Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

Тошкент бозорларида қўй қимматлади


Тошкент бозорларида қўй қимматлагани ва шу кунларда энг сара қўй нархи 2 ярим миллион сўмга чиққани айтилмоқда. Қўй олди-сотдиси билан шуғулланаётган манбаларга кўра, воҳада ем-ҳашакнинг озайгани, Тошкентда эса қимматлагани қўй нархи ошишига сабабдир.



Кейинги бир неча йил ичида бўрдоқига қўй боқиш билан шуғулланаётган тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев шу кунларда Тошкент бозорига чиқиб, қўй сотганини айтди.

- Мен куни кеча битта қўй сотиб, ўрнига икки ойлик қўзи олдим 700 минг сўмга. Жуда қимматлаган қўй. Энг олди қўй бозорда 2 ярим миллион сўмга турибди. Сигирни пулигада. Жуда қимматлаб кетган,- деqди Мусаев.

Бўрдоқига қўй сотадиган яна бир тошкентлик суҳбатдош Ботиржон ака ҳам қўйнинг қимматлаб кетганини айтди.

- Ўтган бозорларда 150-200 мингга сотилган қўзилар 350-400 минг сўмга турибди. Қимматлаб кетган, тегиб бўлмайди,- дейди Ботиржон ака.

Унинг сўзларига кўра, қўйнинг қимматлаб кетгани турли сабабларга боғланмоқда.

- Қашқадарё тарафлардан келардида йўқ. Мен ўзим ҳам қўй олиб, боқиб сотишга қизиқаманда. Бу бозорда чиқсам, воҳадан қўй кам, йўқ деса бўлади,- дейди Ботиржон ака.

Қашқадарёлик Озодбекнинг сўзларига кўра, эса у яшаб турган ҳудудларда ҳақиқатда ҳам қўй озайган.

Озодбек бунинг икки сабабини тилга олди. Биринчи сабаб, ўтган йили Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қўйлар орасида тарқалган чечак касаллиги боис қўйларнинг озайганидир.

- Жиззах тарафлардан касаллик келди ўтган йили эсингизда бўлса. Қўйлар бизда ҳам қирила бошлади. Бунинг устига ўтган йили қурғоқчилик ҳам бўлган. Шунга одамлар ҳам касалликдан қўрқиб, ҳам ем-ҳашакдан қисилишдан қўрқиб, қўй-молларини сотиб юборган эди. Биз тарафларда масалан ҳозир қўй камайган, дейди Озодбек.

Ўтган йили Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида номаълум вакцинадан чечак касали тарқалган ва республика бўйлаб жами 45 минг қўй ўлгани расман хабар қилинган эди.

Аммо, Озодликка бу борада маълумот берган жиззахлик чўпонлар расмий рақамнинг кескин озайтирилгани, аслида шу вилоятнинг ўзида 3-4 минглаб қўйи чечакдан қирилган чўпонлар кўп экани ҳақида айтган эдилар.

Ўзбекистон Давлат Ветеренария хизмати номаълум шароитда тайёрланган вакцина сентябр ойида Ўзбекистонга кириб келгани ва унинг таркибида Ауески (ҳайвонларда кескин ўтадиган, юқумли, соҳта қутуриш касаллиги-энц.) касаллиги вируси аниқланганини маълум қилган эди.

Чорсу бозорида савдо қиладиган Жаҳонгир Шосалимов қўй бозоридаги қимматлаш тез орада гўшт нархига кўчишидан хавотир билдирди.

- Ҳозирча гўшт қимматлагани йўқ. Нархи ўша. Лекин, қўй қимматлагани бор гап ва тез орада бу нарх гўштда ҳам кўриниши табиий. Бунинг устига 1 апрелдан газ ва электр токи қимматлаши бозордаги нарх-навога кўчади, одатдагидай. Бу йил қиш совуқ бўлди, газ қиммат. Одамларда қарздорлик жуда баланд. Бу сиёсий муаммода ҳозир. Нарх масаласи жиддий сиёсий масалага айланиб қолганку, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон ҳукумати 1 апрелдан Ўзбекистонда газ ва электр қуввати қимматлашини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG