Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Хоразмда бензин чайқовчилиги АЁҚШларда ҳам авж олмоқда



Хоразмда бензин чайқовчилиги автомобил ёқилғиси қуйиш шохобчаларига ҳам етиб келди. Бензин тақчил Хоразм вилоятида шу кунларда бензин АЁҚШларда "шапка" билан сотилмоқда.

Хоразмда бензинни ноқонуний равишда баланд нархда олиб-сотиш ҳоллари автомобил ёқилғиси қуйиш шохобчаларида ҳам авжига чиққан.

Хивалик ҳайдовчи Ҳакимжон шаҳардаги АЁҚШларда бензини устига нарх қўйиб сотишаётгани гувоҳи бўлганини айтади:

- Заправкага борсанг, фақат 10 литр берaяпти. Давлат нархи 1850 сўм бўлган бензинни заправкада узоқ навбатда туриб оласиз. Шунда ҳам фақат 10 литр беради, ҳар литрига 150 сўм миндириб, 2000 сўмга беради. 10 литрдан кўпроқ сўрасанг¸ нархи яна ошади, 2200 сўм дейди, яна кўпроқ оламан десанг¸ нархни яна кўтаради. Берсанг бер, бўлмаса бензин йўқ, бор қаерга борсанг бор, деган гапни эшитасиз¸ дейди хивалик ҳайдовчи Ҳакимжон.

Бундан ташқари ёқилғи қуйиш шохобчаларида харидорлардан пластик карточка орқали тўлов қабул қилишдан воз кечиш ва фақатгина нақд пулга савдо қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади¸ деб давом этади суҳбатдош:

- Карточка умуман олмайди. Чунки карточка билан устига қўйиб сотолмайди, фақат нақд берасан, дейди. 10 литр олсанг 2000 сўм, 20 литр 2200 сўм, 30 литр сўрасанг нархи 2500 сўмга чиқади, дейди Ҳакимжон.

Хоразмда автомобил ёқилғиси қуйиш шохобчаларида бензин чайқовчилиги авжига чиққанини ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов ҳам тасдиқлайди.

- Ҳақитатан заправкаларга келаётган бензин қўшимча нархларда сотилмоқда. бутун вилоятда шу аҳвол. Буни назорат қиладиган ҳеч ким йўқ. Ҳар ким хон¸ ўзи султон. Менимча¸ буларнинг ўзлари шундай сунъий дефицитни яратишяпти. Келадиган 5 тонна бензинни 2 тоннасини сотиб, қолганини кўчадаги бензинфурушларга бериб юбораяпти. Уларни қўлидаги нархи 3000 сўмгача боради, дейди Ёқубов.

Озодлик манбаларига кўра¸ автомобилига бензин қуйиш учун келган оддий одамларнинг сабри чидаганлари кутади, сабрсизлари эса навбатни кўриб қайтиб кетишади ва олибсотарларга мурожаат этишга мажбур бўлишади.

Вилоят расмийлари бензин чайқовчилиги борлигини рад этишса-да, кўча-кўйда бензин савдоси авжида:

- Бензин 2900 сўм. Бизда доим бор. Заправкада навбатга турасиз, бизда ўзимиз қуйиб берамиз, дейди халқ орасида “Қувайт” номини олган Урганчдаги Маърифатчилар кўчасида бензин сотаётган Азамат.

Расмийлар Ўзбекистон бўйлаб бир неча ойдан бери кузатилаётган ёқилғи тақчиллигининг сабаблари ҳақида шу вақтгача изоҳ бермаганлар.

Бензин тақчиллиги сабабларини Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳам, Хоразм "Нефтбаза"си идораси расмийлари ҳам тушунтириб бера олишмади.

- Нефтбаза бензинни заправкага чиқаради. Кунора чиқиб турибди. Бензин тақчиллигининг сабабини билиш учун вилоят ҳокимига чиқасиз, деди Хоразм "Нефтбаза"си идораси расмийси.

Хоразм вилояти ҳокимлигидагилар эса Озодлик мухбирига бу юзадан изоҳ бера олмасликларини айтишди.
XS
SM
MD
LG