Линклар

Ўтган йил мобайнида Ўзбекистон пойтахтидаги квартираларнинг 1 квадрат метри ўртача нархи 592 АҚШ долларига етди. Бу эса аввалги йилга солиштирганда 11,5 фоизга кўпроқдир.


Бу ҳақда Sion Research ахборот-таҳлилий маркази томонидан куни кеча эълон қилинган ҳисоботда айтилади.

Ҳисоботга кўра, 2012 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда сотувга қўйилган квартираларнинг квадрат метри харид нархи 7,8 фоизга ўсган.

Ўзбекистон пойтахтида ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида бозорга чиқарилган квартираларнинг 60 фоиздан кўпроғини 40 квадрат метрдан 80 квадрат метргача бўлган уйлар ташкил қилади.

Sion ҳисоботида айтилишича, зикр этилган муддат ичида 61 квадрат метрдан 70 квадрат метргача майдонга эга бўлган квартиралар энг кўп сотувга қўйилган бўлиб, улар квартира бозорининг 17,3 фоизини ташкил қилган. Энг кам сотувга қўйилган квартиралар эса майдони 20 кв. метргача уйлардир.

Ҳисоботга мувофиқ, ўтган йили бетонли уйлардан кўра ғиштин уйлар харидоргирроқ бўлган. Бундай квартиралар нархи бетондан қурилган уйлардаги муқобил майдонга эга квартиралардан 20 фоизга қиммат бўлган.

Тошкент шаҳрида маклерлик фаолияти билан шуғулланадиган 37 ёшли Маликанинг айтишича, айниқса ўтган йилнинг иккинчи ярмида квартиралар нархининг кўтарилиши кузатилди:

- Ўтган йилда квартиралар ўртача 2-3 минг долларга қимматлади. Кейин январ феврал ойларида застой бўлди. Чет эл валютасига оид қабул қилинган қарорлар ва қора бозорда доллар нархининг кескин тушиб-чиқиб туриши натижасида яна бир оз қимматлай бошлади,- дейди маклер.

Маликага кўра, нархларнинг кўтарилишига ўтган йилда Тошкентда пропискага оид янги қарорлар қабул қилингани ва тошкентликлар яқин қариндошларини уйларига прописка қила бошлаши ҳам таъсир кўрсатди:

- Ўтган йилнинг 15 мартида пропискага рухсат берадиган 8 пунктли президент қарори чиққандан сўнг Тошкентда ўзи яшаётган ва қариндошлари вилоятларда бўлган одамлар яқинларини прописка қила бошладилар. Мен шундай одамни биламан. Бизнес қилади. У онасини, ака-укаларини, жиянларини жами бўлиб 16 одамни битта уйга прописка қилиб, ҳаммасини номига квартира сотиб олди. Бу акалар кейин ўз яқинларига уй сотиб оляпти. Бу ҳолат ҳам квартиралар нархининг кўтарилишига сабаб бўляпти,- дейди Малика.

Маклернинг айтишича, пойтахт микротуманларидаги квартиралар нархи марказга нисбатан анча паст юради:

- Масалан Мирзо Улуғбек туманининг сал четроғидаги икки хонали квартираларнинг нархи 25-27 минг доллар. Худди шундай уйлар метрога яқин жойларда 40 минг доллар атрофида. Масалан, куни кеча ЦУМга яқин жойдаги бир хонали квартира 32 минг долларга сотилди. Квартирлар нархи жойига қараб анча фарқ қилади,- дейди маклер Малика.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG