Линклар

Татаристонда ёш қизчани ўлдирганликда айбланган ўзбек иши судга оширилади


Ўзбекистон фуқароси ўлдиргани гумон қилинаётган Василиса Галицина 8 ёшда бўлган.

Ўзбекистон фуқароси ўлдиргани гумон қилинаётган Василиса Галицина 8 ёшда бўлган.

Татаристонинг Набережние Челни шаҳрида 8 яшар Василиса Галицинани ўлдирганликда гумонланиб, қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Фаррух Тошбоевга якуний айблов эълон қилинди. Суд айбдор деб топса, Тошбоев умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.


Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси бўйича Тергов қўмитаси матбуот котиби Андрей Шептицкий Озодликка 8 яшар қизчани ўлдирганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси Фаррух Тошбоевга 28 март куни якуний айблов эълон қилинганини маълум қилди.

- Тошбоевга вояга етмаган шахсни ўғирлаганлик, жинсий зўрлаш, ёш болани ўлдириш бўйича якуний айблов эълон қилинди. Аммо у ўз айбини тан олмади. Яқин фурсатда жарбланувчи томон ва айбланувчи иш билан танишганидан кейин бу иш судга оширилади,- деди Тергов қўмитаси матбуот котиби.

Набережние Челни шаҳридаги мактабнинг иккинчи синф ўқувчиси бўлган Василиса Галицина жорий йил 2 феврал оқшомида мактабдан қайтаётган пайтда бедарак йўқолганидан кейин қидирувга берилган. Орадан бир кун ўтгач, шаҳарнинг бошқа бир мавзеида унга тегишли ашёлар топилган.

5 феврал куни полиция қизчани ўғирлаганликда гумонлаб, 30 ёшли Фаррух Тошбоевни қўлга олган.

Набережние Челни шаҳрида 2010 йилдан бери яшаб, реклама агентлигида ишлаган бу йигит орадан бир кун ўтгач, қилган жиноятига иқрор бўлган ва қизчанинг жасади кўмилган жойни кўрсатиб берган.

Татаристон Республикаси Тергов қўмитаси матбуот хизматига кўра, текширув натижалари қизча кўкрак қафаси, ўпка ва юрагига етказилган жароҳат туфайли кўп қон йўқотиш натижасида жон берганини кўрсатган.

Бундан ташқари Василиса Галицина жасадида бўғиш ва жинсий зўрланганлик излари ҳам аниқланган.

Озодлик радиосининг Набережние Челни шаҳридаги мухбири Ғафиулла Газизга кўра, Тошбоев ҳибсга олинганидан кейин, у психологик экспертизадан ҳам ўтказилган.

- Уни қўлга олишганидан кейин дарҳол Қозон шаҳрига олиб кетишган. Қозонда психологик экспертиза ўтказилган,- деди Ғафиулла Газиз.

Унга кўра, Татаристондаги ахборот воситалари экспертиза натижаси Тошбоев руҳан соғ эканини кўрсатганини хабар қилган. Ўшандан бери ҳуқуқ-тартибот органлари Тошбоевнинг иши бўйича ахборот воситаларига маълумот бермаган.

Набережний Челни шаҳридаги ўзбеклар жамоаси раҳбари Тимур Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда ўз ташкилоти аъзолари Фарруҳ Тошбоевни танимаганларини айтди.

- Ўзимизнинг болалардан ҳеч ким уни танимайди. Биз ҳам уни танимасдик. У фақат ўзбекистонлик. Россияда яшаш учун рухсатнома олган, дейди Тимур Абдураҳмонов.

Татаристон Республикаси Тергов қўмитаси бошқармаси матбуот котиби Андрей Шептицкий, Озодлик билан суҳбатда, агар суд Фаррух Тошбоевни айбдор деб топса, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини айтди.

Озодлик радиоси Ўзбекистон фуқароси Фаррух Тошбоевнинг иши бўйича олиб борилаётган текширув жараёнини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG