Линклар

Наддэл Газиеванинг оиласи адолат қарор топишига умид қилмоқда


Наддэл Газиева 12 ёшда Ўзбекистон шаънини халқаро майдонларда ҳимоя қилиб, спорт рақси бўйича кўплаб совринларни қўлга киритган.

Наддэл Газиева 12 ёшда Ўзбекистон шаънини халқаро майдонларда ҳимоя қилиб, спорт рақси бўйича кўплаб совринларни қўлга киритган.

Чорвоқда ҳалок бўлган ўзбекистонлик 12 яшар спортчи қиз Наддэл Газиеванинг отаси Наил Газиев Озодлик билан суҳбатда фожеадан саккиз ой ўтиб ҳам қизининг ўлимига сабаб бўлганлар жазосиз қолаётганини айтди.


Ўтган йилнинг июл ойида Тошкент вилоятининг Чорвоқ дам олиш масканидаги сув ҳавзасида 12 ёшли ўзбекистонлик спортчи Наддэл Газиева ҳалок бўлган эди.

Катамаранда сайр қилаётган болаларни сув тўлқини билан "сийламоқчи бўлган" безори скутери бошқарувини йўқотиб, уларни уриб юборган. Оқибатда катамарандаги икки бола бошидан жароҳатланган, хушсиз Наддэл шу заҳоти сувга чўкиб ҳалок бўлган.

Спортчи қизнинг жасади ҳодисадан бир ҳафта ўтиб сув ҳавзасидан топилган.

Фожиадан саккиз ой ўтди, лекин болаларни скутерда уриб юборган 19 ёшли Мирзоҳид Тўйчиев ҳам, унга скутерни кирага берганлар ҳам, пляжда хавфсизлик чоралари учун масъуллар ҳам жазога тортилгани йўқ, дейди Наддэлнинг отаси Наил Газиев.

- Декабр ойида бўлиб ўтган суд йигит буни эхтиёткорсизлик туфайли қилган, деган қарорга келди. Лекин биз бу қарордан норозимиз,- дейди Наил Газиев.

Маълум бўлишича, маҳкамада Тошкент вилоят прокуратураси Тўйчиевга камида саккиз йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.

Шунингдек, прокуратура катамаран ва скутерни кирага берганларни ҳам жазолашни талаб қилган.

Лекин, 12 ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлганларга ҳеч қандай жазо тайинланмади, дейди жабрланувчи отаси.

- Ҳозир биз суднинг бу қарори юзасидан шикоят киритганмиз ва айбдорлар жазоланиб, адолат қарор топишига умид қиляпмиз,- дейди Наил Газиев.

Ҳалок бўлган 12 ёшли қизнинг отаси ўспириннинг одамларни ўлдириш нияти бўлмаганига ишонишини, лекин ҳар қандай транспорт воситасини масъулиятсиз бошқарган кимса жазога лойиқ эканини айтади.

- Балки у катамарандагиларни сув тўлқини билан сийламоқчи бўлгандир. Гувоҳларнинг айтишларича, одамлар бундай қилмагин, деб уни бир неча марта огоҳлантиришган, лекин у қулоқ солмаган,- дейди Газиев.

Хабарларга кўра, Наддэлнинг ўлимидан кейин яна шунга ўхшаш вазиятларда 4 киши сувга чўкиб кетиб ҳаётдан кўз юмган.

Наддэл Газиева 12 ёшда Ўзбекистон шаънини халқаро майдонларда ҳимоя қилиб, спорт рақси бўйича кўплаб совринларни қўлга киритган.

Бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони бўлган. Ўтган йили Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кучли ўнликдан жой олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG