Линклар

logo-print

Швециянинг TeliaSonera компаниясига кўра, мамлакат прокуратураси телеком ширкатининг Ўзбекистондаги фаолиятини расман тафтиш қила бошлаши тўғрисида огоҳлантирган. TeliaSonera пайшанба куни эълон қилган баёнотда айтилишича, расмий тафтиш ширкатнинг жаримага тортилиши ёки унинг активлари музлатилишига олиб келиши мумкин.


TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес бошлаш учун мамлакат президенти оиласи, хусусан, унинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганликда гумон қилинмоқда. Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер Озодлик радиосига телеком ширкати баёнотини бундай тушунтирди.

- Ҳа, мен ҳақиқатан TeliaSonera ширкати активлари мусодара қилиниши мумкинлигидан уларни хабардор қилдим. Ширкат бунга оид пресс-релиз эълон қилди. Чунки қонунга кўра, TeliaSonera бозор иштирокчиларини бундан хабардор қилиши керак,- деди прокуратура терговчиси.

TeliaSonera пайшанба куни эълон қилган баёнотида, ширкатга нисбатан илгари сурилаётган “пора беришга оид жиддий айбловлар” юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида прокуратуранинг огоҳлантируви одатдаги қонуний чорадир, дейилади.

"TeliaSonera ўзига қўйилаётган айбловларга қарши чиқишда давом этади ва давом этаётган ҳуқуқий жараёнлар коррупцияга оид иддаолар асоссизлиги кўрсатади, деган ишончдамиз", дейилади яна баёнотда.

Швеция прокуратураси ўтган йил сентябрида очган жиноят иши доирасида катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига, воситачи ширкатлар орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид идаолар тергов қилинмоқда.

Бу иддаолар илк бор сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Декабрда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга бериб, бу ишга оид янги тафсилотларни ошкор қилди.

Гулнора Каримованинг ўзи бу иддаоларни рад қилиб келади. TeliaSonera ширкатининг ўзи ҳам мазкур айбловлар юзасидан ўтказилган ички тергов ҳисоботи феврал ойида эълон қилинди. Унда ширкат ижрочилари бошқарувда камчиликларга йўл қўйгани, лекин TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганини тасдиқловчи далиллар топилмаганини хулоса қилинган. Шунга қарамай, ҳисобот эълон қилиниши ортида ширкат президенти Ларс Нюберг истеъфога кетган эди.

Швеция прокуратураси ўрганаётган жиноий иш бўйича Гулнора Каримовага яқин шахслар экани айтилган Ўзбекистон фуқаролари Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашевлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG