак йўқолишидан ташвишда


58 ёшли Салим Шамсиддинов 15 мартдан бери бедарак.
58 ёшли Салим Шамсиддинов 15 мартдан бери бедарак.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Тожикистон расмийларини Хатлон вилояти ўзбеклар жамияти лидери Салим Шамсиддиновнинг бедарак йўқолиши бўйича зудлик билан текширув бошлашга чақирди.


Касби ҳуқуқшунос бўлган 58 ёшли Шамсиддинов, яқинларининг айтишларича, 15 март куни эрталабки соат 6.30 да уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмаган. Эртаси куни унинг яқинлари милицияга мурожаат қилганлар ва Шамсиддинов бедарак йўқолган шахс ўлароқ қайдга олинган.

Amnesty International вакилларига кўра, Салим Шамсиддиновнинг йўқолиши сиёсий сабабларга эга ўғирлик бўлиши мумкин.

Салим Шамсиддинов ўтган йилнинг 5 май куни Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Хатлон вилоят бошқармаси биноси қаршисида бир гуруҳ шахслар томонидан аёвсиз калтаклаб кетилганди. Маҳаллий манбалар бу ҳужумни Шамсиддиновнинг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюси билан боғлашган. Мазкур интервьюда, маълум бўлишича, у Тожикистон ҳукуматини миллатчилик сиёсатини юритаётганда айблаб чиққан.

Тожикистоннинг мухолифатдаги Социал-демократик партияси раҳбари Раҳматилло Зоиров ҳам Шамсиддиновнинг йўқолиши ортида сиёсий сабаблар турганини тахмин қилади. Унга кўра, бу бедарак йўқолиш Салим Шамсиддиновнинг президент сайловлари тўғрисдаги қонунга ўзгартиш киритишга уринаётган гуруҳдаги фаол иштироки ҳамда Тожикистондаги этник ўзбекларни 2013 йил ноябрига белгиланган президентлик сайловларида Зоировга овоз беришга чақиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Шамсиддинов Хатлон вилоятида яшовчи этник ўзбекларга нисбатан камситиш ҳолатлари бўйича оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишни мўлжаллаб юрган.

Amnesty International сиёсий мухолифатнинг фаол тарафдори бўлмиш Салим Шамсиддинов Тожикистонда ўтказиладиган президентлик сайловларига бир неча ой қолганда дараксиз ғойиб бўлгани юзасидан хавотир билдиради.

Халқаро ташкилот Тожикистон расмийларидан ҳуқуқшуноснинг йўқолишини тезкорлик билан текшириб, унинг қаерда эканини аниқлаб, текширувнинг бориши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришга чақиради.

Amnesty International вакилларига кўра, агар Салим Шамсиддинов ҳибсга олинган бўлса, ҳукумат зудлик билан унинг қаерда эканини очиқлаши, унинг олдига оила аъзолари ва адвокатини киритиши ҳамда уни зарур тиббий ёрдам билан таъминлаши лозим.

Шунингдек, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти расмий Душанбени президентлик сайлови арафасида сиёсий фаоллар, уларнинг тарафдорлари ва яқинлари таъқиб, таҳдид ва қатағоннинг бошқа турларидан чўчимасдан тинч тадбирларда иштирок эта олишлари учун уларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган.
XS
SM
MD
LG