Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:40

Маҳалла оқсоқоли кимга қайғуради?


Йиллардан буён газ ва электрга ёлчимаган ўзбекистонликлар дардини оқсоқоллар маҳалладан ташқарига чиқармайди.
Йиллардан буён газ ва электрга ёлчимаган ўзбекистонликлар дардини оқсоқоллар маҳалладан ташқарига чиқармайди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 28 март куни иш бошлаган ўн биринчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлар муҳокама қилиниб, маъқулланди. Янги қонунларга кўра фуқаролар йиғинларининг ўзини ўзи бошқаришига кўпроқ эътибор қаратилади ва оқсоқолларни сайлашда демократик принципларга амал қилиш кучайтирилади.


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28 март кунги йиғилишида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунларни муҳокама қилди.

Бироқ бу қонунларга қандай ўзгартиришлар киритилгани ҳақида ҳозирча батафсил маълумот йўқ.

Ўзбекистон расмийларига кўра, мамлакатда маҳалла институти тўла шаклланиб бўлган. Ўзини ўзи бошқариш органлари орқали қишлоқ ва маҳаллалар обод этилаётгани, фуқаролар арз-шикоятларининг ҳал қилинаётгани Ўзбекистон ОАВда доим ёритиб келинади.

Бироқ, ўзбекистонлик маҳалла фаоллари ўзини ўзи бошқариш органлари шу пайтгача фуқаролар манфаатларини эмас, балки маҳаллий ҳокимиятларнинг буйруқларини сўзсиз бажариб турган органларга айланиб қолганини айтадилар.

Тошкент шаҳрида узоқ йиллар маҳалла оқсоқоли бўлиб ишлаган, бугун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қилаётган маҳалла фаоли Набижон Жўрабоевнинг айтишича, ўзини ўзи бошқариш органлари деб аталадиган қишлоқ ёки маҳалла фуқаролар йиғинларининг бугун фақат номи бор холос:

- Масалан, Ғаллаоролда маҳалла деган сўзни фақат битта нарса билан тушуниш мумкин. Яъни, маҳалла раиси эртадан то кеч ҳокимнинг айтганини бажарувчи бир мулозим. Агар у ҳокимнинг айтганини қилмаса ўша куни унинг думи тугилади. Масалан, бизнинг ҳоким “Маданият” қишлоқ фуқаролар йиғини раисини бир йилда 13 марта алмаштирган. “Аламли” қишлоқ фуқаролар йиғинида эса беш марта раис алмашди. Ғаллаоролда маҳалла раисларининг вазифаси металлаломга пул йиғиш, обунага пул йиғиш, ҳокимнинг айтганини сўзсиз бажариш. Фуқароларнинг дарду –ҳасрати билан ҳеч кимнинг иши йўқ,- дейди Набижон Жўрабоев.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига биноан оқсоқолнинг ваколатларидан бири “фуқароларни қабул қилади, фуқароларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқади, улар юзасидан зарур чоралар кўради.

Бироқ, Наманган туманининг Поп туманида истиқомат қилувчи маҳалла фаолларидан бири 67 ёшли Баҳодир аканинг айтишича, маҳалла оқсоқоллари ўзларининг бундай вазифаси борлигини унутиб қўйган:

- Халқнинг муаммоларини ҳал қилиш қаёқда. Нуқул сурати бор маҳалла оқсоқолларини. У маҳаллалардан гўнг йиғиб фермер даласига олиб чиқишни уюштиради, аёллар бола нафақасига борса бунча металлалом олиб келасан дейди, пахта пайтида одамларни пахтага ҳайдайди. Шуми энди оқсоқолнинг вазифаси,- дейди поплик маҳалла фаоли Баҳодир ака.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига биноан раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчиларини фуқаролар йиғини (йиғилиши) тегишли туман, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда сайлайди.

Ғаллаороллик маҳалла фаоли Набижон Жўрабоевга кўра, айнан ушбу модданинг қонунда борлиги ўз ўзини бошқариш органларининг қўл-оёғини боғлаб қўйган:

- Бу ўз-ўзини бошқариш органи. Умуман ҳокимиятдан чиқариш керак буни. Ҳокимиятга бўйин эгмайдиган қилиш керак. Ўшандагина маҳалла ривожланади. Ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашади. Менимча, фақат Тошкентда тартиб бор, қолган вилоятларда эса маҳалла органлари ҳокимиятнинг малайига айланиб бўлган,- дейди ғаллаороллик маҳалла фаоли Набижон Жўрабоев.
XS
SM
MD
LG