Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:07

Ўзбекистон ўз халқаро тижорат арбитражини ташкил қилиши мумкин


Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро арбитраж судига мурожаат қилглан хорижий ширкатлар орасида Британиянинг Oxus Gold ширкати ҳам бор.
Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро арбитраж судига мурожаат қилглан хорижий ширкатлар орасида Британиянинг Oxus Gold ширкати ҳам бор.

Ўзбекистон ҳукумати “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Расмий матбуот ҳукуматдаги манбага таяниб, берган хабарга кўра, бундай қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий ширкатларнинг хорижий ҳамкорлар билан чиқадиган низоларни ҳал қилишнинг самарали механизмини яратиш имконини беради. Айтилишича, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига кейинги йилларда хорижий компанияларнинг Ўзбекистон устидан халқаро судларга мурожаат қилаётгани сабаб бўлган.



Ўзбекистон хорижий инвесторлар билан чиқадиган низоларни ҳал қилишда 1965 йилда қабул қилинган Вашингтон конвенциясига амал қилади. Ўзбекистон ратификация қилган мазкур конвенцияга биноан хорижий сармоядор билан давлат ўртасида чиқадиган низолар юзасидан томонлар қароргоҳи Вашинтонда жйолашган Қайта қуриш ва тараққиёт Халқаро банки қошидаги арбитраж судига ёки бошқа халқаро ҳакамлик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда, албатта, ҳар қандай низо халқаро арбитражда кўриб чиқлишига оид банд томонлар имзолаган шартномада тегишли тарзда белгиланган бўлиши керак. Ёки низолашувчи томонлар, низо халқаро арбитражда ҳал қилинишига ёзма тарзда розилик беришлари керак.

Ўзбекистонда чиқадиган “Новый Век” нашрининг хабар қилишича, ҳукуматнинг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш бошлашига кейинги йилларда хорижий инветсорлар расмий Тошкент устидан халқаро арбитраж судларига мурожаат қилиши ҳоллари кўпайгани сабаб бўлган.

Халқаро арбитраж судига мурожаат қилган хорижий ширкатларга Британиянинг Oxus Gold, Исроилнинг Metal-Tech, Ҳиндистоннинг Spentex Industries Ltd., Жанубий Кореянинг Kabool textiles каби ширкатларини мисол қилиш мумкин.

Бу ширкатларнинг барчаси Ўзбекистонга миллионлаб доллар сармоя олиб кирган ва охир-оқибат бу мамлакат ҳукумати ҳаракатларидан миллионлаб доллар зарар кўриши ортидан халқаро ҳакамлик судларига мурожаат қилган.

Бу эса, албатта, Ўзбекистон ҳукматининг халқаро майдондаги имижига салбий таъсир қилган. “Новый Век” нашрига гапирган ҳукумат манбаси, янги қонун “хорижий ҳамкорлар ва халқаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг бошқа иштирокчилари ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг самарали механизмини яратиш имконини беради”, дея таъкидлаган.

Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциацияси мутахассиси Дониёр Иброҳимовнинг Озодликка айтишича, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу йилнинг иккинчи ярмида парламент муҳокамасига тақдим этилиши ва келаси йил бошида маъқулланиши кутилмоқда. Қонун қабул қилинса, дейди суҳбатдошимиз, Ўзбекистон ҳудудида халқаро арбитраж ишлари кўриб чиқилиши мумкин.

- Шунга асосан бизнинг Ўзбекистонда ҳам халқаро арбитраж судлари фаолият юритиши мумкин бўлади. Ҳозиргидан фарқли иккита асосий жиҳатини айтаман сизга. Бу судда фуқаролигидан қатъий назар шахслар судя сифатида иштирок этиши мумкин. Нафақат Ўзбекистон фуқаролари балки ҳар қандай давлат фуқаролари. Иккинчиси ҳар қайси давлатнинг қонунига асосан, масалан, тарафлар танлаган ҳуқуқ тизимини қўллаш мумкин бўлади. Фақат Ўзбекистон қонунига асосан низони ҳал қилмасдан улар келишган бўлса, айтайлик, “Франция қонуни бўйича низомиз ҳал бўлади” деса, шу қонунчиликни қўллаган ҳолда ҳал қилиш мумкин бўлади,- дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Россия савдо-саноат палатаси қошидаги Халқаро тижорат арбитражи эксперти Антон Бенов Ўзбекистонда халқаро ҳакамлик институти жорий қилиниши, хорижий инвесторлар билан маҳаллий шикратлар ўртасидаги низо автоматик тарзда бу мамлакатда ҳал қилинади дегани эмас, дейди.

- Ҳакамлик судлари ҳақида гап кетганда, низолашувчи томонлар ўзлари истаган судга эмас, аввалдан, шартномада келишиб олинган жойга мурожаат қилишлари шарт. Ўзбекистонда халқаро ҳакамлик тизимининг жорий қилиниши низолар мамлакат ҳудудида кўриб чиқлиши учун етарли бўлмайди. Бунинг учун Ўзбекистон томони хорижий ширкатлар билан келиб чиқадиган низолар, Лондон, Москва, Вашингтон ёки бошқа жойда эмас, Ўзбекистон халқаро арбитраж судида кўриб чиқлишига тегишли халқаро тузилмалар розилигини олиши керак бўлади,- дейди халқаро арбитраж бўйича мутахассис.

Бундан ташқари, янги қонун шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро тижорат арбитражларига берилган шикоятлар бўйича суд ишларининг Ўзбекистонга қайтарилишини кафолатламайди.

- Йўқ, у ишлар автомат Ўзбекистонга қайтмайди. Чунки тарафлар бошида қайсидир чет эл судининг ҳал қилувчи жой сифатида тан олишган ва шунга келишишган. Агарда кейинчалик ўзлари яна шартномасига ўзгартириш киритиб, келишув билан “Энди у суд эмас Ўзбекистондаги суд ҳал қилади” деган тақдирдагина бу иш Ўзбекистонда кўрилиши мумкин бўлади. Ўз ўзидан Ўзбекистонда кўрилади деган нарса эмас,- дейди арбитраж тизими бўйича ўзбекистонлик эксперт Дониёр Иброҳимов.

Халқаро тижорат арбитражи давлат иштирокидан ҳоли бўлган ҳакамлик судлари ҳисобланади. Бундай судларда халқаро тижроат шартномалар доирасида чиқадиган низолар ҳал қилинади. Бу судлар, шунингдек, давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқадиган ҳакамлик судларидан фарқ қилади.

Собиқ иттифоқ давлатлари орасида Халқаро тижроат арбитражи тизимлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус, Украина каби мамлакатларда ташкил қилинган.
XS
SM
MD
LG