Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Тожикистонда паст пошнали пойафзал кийган талабалар дарсга қўйилмаяпти


Тожикистон давлат педагогика университети. Душанбе шаҳри.
Тожикистон давлат педагогика университети. Душанбе шаҳри.

Тожикистон давлат Педагогика университетининг паст пошнали пойафзал кийган талаба қизлари олийгоҳга киритилмаяпти. Университет ректори бу ҳақда буйруқ бергани айтилмоқда.


Чоршанба куни ректор буйруғидан бехабар қолиб, Тожикистон Педагогика университетига паст пошнали пойафзалда келган талаба қизлар олийгоҳ эшигидан кира олмай ортга қайтдилар.

Олийгоҳнинг Мавзуна ва Насиба исмли икки талабаси “мокасин” русумидаги паст пошнали пойафзал кийгани учун дарсдан чиқариб юборилди. Уларнинг айтишларича, илгари бир хил рангли кийимлар киймагани учун униерситет раҳбариятидан дакки эшитган, энди эса уларнинг пойафзалига эътироз билдирилмоқда:

- Биз паст пошнали пойафзалга одатланганмиз. Биз кийган пойафзалимиз оёғимизда эркин туришини ва юриш учун қулай бўлишини истаймиз. Ахир баланд пошнали пойафзал саломатлик учун ҳам зарарку. Қизлар “мокасинка”ларни 60-80 сомони (12-15 АҚШ доллари)дан сотиб олган. Энди яна қиммат нархдаги пошнали пойафзал сотиб олиши керакми? Баъзи қизларимизнинг бунга шароити ҳам йўқ,- дейди талаба қизлардан бири Мавзуна.

Мавзуна ва Насибага ўхшаб паст пошнали пойафзал кийган талаба қизлардан жуда кўпчилиги дарсга киролмади. Университет ректорининг ўзи олийгоҳга кириш дарвозасида қоровуллик қилиб турди.

Университет хотин-қизлар кенгаши раиси Ражабмоҳ Қосимова Озодлик билан суҳбатда Тожикистон маориф вазирлигининг талабалар учун ягона кийим-бош жорий қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси асосида бундай қарорга келинганини маълум қилди:

- Биз ўқитувчи тайёрлаймиз ва истаймизки, талабаларимиз ҳамма вақт чиройли ва бошқаларга ибрат бўладиган бўлсин. “Мокасинка”лар қизларимизни ҳақиқатан хунук қилиб кўрсатади. Шунинг учун ҳам сал баландроқ пойафзал кийишларини талаб қилдик. Чунки ҳам қадду қомати гўзал бўлади, ҳам одам ўзида ишонч пайдо қилади,- деди Ражабмоҳ Қосимова.

Тожикистонлик травмотолог Баҳодир Шамиев фикрича, қизлар пойафзали камида 3-4 сантиметр пошнали бўлиши керак:

- Баъзи қизлар “шпилка”ли пойафзал кийишади. Бу ҳам меъёрдан ортиқ. Натижада умуртқага, тиззаларга ва бўғимларга зарар етади. Бироқ пошнасиз ковушларнинг ҳам зарари кам эмас. Бундай пойафзаллар оёқ кафтининг шакли бузилишига ёки текис товонлилик (плоскостопие) касаллигини келтириб чиқаради,- дейди травмотолог Баҳодир Шамиев.

Тожикистон Педагогика универститети ректори Абдужаббор Раҳмонов бундан илгари ҳам талабалар кийинишига бир қанча тақиқ қўйгани билан “танилган” эди.

У халқ маорифи вазири бўлган пайтда, талаба қизларга рўмолда дарсга келишни, талаб йигитларга эса соқол қўйишни тақиқлаган эди.
XS
SM
MD
LG