Линклар

logo-print

Гулнора Каримова футбол ишқибозлари жаҳлини чиқарди


Футбол мухлисига кўра, Гулнора Каримова футболчилар ва мухлисларни табриклаётиб, ўзини “худди президент сингари тутган”.

Футбол мухлисига кўра, Гулнора Каримова футболчилар ва мухлисларни табриклаётиб, ўзини “худди президент сингари тутган”.

Сешанба куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида беллашди. Ўзбекистон терма жамоасининг 1:0 ҳисоибидаги ғалабаси билан якунланган учрашувдан кейин ўйин майдонига Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова тушиб келиб, футбол ишқибозларини олқишлади. Бу эса янги қурилган стадионга тўпланган ишқибозларнинг эътирозига сабаб бўлди.



Гулнора Каримова Ўзбекистон-Ливан ўйинидан кейин “Бунёдкор” майдонга тушиб келгани ҳақида Озодликка футбол ишқибозларидан бири гапириб берди.

Унинг айтишича, Гулнора Каримова тан соқчилари қуршовида майдонга чиқиб келиши томошабинлар учун ноқулайликлар яратган.

“Гулнора, худди президент сингари, ўртага тушиб келди. Атрофида махсус одамлар, футбол федерацияси президенти билан тушиб келиб, ҳаммани табриклади. Худди ўйнни футболчилар эмасу, у ютгандай. Томошабинларнинг ҳаммасини турғизиб қўйишди, ҳеч қаерга чиқармасдан. Футбол мухлисларининг роса жаҳли чиқди бундан”, деди президент қизи ҳаракатларидан хафсаласи пир бўлган футбол ишқибози.

2014 йил Бразилияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида ўтказилган Ўзбекистон-Ливан учрашуви бошланмасданоқ мунозараларга сабаб бўлди. Футбол чипаталарининг чекланган миқдорда сотилгани ишқибозлар норозилигига сабаб бўлди.

Вазиятга яна Гулнора Каримова аралашиб, ишқибозларга муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилди. Лекин 30 мингга яқин чиптадан 6 мингтасигина сотилгани айтилди. Натижада сотувга чиқарилган чипталар қўлда 100 минг сўмгача сотилгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Футбол федерациясидаги манбалар қолган чипталар коллеж ва университетлар талабалари орасида тарқатилганини айтишди. Буни хавфсизлик чораси сифатида талқин қилинди ва янги қурилган “Бунёдкор” футбол стадионида бўлиб ўтадиган илк ўйинга шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи келиши мумкинлигига оид тахминлар илгари сурилди.

Лекин Ўзбекистон термаси Ливан устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қилган ўйинга президент эмас, қизи келди.

Озодлик билан Skype орқали гаплашган футбол мухлисига кўра, Гулнора Каримова футболчилар ва мухлисларни табриклаётиб, ўзини “худди президент сингари тутган”.

Президентнинг тўнғич қизи сифатида Гулнора Каримова Ўзбекистон перзиденти ворислигига асосий даъвогарлардан бири, деб кўрилади. Кейинги йилларда у жамоатчилик тадбирларида тез-тез кўриниш берадиган бўлиб қолган. Бунадн ташқари ўзи ҳам жамоатчилик фикрини яратишга қаратилган турли тадбирларга ҳомийлик қилади.

Гулнора Каримова сешанба куни ворисликка яна бир даъвогар Ўзбекистон Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимовни коррупцияда айблаб чиқиши, улар орасида ҳокимият учун кураш бошлангани ишораси сифатида талқин қилинди.

Каримова хоним Twitter саҳифаси орқали Рустам Азимов ва унинг оила аъзоларини давлат пулларини ўзлаштирганликда айблади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG