Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

“Ucell” мижозлар ҳаққидан ураётгани исботланди


Наманганда милиция офицери 1800 доллар пора билан қўлга тушди. Қашқадарёда бензин нархининг асоссиз ошиши кузатилмоқда. Тошкентга Уссур йўлбарслари оралади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сирдарё давлат экспертизаси бошлиғи пора учун қамалди”

Сирдарё вилояти давлат экспертиза бошқармаси бошлиғи Зокир Тошқўзиев порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилди (“Адолат кўзгуси”, 28 март). Қайд этилишича, қурилиш-таъмирлаш бўйича лойиҳа-сметаларни экспертизадан ўтказиб, баҳолашга масъул мансабдор пора эвазига биноларни аслидан баланд нархга баҳолаб келган.

Шунингдек, бошқармага қарашли катта миқдордаги мулк ва маблағларни ўзлаштирган. Ҳужжатларни сохталаштириш орқали ишламаган ходимларга ёзилган ойлик маошларни чўнтагига урган. Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди Тошқўзиевни 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этган.

“Ucell” мижоз ҳаққига хиёнат қилган”

Ўзбекистонда “Ucell” савдо белгиси остида хизмат кўрсатаётган “Сoscom” хориж ширкати мижозлар ҳаққидан уриб қолаётгани аниқланди (“Истеъмолчи”, 28 март). Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи фуқаро А.Қувватов “Ucell” ширкати ундан ортиқча ҳақ олаётганидан шикоят қилиб, монополиядан чиқариш идорасига мурожаат қилган. Расмий идора ўрганишларидан кейин уяли алоқа ширкати ҳақиқатан ҳам фуқародан 18,54 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни асоссиз олиб қолгани исботланган. Сўнгги пайтларда мижозлар орасида уяли алоқа ширкатлари мўлжалдагидан кўпроқ ҳақ олаётгани борасидаги эътирозлар кўпаймоқда.

“Бензин нархининг асоссиз оширилиши кузатилмоқда”

Давлат нархи 1645 сўм бўлган АI-80 бензини Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 2300-2500 сўмдан сотилмоқда (“Новый век”, 28 март). Масалан, Қашқадарёдаги ёқилғи қуйиш шахобчаси вакили “Бензин нархи нега оширилди?” деган cаволга “Бизда доим шундай, харажат кўп, ўзингиз тушунасиз...” деб жавоб берган. “Нафсиламрини айтганда, Самарқанддан Сурхондарёгача бензинни давлат ўрнатган нархда тополмадик. Шу ўринда савол туғилади: мамлакатда ёқилғи нарху навосини ким назорат қилади: давлатми ёки шахобча эгаларими? Бу борадаги вазиятни тартибга соладиган давлат идораси борми ўзи?” дея савол қўяди муаллиф Саид Камолов.

“Милиция офицери 1800 доллар пора билан қўлга тушди”

Наманган вилояти жазони ижро этиш муассасасида ишлаётган милиция зобити порахўрлиги учун қўлга олинган (“Ҳуқуқ оламида”, 28 март). Исм-шарифи ошкор этилмаган офицернинг Наманган вилояти ички ишлар идораларига ишга жойлаб қўйиш ваъдаси билан бошқа бир фуқародан 1800 доллар пора олган. Республика прокуратураси катта терговчиси Баҳромбек Ярашевга кўра, “кўк иблиснинг доимига илинган нуфузли идоранинг обрўли ходими” жинояти вақтида бартараф этилган.

“Эр-хотиннинг ўртасига тушган фуқаро чавақланди”

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида яшовчи Ҳ.Дадабоев жанжаллашаётган эр-хотиннинг ўртасига тушиб ҳалок бўлди (“Диёнат”, 28 март). Ёзилишича, фуқаро Ҳусан Жўраев маст ҳолда шаръий хотини С.Азимовани калтаклаган, бўйнига пичоқ тираб, сўйиб ташлаш билан қўрқитган. Уларга қўшни бўлган Дадабоев жанжалкашларни ажратиш учун уйга кирган. Аммо аввал ҳам бир неча марта қамалган Жўраев қўшнисини шафқатсизларча ўлдирган. Вилоят прокуратураси вакили М.Бобомирзаевга кўра, бешинчи марта судланган Жўраев 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Фуқаро эмас, газ идораси қарздор бўлиб чиқди”

Мамлакатнинг турли ҳудудларида газдан асоссиз қарздорлик, босим пастлиги, таъминотдаги узилишлар борасида фуқаролар мурожаати ошиб бормоқда (“Даракчи”, 28 март). Аҳолининг маҳаллий ҳокимиятларга мурожаати эса айрим ҳолларда эътиборсиз қолдирилмоқда. Нашр газ таъминоти соҳасини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. “Истеъмолчи” газетаси эса бу борада қатор мисоллар келтиради. Масалан, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Фарғона шаҳар Ҳ.Олимжон кўчаси, 14-уйда яшовчи А.Аминовга 7 миллион сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблаган. Текширувлардан кейин фуқародан қарздор эмас, ҳақдор экани аниқланган.

“Ўқитувчиларни ғалвирга солиш пайти... яқин”

Республика мактаб ва коллежларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг билими талаб даражасида эмас. Бу эса ўқувчиларнинг адабиёт бўйича оқсашига олиб келмоқда (“Ёшлик” журнали, 2013 йил 2-сон). “Республика мактаб, коллеж ва лицейларидаги тил ва адабиёт ўқитувчиларининг тенг ярмини мен ҳайдовчига ўхшатаман. Улар диплом олгач, бадиий асар ўқиш ва ёдлашни йиғиштириб қўйиб, фақат тирикчилик кўйида куймаланадилар. Лекин уларни ҳам ғалвирга солиш пайти яқинлигини қайд этгим келади. Ўзига талабчан бўлмаган адабиёт ўқитувчисига куни қолган миллатга раҳмим келади” дейди адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Ваҳоб Раҳмонов. Тадқиқотчи чала билим билимсизликдан ҳам хавфли эканини таъкидлайди.

“Тошкентга Уссур йўлбарслари оралади”

Тошкент циркида “Уссур йўлбарслари” номли янги дастур намойиш этилмоқда (“XXI аср”, 28 март). Газетага кўра, ёш томошабинлар таниқли ҳайвон ўргатувчилар тайёрлаган антиқа чиқишларга гувоҳ бўлмоқда. Дастур доирасида Ўзбекистон халқ артисти Х.Зарипов бошчилигидаги чавандозлар, Н.Алиев раҳбарлигидаги дорбозлар ҳам томоша кўрсатмоқда. Йўлбарслар иштирокидаги дастур 31 мартга қадар давом этиши маълум қилинган.
XS
SM
MD
LG