Линклар

Ислом Каримовнинг миокард инфарктига учраганига оид расман тасдиғини топмаган хабарлар Интернет нашрларида қўлма-қўл бўлиб кетган айни кунларда¸ Озодлик Ўзбекистон ахборот иқлимидан бевосита хабардор журналистларга шундай савол билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 19 март куни Тошкентдаги Миллий боғда ўтказилган расмий Наврўз тантаналаридан сўнг миокард инфарктига учраганига оид хабарлар кейинги кунларда Ўзбекистонга оид янгиликларни ëритувчи мустақил ва мухолиф Интернет агентликлари ҳамда нашрларидаги бош хабарга айланди.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан етиб келаëтган хабарларга қараганда¸ бу янгилик оғизма-оғиз халқ орасида ëйилиб¸ аҳоли орасида турли миш-мишлар урчишига сабаб бўлган.

Ҳозирча на Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ва на давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари президент саломатлигига оид жамоатчиликка бирор ахборот бергани йўқ.

Фақат расмий лавозими Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий намояндаси бўлган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 26 март куни ўз Twitter саҳифасида¸ бу хабарни тарқатаëтганларни “ахмоқ”қа чиқариш орқали¸ бу овозaларни билвосита инкор қилди.

27 март куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида президент Каримовнинг Оқсаройда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилганига оид расмий хабар пайдо бўлди.

Давлат телеканаллари ҳам кечки хабарларда Каримовнинг Идрисов билан учрашганига оид видеотасвирни намойиш қилди ва бу аксар кузатувчилар томонидан¸ президентнинг соғ-саломат ўз вазифасини давом эттираëтганига оид расмий тасдиқ сифатида қабул қилинди.

Ислом Каримов саломатлигига оид бир-бирини инкор қилувчи хабарларнинг пайдо бўлиб¸ бу хабарларнинг жамоатчилик орасида шов-шув уйғотиши Ўзбекистон каби матбуот учун мутлақ ëпиқ давлатда ўз вақтида ишончли ахборот олишнинг қанчалар қийинлигини яна бир бор намойиш қилди.

Асосий вазифаси жамоатчиликка тезкор¸ айни пайтда ишончли ва ҳаққоний хабар етказиш бўлган мустақил журналистлар бундай вазиятда ўз ишларини қандай амалга оширишлари лозим?

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк ва ҳозирча ягона президент оғир хасталикка учраб ўз вазифасини бажара олмай қолса¸ ëхуд у вафот этса¸ мустақил ахборот воситалари¸ айниқса¸ хорижда жойлашган журналистлар давлат ва халқ учун ўта муҳим бу воқеани қандай ëрита оладилар?


Озодлик мухбири Ўзбекистондан ахборот олиш жараëни билан бевосита таниш беш нафар журналистга ана шу савол билан мурожаат қилди:

Аркадий Дубнов¸ “Московские новости” газетасининг халқаро янгиликлар бўйича махсус мухбири:

- Ўзбекистон каби ëпиқ жамиятда жамоатчиликни энг кўп қизиқтираëтган савол юзасидан расмий оммавий ахборот воситаларининг ўзларини ҳеч нарса бўлмагандек тутишларига чидаш ҳам қийин¸ ҳам кўнгилсиздир.

Айни кунларда нафақат оддий ўзбекистонликлар¸ балки қолган дунëни ҳам Ўзбекистон президенти саломатлигига оид маълумот қизиқтирмоқда. Аммо бу ҳақда расмий манбалардан аниқ хабар олишнинг иложи йўқ ҳисоби. Бундай вазиятда биз нима қилишимиз керак? Имкон қадар ўзимиз ишончли деб билган манбалардан хабар олиб¸ уларни бир жойга тўплаб¸ узуқ-юлуқ хабарлардан битта ҳақиқатга яқин янгилик чиқаришга уринишдан бошқа чорамиз йўқ.

Ўзбекистон давлат тизимлари бизни яна худди СССР пайтида қўлланилган усулларга қайтишга мажбур қилмоқда. Брежнев¸ кейинчалик Андропов саломатлигига оид қандай маълумот тўплаган бўлсак¸ Каримов ҳақида ҳам шундай ишлашга мажбурмиз.

Маркус Бенцман¸ германиялик мустақил журналист:

- Каримовнинг касал ëки касал эмаслиги¸ инфаркт бўлган-бўлмаганига оид интригалар Ўзбекистон каби авторитар режимларнинг қанчалик заиф эканини яна бир бор кўрсатди. Авторитар давлат тепасида ўтирган ягона ҳукмдор ҳам ҳамма қатори бир банда¸ у ҳам касал бўлиши мумкин ва куни етиб¸ у ҳам ўлади. Аммо муаммо бу хасталик ва ўлим¸ у бошқариб келган бутун тузумга таҳликадир¸ шунинг учун ҳукмдор саломатлиги ва ўлимига оида ҳақиқий ахборот ўз-ўзида энг олий давлат сирига айланади.

Иккинчидан¸Каримовнинг касаллигига оид миш-мишлар Ўзбекистон ҳукуматининг нормал ахборот сиëсати юрғизишга қодир эмаслигини яна бир бор очиқ кўрсатди. Нормал давлатда¸ президент ëки қайсидир вазир саломатлигига оид бирор хабар тарқалса¸ дарҳол президент матбуот хизмати ëхуд вазирликка телефон қилиб¸ тасдиқлаш ëхуд инкор қилиш имкони бор. Бор-йўғи шу. Аммо Ўзбекистонда бундай имкон мутлақ йўқ.

Хўш¸ бундай давлатда мен президентнинг сағ ëки касаллигини қандай биламан? Мен врач эмасманки¸ унинг ëтоғига кириб¸ саломатлигини текшириб чиқсам. Мен хоҳлайманми-йўқ¸ Каримовга оид хабарни ўрганиш учун ëн-атрофдан маълумот тўплашга уринишга мажбурман. Расмийлар менга жавоб бермагач¸ норасмий манбалардан хабар оламан. Кейин¸ ўзлари менга лом-мим демаган расмийлар мени миш-миш¸ ëлғон ва асоссиз маълумот тарқатишда айблай бошлайдилар.

Жаноблар¸ марҳамат¸ ўзингиз бизнинг саволимига ҳа ëки йўқ деб¸ очиқ ва қисқа жавоб беринг ва мен ҳам қандайдир аноним манбалар¸ хориж дипломатлари ва ҳоказоларга телефон қилишу¸ бундай “миш-миш” тарқатишни тўхтатай!
Каримовнинг миокард инфарктига учраганига оид оддийгина хабарнинг ахборот дунëси¸ қолаверса¸ жамоатчилик орасида кучли қизиқиш уйғотганига қараб¸ бу мавзудаги тўғри ëки ëлғон хабарнинг жамиятни хавфли даражада жунбушга солишини кўрсатди.

Ола Вестерберг¸ Швеция миллий ахборот агентлигининг халқаро янгиликлар бўлими мухбири¸ TeliaSoneiraнинг Ўзбекистонда коррупцияга аралашганига оид журналистик суриштирув муаллифларидан бири:

- Мен Ўзбекистондан ишончли маълумот олишнинг қанчалик қийинлигини¸ журналист тоқатини тоқ қилиб юборишини яхши биламан. Расман маълумот олиш йўллари тақа-тақ бекик бўлган бундай давлат ҳақида хабар тарқатар эканман¸ мен тажрибада синалган ўз ишончли манбаларимгагина ишониб иш кўришга мажбурман.

Халқаро хабарлар билан ҳар куни ишлайдиган одам сифатида¸ Каримовнинг саломатлигига оид хабарни биринчи тарқатишдан кўра¸ бу ҳақда аниқ¸ расман тасдиқланган хабар тарқатиш муҳим деб биламан. Расмий тизимлар бу ишни қилмаса¸ бошқа расмий каналлар бор. Хориж дипломатлари¸ ана шундай манбалардан бири бўлиши мумкин.

Сергей Ежков¸ Uzmetronom Интернет газетаси бош муҳаррири:

- Атиги битта манба томонидан ташланган нотўғри хабар ахборот агентликлари томонидан қўлма-қўл бўлиб кетди ва бундай вазиятда Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг ëмон ишлаëтгани шундоққина кўриниб қолди. Зотан¸ президентга оид аниқ ва расмий хабар тарқатиши лозим бу манба ҳозирга қадар бу миш-мишларни тўхтатиш учун бир оғиз сўз айтмади. Бошқа томондан¸ очиқдан-очиқ ëлғонга нима учун муносабат билдириш керак¸ деган жиҳатда ҳам жон бор.

Бундай вазиятда журналист соғлом ақл ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиши керак¸ деб ўйлайман. Соғ одамни касалга чиқариш¸ президентга сен ҳам эртами-кечми ўласан¸ деб қўлни бигиз қилиш журналистнинг иши эмас¸ деб ўйлайман.

Ўзбекистон каби матбуот учун ëпиқ давлатда биз ҳаммамиз миш-мишлар¸ тахмин ва овозалар билан ишлашга мажбурмиз. Аммо президентнинг соғ ëки бетоблигига оид хабарни тарқатар эканмиз¸ ҳеч бўлмаса¸ буни билвосита тасдиқловчи далилларни қўлга киритишимиз шарт.

Мен учун бундай далиллардан бири¸ кўча-кўйлардаги вазият¸ биринчи галда¸ хавфсизлик вазиятидир. Агар президент жиддий бетоб бўлса¸ хавфсизлик чоралари дарҳол кучайтирилади ва Тошкентдаги кундалик ҳаëт маромида дарҳол сезиларли ўзгариш кўзга ташланади. Ҳозирча мен на жамоатчилик орасида фавқулодда бир асабийлик¸ на кундалик ҳаëт режимида бирор ўзгаришни кўрмадим¸ ва шунинг учун¸ ишонч билан президентнинг соғлиғи жойида ва Ўзбекистондаги вазият назорат остида¸ нормал¸ дея оламан.

Алексей Волосевич¸ тошкентлик мустақил журналист:

- Бундай вазиятда президентнинг саломатлигига оид олдиндан бирор аниқ ва ишончли хабар топишнинг имкони йўқ. Бутун Россия ва Ғарб журналистлари бир неча кундан бери шу ишнинг орқасига тушди¸ лекин аниқ бир маълумот ола олмади. Шунинг учун биз фақат қандайдир билвосита ишоратларга асосланишга мажбурмиз.

Масалан¸ бугун президент Қозоғистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди¸ деб расмий хабар тарқатилди ва бу президент саломатлиги жойида деган¸ билвосита мужда. Эртага Сенатнинг 11-ялпи мажлиси бўлади. Агар президент бу мажлисда қатнашса ва буни телевизорда кўрсатишса¸ демак¸ яна ҳаммаси жойида дегани бўлади. Шу боис¸ биз фақат ўз кўрганимизга асосланишга¸ ҳар хил миш-мишларга берилмасликка мажбурмиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG