Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Қирғизистонда даъватчиларнинг кимлиги ўрганилди


Қирғизистон муфтийси парламентда “Таблиғи жамоат”нинг экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилишига қаршилик кўрсатганидан сўнг Бишкекдаги Америка университети мутахасислари мазкур оқим фаолиятини тадқиқ қилдилар.

Бундан бир ой олдин Қирғизистон парламентида мамлакатдаги диний вазият муҳокама қилинган ва ҳуқуқ -тартибот тузилмалари “Таблиғи жамоат” ташкилотини тақиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифини кун тартибига қўйган эди. Қирғизистон муфтийси Рахматулло ҳожи Эгамбердиев ўшанда парламентда қилган чиқишида таблиғчиларнинг экстремист ёки террорчи эмаслигини айтиб, ҳимоя қилган, оқибатда кучишлатар тузилмаларнинг мазкур ташкилотни таъқиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифи инобатга олинмай қолган.

Шундан сўнг Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университети мутахасислари “Таблиғи жамоат” фаолиятини ўрганди. Тадқиқотчиларнинг билдиришича, бугунги кунда “Таблиғи жамоат” Қирғизистоннинг барча вилоятларида кенг томир отган. Вилоятларда бу жамоа аъзолари даъватчилар сифатида танилган.

-“Таблиғи жамоат” Қирғизистонда қандай пайдо бўлди, у маҳаллий аҳолига қандай таъсир кўрсатмоқда ва аҳоли орасида қандай обрўга эга деган саволларга жавоб қидирдик. Бундан ташқари даъватчилар аёлнинг исломдаги ва жамиятдаги ўрнини қандай тушунтиради, деган масалани ҳам ўргандик. Учинчидан, даъватчилар ва ҳукумат ўртасидаги муносабатга ҳам эътибор қаратдик, -деди тадқиқотчилардан бири Мукарам Токтогулова.

Тадқиқотда айтилишича, “Таблиғи жамоат” 1927 йилда Ҳиндистонда Илёс Кандеҳлави томонидан тузилган. Дастлабки таблиғчилар Қирғизистонда 1990 йилда пайдо бўлган. Бугунги кунда мазкур оқим аъзолари сони Қирғизистонда камида 6 минг кишини ташкил этади. Биргина 2012 йилда таблиғчилар томонидан 600 маротаба қирқ кунлик даъват тадбирлари ўтказилган.

Тадқиқотчиларга кўра, жамоа томонидан экстремистик ғоялар тарғиб қилингани аниқланган эмас.

Тадқиқотчилар фикри Қирғизистон муфтияти позицияси билан ҳамоҳанг бўлса-да, айрим ҳукумат ташкилотлари, жумладан, кучишлатар тузилмалар “Таблиғи жамоат” фаолиятини чеклаш зарур деган нуқтаи назарда қолмоқда.

Айрим таблиғчилар даъватга кетаётган пайтда оила аъзоларини пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолдираётгани, даъватга чиққанларнинг узун кўйлак кийишлари ва бетартиб сақол қўйишлари ҳам жамиятнинг бир қисмига ёқмаяпти.

Бироқ “Таблиғи жамоат” оқими вакили Қамчибек Ўмурзаков даъватчиларга нисбатан пайдо бўлган бу каби қарашлар нотўғри эканини айтди:

-Ҳар бир оилада бир аҳмоқ бўлиши мумкин. Улар бирор камчиликка йўл қўйса, дарров “Таблиғи жамоат” мана шундай ёмон экан деган хулосага келиш керак эмас, - деди “Таблиғи жамоат” вакили.
XS
SM
MD
LG